Dolzarb mavzu, Konstitutsiyaviy huquq, Maqolalar

Пахта теримида нохуш воқеалардан азият чекканлар моддий ва маънавий зарарни қандай ундириши мумкин? (Иккинчи мақола)

Читайте эту статью на русском

Биринчи мақола: Пахта теримида содир бўлган нохуш воқеалар учун жавобгарлик борми?

Аввалги мақоламизда ўқувчиларимиз эътиборини пахта даласида нохуш воқеа содир бўлганда ким қандай жавобгарликка тортилиши мумкинлиги масаласига қаратган эдик. Мазкур мақолада ушбу нохуш воқеалардан азият чекканлар учун товон пулини қандай ундириш масаласига қаратамиз.

Амалдаги қонунчиликда ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган мулкий ва номулкий зарарни қоплаш ҳуқуқи мавжуд. Етказилган зарар моддий ёки маънавий кўринишда бўлиши мумкин.

Моддий зарарни ундириш тартиби

Жиноят Процессуал Кодексининг 275-моддасига кўра, бевосита жиноят туфайли фуқароларга етказилган мулкий зиённи қоплаш, шунингдек, жабрланувчини дафн этиш ёки унинг стационарда даволаниш харажатларини ҳамда суғурта тариқасида унга тўланган пул, нафақа ёки пенсия пулини ундириш тўғрисидаги фуқаровий даъволар жиноят процессида кўрилади. Агар жиноят процессида фуқаровий даъволар, масалан, моддий ёки маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги даъволар кўрилмай қолиб кетган ёки даъвогар зарарни қоплашни сўрамаган бўлса ҳамда жиноят иши кўриб чиқилган бўлса, алоҳида фуқаролик судларига моддий ёки маънавий зарарни ундиришни сўраб даъво аризаси билан мурожаат қилиш мумкин.

Жиноят содир этиш натижасида мол-мулки йўқолган ёки шикастланган шахс вафот этган тақдирда, унинг меросхўрлари жиноят процессида фуқаровий даъво қўзғатиш ҳуқуқига эга бўлади. Фуқаровий даъво ёзма шаклда ҳам, оғзаки шаклда ҳам қўзғатилиши мумкин. Фуқаровий даъво қўзғатилиши, унинг кўриб чиқилиши ва ҳал қилиниши учун давлат божи ундирилмайди.

Масалан, пахта даласига мажбурлаб олиб чиқилган мактаб ўқувчиси пахта терими давомида вафот этса, унинг ота-онаси тегишли давлат органи мансабдор шахсларига, мактаб маъмурияти, доктор/ҳамширага қарши Жиноят Кодексининг 117 (хавф остида қолдириш), 205 (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 206 (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) ва/ёки 207 (мансабга совуққонлик билан қараш) каби моддаларига асосланиб жиноий иш қўзғаши мумкин (Бундай ҳолатларда кимлар жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида ўқинг: Пахта теримида содир бўлган нохуш воқеалар учун жавобгарлик борми?).

Суд жиноят ишини кўриб чиқаётганда, вафот этган боланинг ота-онаси томонидан қўзғатилган фуқаровий даъвони ҳам кўриб чиқиши мумкин. Мазкур тартибда ота-она вафот этган болани дафн этиш ёки уни касалхонага ётқизиш, ҳаётини сақлаб қолиш учун қилинган барча харажатларнинг ундирилишини талаб қилиши мумкин.

Маънавий зарарни ундириш тартиби

Фуқаролик Кодексининг 11-моддасига биноан, фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳолатни тиклаш, зарарни тўлаш ва маънавий зиённи қоплашни ҳам ўз ичига олади.

Амалдаги қонунчиликда “маънавий зарар” тушунчасига таъриф берилмаган. Аммо Олий Суд Плануми қарорига кўра, “маънавий зарар” бу жабрланувчига қарши содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракати (ҳаракатсизлик) оқибатида у бошидан кечирган маънавий ва жисмоний (камситиш, жисмоний оғриқ, зарар кўриш, ноқулайлик ва бошқа) азоблардир. Масалан, пахта теришга мажбур қилинганлик, ҳеч қандай жисмоний зарар етказмаган бўлса ҳам, маънавий азоб бериши мумкин. Чунки фуқаро ўз истагига қарши пахта теришга мажбур қилиняпти. Шу билан бирга, пахта теримига жалб қилинган кишиларнинг иситилмаган хоналарга жойлаштирилиши, оддий санитария талабларига жавоб берадиган ҳожатхоналарнинг йўқлиги каби ҳолатлар кишига тўғридан-тўғри азоб бермаса ҳам, маъваний зарар етказиши мумкин.

