O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining 24-yilligi munosabati bilan Tashabbus loyihasi o’tkazgan “Konstitutsiyaning himoya kuchi” nomli ilmiy huquqiy maqolalar tanlovining 1-o’rin g’olibi Abror Masharipovning “So’zni erkin aytish huquqi” deb nomlangan maqolasini e’tiboringizga havola etamiz.
КИРИШ
“Фикрларни эркин айтишнинг имкони йўқ бўлса,
демак, эркинлик ҳам йўқ”.
Вольтер
Демократияни сўз эркинлигисиз тасаввур этиб бўлмайди, зеро, мазкур тушунчалар моҳиятан бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир. Сўз эркинлиги демократик мақсадларга элтувчи йўл ҳисобланади. Демократик-либерал жамиятда кимнинг ҳақ ва ниманинг тўғри эканини билишнинг ягона қонуний усули танқид ва савол остига қўйиш орқали амалга оширилган ижтимоий мунозарадир. Танқид эса сўз эркинлигига имкон берилган жойдагина бордир. Турк олими Мустафа Эрдоған таъкидлаганидек, “фикрлар эркин айтила олмайдиган жамиятда ижтимоий масалалар ҳақида тўғри маълумотга эга бўлиш ва ниманинг жамият учун фойдали эканини баҳамжиҳат аниқлашга имкон берувчи мунозара-музокара муҳитини барпо этишнинг иложи йўқ”[1].
Сўз эркинлиги одатда оммавий ахборот воситалари орқали амалга ошар экан, демак, матбуот эркинлигининг таъминланиши демократиянинг энг асосий шартларидан биридир. Сўз ва матбуот эркинлигини жамиятни иқтисодий фаровонликка элтувчи воситалар қаторида тилга олиниши асло янглиш бўлмайди. Жамиятдаги иллатлардан оммани ва ҳукуматни ўз вақтида хабардор этиш, ҳукуматга келганлар ва сиёсий қудрат эгаларининг ўз ваколатларини суиистеъмол қилишига, коррупциянинг илдиз отишига йўл қўймаслик эркин матбуотнинг вазифаларидандир. Демакки, сўз ва матбуот эркинлиги, яъни “демократия ҳаёт сифатини орттиради”[2]. Карл Маркс матбуот эркинлигининг жамият ривожидаги ўрни ҳақида тўхталар экан, ундан халққа ва давлатга фойда келишини таъкидлаган ва “матбуот эркинлигининг давлат қарзини кўпайтиргани ҳеч қаерда кўрилмаган[3] деган эди.
Шундай экан, демократик жамият барпо этишни мақсад қилган ҳар қайси давлат энг асосий фуқаролик-сиёсий ҳуқуқлардан бири бўлмиш сўз эркинлигини, демократиянинг асосий шартларидан бири ҳисобланувчи матбуот эркинлигини таъминлаши шарт.
СЎЗ ЭРКИНЛИГИНИНГ ТАЪРИФИ ВА ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ
“Қиролларнинг мен ҳайрон қоладиган тарафи, ихлосмандларининг бунчалик кўп эканидир. Ҳамма нарсамизни уларнинг ихтиёрига топширайлик,
лекин фикрларимиз ўзимизда қолсин.
Ҳузурларида тиззаларимиз икки букилсин, онгимиз эмас”.
Мишель де Монтень
Зигмунт Бауман эркинликни нафас олинадиган ҳавога ўхшатади. “Бу ҳавонинг нималигини сўраб ўтирмаймиз, у ҳақда тортишиб вақт кетказмаймиз. Агар тиқилинч ва ҳавосиз бир хонада нафас олишга қийналмаётган бўлсак”, – дея ёзади олим[4]. Худди шунингдек, демократияни ва эркин яшашни истаган ҳар қандай жамият учун сўз эркинлиги сув ва ҳаводек зарур. Сўз эркинлиги ҳеч қандай тортишувларсиз ва иккиланишларсиз таъминланиши шарт.
