© Photo Thomas Grabka
Читайте эту статью на русском
Болалар кўтариши мумкин бўлмаган оғирликлар нормалари “18 ёшга тўлмаган шахслар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган оғир юк нормаларининг чегарасини белгилаш тўғрисидаги Низом”да белгилаб қўйилган. Унга кўра, 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахслар иш вақтининг учдан бир қисми юкларни кўтариш ва ташиш билан боғлиқ ишлардан иборат бўлганда, улар учун юк кўтариш ва ташиш нормаларининг чегараси ушбу Низомда белгиланган меъёрдан ошиб кетмаслиги керак.
16-18 ёшгача бўлган шахсларнинг иш вақти фақат (Ташаббус изоҳи: тахминан, 8 соат) юкларни қўлда кўтариш ва ташиш билан боғлиқ бўлган ишлардан иборат бўлганда, улар учун юк кўтариш ва ташиш нормасининг чегараси 4,1 кг. дан оғир бўлмаслиги, шунингдек, улар аравача ва вагонетка ёрдамида юк ташиш ишларига жалб этилмаслиги лозим.
16 ёшгача бўлган вояга етмаганлар иш вақтининг 3 дан 1 қисми (Ташаббус изоҳи: тахминан 2. 5 соат) юкларни қўлда кўтариш ва ташиш билан боғлиқ ишлардан иборат бўлганда, қўлда юк кўтариш ва ташиш нормаларининг чегараси ўғил болалар учун — 6,5 кг. қиз болалар учун — 3,5 кг. дан оғир бўлмаслиги лозим.
16 ёшгача бўлган вояга етмаганларнинг иш вақти фақат юкларни қўлда кўтариш ва ташиш билан боғлиқ ишлардан иборат бўлганда, улар учун юк кўтариш ва ташиш нормасининг чегараси 2 кг дан оғир бўлмаслиги лозим.
Иш вақтининг учдан бир қисми юкларни кўтариш ва ташиш билан боғлиқ ишлардан иборат бўлганда, 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахсларнинг юк кўтариш ва ташиш нормаларининг чегараси қуйидаги жадвалда тўлиқ келтирилган:
Кўтариш ва ташиш турлари | Юк нормасининг чегараси | Кўтариш ва ташиш шартлари | |
ўғил болалар учун | қизлар учун | ||
Қўлда | 13 кг гача | 7 кг гача | қиялик баландлиги 0,01 дан юқори бўлмаганда рухсат этилади |
Бир ғилдиракли аравачада | 39 кг гача | қизларга рухсат этилмайди | қиялик баландлиги 0,02 дан юқори бўлмаган фақат тахтали йўлакда ҳаракатланишга рухсат этилади |
Икки ғилдиракли аравачада | 47 кг гача | қизларга рухсат этилмайди | қиялик баландлиги 0,02 дан юқори бўлмаган текис йўлда ҳаракатланишга рухсат этилади |
қиялик баландлиги 0,01 дан юқори бўлмаган нотекис йўлда ва кўприкларда ҳаракатланишга рухсат этилади | |||
Уч ва тўрт ғилдиракли аравачада | 67 кг гача | 52 кг гача | қиялик баландлиги 0,02 дан юқори бўлмаган текис йўлда ҳаракатланишга рухсат этилади |
Вагонеткаларда | 405 кг гача | 224 кг гача | қиялик баландлиги 0,01 дан юқори бўлмаган темир йўлларда ҳаракатланишга рухсат этилади |
Пахта йиғим-теримида иштирок этаётганлар орасида айрим коллеж талабаларининг ҳам борлиги ва улар ёши, одатда, 18 дан кичик экани маълум. “Озодлик” радиосининг хабар беришича, талабаларга пахта териш бўйича қўйилаётган кунлик норма, терим мавсумига қараб, 30 кг. дан 80 кг. гача, айрим жойларда 50, бошқа жойларда эса 60 кг. қилиб белгиланмоқда.