Фуқаролик Кодексининг 1021-моддасига биноан, маънавий зарар етказганлик учун жавобгарликнинг келиб чиқишига асос бўлувчи шартлардан бири зарар етказувчининг айби ҳисобланади. Демак, маънавий зарар қопланишини талаб қилиш учун кишига нисбатан ғайриқонуний ҳаракат ёки ҳаракатсизлик содир этилган бўлиши керак. Бундай ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) киши ҳаёти, соғлиғи, қадр-қиммати, шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, мулк ҳуқуқи каби манфаатлардан биттаси ёки бир нечтасига қарши қаратилган бўлиши мумкин. Шу билан бирга, маънавий зарар қуйидаги ҳолатларда ҳам етказилиши мумкин: яқин қариндошни йўқотиш сабабли маънавий қайғуриш (масалан, юқорида сўз кетган пахта даласида вафот этган бола ота-онасининг қайғуриши), ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини давом эттира олмаслик (масалан, жабрланувчи пахта даласида кўриш қобилиятини йўқотса ёки бошқа турдаги ногиронликка учраса), ишини йўқотиш, маълум бир ҳуқуқдан маҳрум бўлиш, соғлиққа етказилган зиён ва ҳкз).

Меҳнат Кодексининг 112-моддасига мувофиқ, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганда ёки асоссиз равишда бошқа бўлимга ўтказилганда ходимга етказилган маънавий азобларни қоплашни суд иш берувчига юклаши мумкин. Фуқаролик Кодексининг 989-моддаси 1-қисмига кўра, юридик шахс ёхуд фуқаро ўз ходими меҳнат мажбуриятларини бажариб турган вақтида етказилган зарарни қоплайди. Олий Суд Пленуми қарори кўра, мазкур қоидада айтиб ўтилган “зарар” ичига маънавий зарар ҳам киради.

Баъзи ҳолатларда маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар қопланади (1021-модда, Фуқаролик Кодекси). Шундай ҳолатларга, жумладан, қуйидагилар киради:

– Зарар фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига ошиқча ҳавф манбаи томонидан етказилган бўлса;

– Зарар фуқарога уни қонунга хилоф тарзда ҳукм қилиш, қонунга хилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишни ёки муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олишни қонунга хилоф тарзда қўлланиш, қонунга хилоф тарзда маъмурий жазо қўлланиш ва қонунга хилоф тарзда ушлаб туриш натижасида етказилган бўлса.

Масалан, пахта тераётган кишини трактор (ошиқча хавф манбаи) босиб кетса, ҳайдовчининг айбидан қатъи назар, маънавий зарар тўланишини талаб қилиш мумкин. Ёки автоулов ҳайдовчисига ДАН ходими пахта териш ёки пахта теримига тегишли ишни қилишдан бош тортгани учун маъмурий жазо қўлласа ёки автоуловини қонунга хилоф тарзда ушлаб турса, бу ҳолатда ҳам маънавий зарар ундирилишини талаб қилиш мумкин.

Маънавий зарар миқдорини аниқлаш

Маънавий зарар пул билан қопланади (1022-моддаси, Фуқаролик Кодексининг). Маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусиятига, шунингдек, айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб суд томонидан аниқланади. Зарарни қоплаш миқдорини аниқлашда оқилоналик ва адолатлилик талаблари эътиборга олиниши лозим. Маънавий зарар тўланиши лозим бўлган мулкий зарар қанча бўлишидан қатъи назар қопланади.

Олий Суд Плануми қарорига биноан, суд жабрланувчига жисмоний ва маънавий азоблар етказилганини қандай асосга кўра тасдиқланишини, у қандай ҳолатларда ва қандай ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) билан етказилганлигини, зарар етказувчининг айб даражаси, жабрланувчи қандай маънавий ва жисмоний азоблар тортганини, уни қоплашни қандай миқдорда баҳолаш ва низони ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатларни аниқлаши зарур.

Маънавий зарар миқдорини белгилашда суд жабрланувчига етказилган зарар даражасини кўрсатувчи объектив маълумотлар билан бирга, жабрланувчининг субъектив баҳосини ҳам эътиборга олади.

Агар маънавий зарар бир неча кишининг биргаликдаги ҳаракатлари туфайли етказилган бўлса, жабрланувчи уларнинг ҳаммасини шериклик тарзида ёки ҳар биридан алоҳида маънавий зарар ундирилишини талаб қилиши мумкин (1000-модда, Фуқаролик Кодекси).

Масалан, пахта даласида содир бўлган нохуш воқеа сабабли туман ҳокими, милиция ходими ва мактаб директори жиноий жавобгарликка тортиладиган бўлса, моддий ва/ёки маънавий зарар кўрган киши уларнинг ҳаммасини шериклик тарзида ёки ҳар биридан алоҳида маънавий зарар ундирилишини талаб қилишга ҳақли.

Фуқаролик Кодексининг 163-моддаси, 1-қисмига мувофиқ, маънавий зарарни ундириш ҳақидаги талабларга даъво муддати жорий қилинмайди. Демак, сизга етказилган маънавий зарарни исталган пайтда, бўлиб отган воқеага 10 йил, 20 ёки унда кўп муддат бўлган бўлса ҳам, зарарни ундиришни сўраб судга мурожаат қилишингиз мумкин.

Comments are closed.