Қисқача айтганда, сўз эркинлиги фикрларни оғзаки ёки ёзма кўринишда алоқа воситалари орқали ифода этишдир. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1966 йил 16 декабрда қабул қилинган “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро пактнинг 19-моддасида шундай дейилади: “Ҳар бир инсон ўз фикрини эркин баён этиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ давлат чегараларидан қатъи назар, ёзма равишда ёки матбуот орқали ёки ифодалашнинг бадиий шакллари ёки ўз ихтиёрига кўра бошқача усулларда турли ахборот ва ғояларни қидириш, олиш ва тарқатиш эркинлигини қамраб олади”[5].
Ўзбекистон Конституциясининг 29-моддасида ҳар ким фикрлаш ва сўз эркинлигига эгалиги белгилаб қўйилган[6]. Шунингдек, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида “Ҳар ким оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эгадир”[7], дейилган. “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги қонунга биноан ҳар бир фуқаронинг ахборот олиш ҳуқуқи кафолатланади. Ҳар кимнинг ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, узатиш ва тарқатиш ҳуқуқи давлат томонидан ҳимоя қилинади (3-модда)[8]. Жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қараб ахборот олиш ҳуқуқи чекланишига йўл қўйилмайди (“Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонун, 8-модда”). Ахборот олиш фақат қонунга мувофиқ ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, конституциявий тузум асослари, жамиятнинг ахлоқий қадриятлари, мамлакатнинг маънавий, маданий ва илмий салоҳиятини муҳофаза қилиш, хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чекланиши мумкин (“Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонун, 4-модда”)[9].
Ўзбекистонда “сўз эркинлиги қонун лойиҳаларини муҳокама қилишда, референдумлар ўтказишда, Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлашда, Олий Мажлис ва маҳаллий идораларни сайлашда ўзининг мулоҳазаларини баён қилиш ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш йиғинларида ва кундалик ҳаёт фаолиятида иштирок этиш имконини беради”[10].
Сўз эркинлиги фуқароларнинг муҳим сиёсий ҳуқуқи сифатида қонунларда акс этгунига қадар узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтишига тўғри келди. Фикрларни эркин ифода этиш, эҳтимол, инсоният ҳаётининг ибтидосидан бери мушкул масала бўлиб келди. Суқротнинг заҳар ичишига ҳам, Галилиейнинг инквизициянинг қаҳрига учрашига ҳам, Мансур Халложнинг дорга осилишию Насимийнинг тириклайин терисининг шилиб олинишига ҳам эркин фикрлари сабаб бўлган эди. ХХ аср бошларида ўзбек жадидчиларининг қатағонга учрашига энг катта сабаблардан бири уларнинг ҳурфикрлилиги бўлди.
Ғарбда ҳам, Шарқда узоқ вақт фикрларни очиқ, эркин ифода этиш ҳукмдорлар, зодагонлар ва дин пешволарининг “имтиёзи” бўлиб келди. XVIII асрга келиб Европада фикрлаш ва сўз эркинлиги муайян тоифанинг эмас, балки бутун фуқароларнинг ҳуқуқи экани ҳақидаги даъволар баралла янграй бошлади. 1792 йилнинг 18 декабрь куни Лондондаги судда “Инсон ҳуқуқлари” асари муаллифи Томас Пейнни ҳимоя қилган адвокат Томас Эрскин айни пайтда сўз ва матбуот эркинлиги учун оташин нутқ сўзлаган эди[11]. Парламентнинг доминантлигини танқид қилган Эрскиннинг фикрича, фуқаролар матбуот орқали ҳукуматнинг хато ва камчиликларини танқид қилиш, коррупцияни текшириш ва бошқаларни бу ҳақда хабардор қилиш имкониятига эга бўлиши керак. У босимга учраган фикрлар кун келиб зилзила каби тебратиши ёки вулқон сингари отилишини таъкидлайди.