30 кг. ни максимум норма деб фараз қиладиган бўлсак ҳам, кун бўйи ўртача кўтариб юриладиган юкни тахминан 15 кг. деб айтиш мумкин. Ваҳоланки, 16 ёшдан 18 ёшгача бўлганлар иш вақтининг 3 дан 1 қисми юк ташиш билан ўтадиган ишларда кўтариши лозим бўлган максимум оғирлик ўғил болалар учун 13, қиз болалар учун 7 кг. дан ошиши мумкин эмас. Демак, бу талабалар 15 кг. оғирликдаги пахтани кўтаришлари мумкин эмас.
Пахта териш эрталабдан кечгача пахта даласида энгашиб чаноқлардан пахта толасини олиш ва уни терувчи елкасига осилган катта хуржун-халтага солишдан иборат. Пахта даласида тўлиқ иш кунининг (8 соат) фақат учдан бир қисми (тахминан, 2,5 соат) юкларни ташиш ва кўтариш билан ўтади, деб ҳисоблаган тақдиримизда ҳам талабаларга маъмурият томонидан қўйилаётган пахта нормаси (камида 20-30 кг.) вояга етмаганлар кўтариши мумкин бўлган энг кўп оғирлик чегарасидан (ўғил болалар учун 13 кг., қизлар учун 7 кг.) ошиб кетяпти. Демак, талабаларни пахта теримига жалб этиш нафақат ноқонуний мажбурий меҳнат бўлгани учун (Қаранг: Пахта теримига мажбуран олиб чиқиш мумкинми?), балки юк кўтариш нормаларини бузаётгани учун ҳам ноқонунийдир.
Воқеликка янада реалроқ қарайдиган бўлсак, аслида пахта теришни куни бўйи юк ташиш ёки кўтариш билан ўтадиган иш турига қўшиш мумкин. Мазкур ҳолатда кўтариладиган юк оғирлиги 4,1 кг. дан ошмаслиги белгиланган. Аммо талабаларга мажбурият тарзида белгиланаётган меъёр бундан камида 4-5 баробар кўпдир.
Айрим ҳудудларда мактаб ўқувчиларининг ҳам пахта теримига жалб этилаётганини ёки коллежларнинг биринчи курс талабалари 16 ёшга тўлмаганини ҳисобга олсак, оғирлик бўйича талабаларга юкланаётган мажбурият ва низомда белгиланган меъёр ўртасидаги тафовут янада катталашади. 16 ёшга тўлмаган шахслар куннинг учдан бир қисмида юк кўтариш ва ташиш ишлари билан шуғулланадиган бўлса, ўғил болалар учун юк оғирлиги нормаси 6,5 кг. дан, қиз болалар учун 3,5 кг. дан ошмаслиги керак. Эслатиб ўтамиз, пахта далаларида мавсум суст бўлган пайтлар, тахминан, 10-15 кг. пахта териб келиш нормаси ўрнатилади. Кун бўйи юк ташиш ёки кўтариш ишлари билан шуғулланиладиган вазиятларда юк оғирлиги нормаси 2 кг.дан ошмаслиги кераклигини ҳисобга олсак, кунлик норма 5 кг. бўлган тақдирда ҳам, 16 ёшга тўлмаганларнинг юк ташишига доир қўйилган чекловларнинг бузилаётганига гувоҳ бўламиз.
“Вояга етмаганларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича талаблар тўғрисида”ги Низом вояга етмаган шахсларнинг белгиланган нормадан ортиқ оғир юк кўтаришини тақиқлайди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-1-моддасига кўра, вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик тўғрисидаги талабларни бузган, вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён этказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланган шахсларга нисбатан энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солинади. Агар бу мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳуқуқбузарлиги билан биргаликда содир этилса, оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланиб, кўриладиган жазо чоралари шунга мувофиқ янада кучайтирилади.
Демак, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, вояга етмаган шахсларнинг юқорида белгиланган нормалардан оғир юк кўтариш билан боғлиқ ишларга жалб этилиши, хоҳ ўзларининг хоҳишларига кўра бўлсин, хоҳ мажбуран жалб этилсин, қонунга хилоф ҳисобланади ва бундай меҳнатга жалб қилган шахс жавобгарликка тортилади.
(Мавзуга алоқадор ҳужжат: Мажбурий меҳнат устидан шикоят аризаси намунаси)