Жон Стюарт Миллнинг 1859 йилда чоп этилган “Эркинлик тўғрисида” номли асари фикрлаш ва сўз эркинлигининг бевосита фалсафий ҳимоясига бағишланган. Милл ҳам Эрскин каби фикрларнинг тушовланишига, тақиқланишига қарши чиқади. Унинг таъкидлашича, тақиққа учраган фикр тўғри бўлса, инсонлар янглишни тўғрига алмаштириш имконидан маҳрум бўлади. Агар нотўғри фикр тақиқланса, ҳақиқатнинг ботил билан тўқнашиши ва янада тушунарлироқ бўлиши учун фурсат бой берилади[12].
ХХ асрнинг иккинчи ярмида инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро қонунларнинг янги тизими шаклланди. Бу даврга келиб инсон билимини ошириб борди ва ўз эркинликларига ҳурмат билан қаралишини талаб қила бошлади. Халқаро қонунларда сўз ва матбуот эркинлигига амал қилиниши зарурлиги ўз аксини топа борди. Зеро, “Жон Локк таъкидлаганидек, қонунларнинг мақсади эркинликларни йўқ қилиш ёки камайтириш эмас, балки муҳофаза қилиш ва кенгайтиришдир”[13].
Ўзбекистонда 1991 йил, яъни совет мустамлакаси ниҳоясига етганидан сўнг сўз эркинлигини таъминлаш учун сиёсий-ҳуқуқий имкон пайдо бўлди. Республика ўз мустақиллигига эришганидан кейин бошқа эркинликлар қатори сўз эркинлиги ҳам қонунларда белгилаб қўйилди. Сўз эркинлигининг энг асосий кафолати, шубҳасиз, Ўзбекистон Конституциясининг 29-моддасидир.
СЎЗ ЭРКИНЛИГИ ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ
“Хатоларимизни тушуниб етсак,
улар биз учун қўрқичли бўлмай қолади”.
Георг Кристоф Лихтенберг
Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари
Ўзбекистон Конституциясининг 1-моддасида “Ўзбекистон — суверен демократик республика”[14] дея қайд этилган. Демократия эса сўз эркинлигисиз амалга ошмайди. Бошқарувнинг бундай шакли плюрализмга йўл очади, оқибатда фикрлар рақобати юзага келади ва жамиятда чинакам ривожланиш рўй беради. Зеро, ҳақиқатлар фикрларнинг ўзаро рақобати натижасида туғилади. Матбуот, оммавий ахборот воситалари фикрлар рақобати учун энг маъқул макон, ахборот ва сўз эркинлиги учун энг қулай минбардир.
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги маълумотига кўра, мамлакатда оммавий ахборот воситалари сони 2016 йил 1 июнь ҳолатига 1461 тани ташкил этди. Шундан 686 таси газета, 300 таси журнал, 96 таси ТВ ва радиолардир. 359 та веб-сайт оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Оммавий ахборот воситаларининг 37,3 фоизи давлатга қарашли бўлиб, 62,7 фоизи нодавлат ҳисобланади[15]. Оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳага оид бир қатор қонунлар билан тартбига солинади. Энг муҳими, Конституциянинг 67-моддаси бўлиб, унда оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият юритиши ва цензурага йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Конституциянинг 12-моддасига мувофиқ, Ўзбекистонда ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас. Мазкур модда ғоявий ва фикрий хилма-хилликни кафолатлаши билан аҳамиятли ҳисобланади. Зеро, ғоявий яккаҳокимлик оммавий ахборот эркинлиги ва у билан боғлиқ ҳурфикрлиликка зиддир[16].
Айни пайтда оммавй ахборотнинг суиистеъмол қилиниши қонунан тақиқланади. Оммавий ахборот воситаларидан:
– Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш; уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилиш;
– давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш;
– миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборот тарқатиш;
– агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;
– порнографияни тарғиб этиш;
– қонунга мувофиқ жиноий ва ўзга жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўйилмайди (“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун, 6-модда)[17].
Матбуот эркинлигининг таъминланиши: амалий ва ҳуқуқий муаммолар
Бугунги кунда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари, ахборот агентликлари орқали тарқатилаётган ахборотларнинг мазмунан бир-бирига яқинлиги ўзбек жамиятида фикрлар турфа хиллиги етишмаяптими, сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги чораларни кучайтириш зарурми, деган саволларни туғдиради. Айниқса, давлатга қарашли ва кенг омма учун мўлжалланган газета-журналларнинг мазмунан бир-бирига яқинлигини аниқлаш учун алоҳида таҳлилга ҳожат йўқ. Сўз эркинлиги нуқтаи назаридан ушбу нашрлар самарасиздир. Зеро, бирор давлат органи нашрининг мазкур орган фаолияти ёки ҳукумат сиёсатига танқидий ёндашишини тасаввур қилиш қийин. Бундай нашрларнинг асосий фаолияти тарғибот-ташвиқотдангина иборат бўлиб қолмоқда.
Сўз эркинлигини таъминлаш учун оммавий ахборот воситалари фаолиятига оид мавжуд қонунчиликни такомиллаштириш, қонунчиликдаги мавжуд мавҳумликларни бартараф этиш зарур. Ўзбекистон Конституциясининг 67-моддасига мувофиқ, оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонун асосида фаолият кўрсатади. Улар ўзлари тарқатаётган ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади, цензурага йўл қўйилмайди[18].
“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида эса оммавий ахборот воситалари ўзлари тарқатаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлиши қайд этилган[19]. Шунингдек, “Журналистик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида ҳам холис ахборот тақдим этиш журналистнинг мажбурияти сифатида белгиланган. “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига кўра, оммавий ахборот воситалари ўзлари тарқатаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун ахборот манбаи ва муаллифи билан биргаликда қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар[20].
Аммо бундай мажбурият алал-оқибат цензурага, демакки, сўз эркинлигининг чекланишига ва Конституциянинг бузилишига олиб келади. Зеро, Карим Баҳриев таъкидлаганидек, “ҳаққонийлик” ва “холислик”лик тушунчалари субъектив тарздаги баҳолашга оид тушунчалардир[21]. “Журналист холисликка интилади ва интилиши лозим, аммо бу жиноят ҳуқуқи ёки фуқаролик ҳуқуқига эмас, журналист ахлоқига оид масаладир”[22]. Шундай экан, оммавий ахборот воситаси ва журналистга қонунчилик орқали ҳаққоний ва холис бўлиш мажбуриятининг юклатилиши ахборот ва сўз эркинлиги нуқтаи назаридан салбий оқибатларга олиб келади. Ҳолбуки, “турли фикрлар, хулосалар ва ғояларнинг (шу жумладан, “нохолис фикрларнин”) эркин алмашинувисиз мамлакатнинг демократик тараққиёти асло мумкин эмас”[23].
2014 йил сентябрида “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга блогерлар фаолияти билан боғлиқ киритилган ўзгартириш сўз эркинлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммони келтириб чиқарди. Қонунннинг 121-моддасида “…блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши … шарт” деган, яъни журналистларга қўйилувчи талаб қўйилди.
Маълумки, блогер турли мавзуларда ўз шахсий, субъектив фикрини билдиради, журналистдан фарқли равишда унинг фаолияти, касби ахборот тарқатиш эмас. Журналистдан оммавий ахборот воситаси орқали тарқатиладиган ахборотнинг тўғрилиги ва ишончлилигини текшириш талаб этилади. “Блогерлардан эса буларнинг биронтаси талаб қилинмайди, талаб қилиш эса сўз эркинлигининг жиддий бузилишига сабаб бўлади. Чунки журналистиканинг асосий мақсади маълумотни тарқатиш, блогерликда эса ўз фикрини ифода этишдир”[24].
Ҳар қайси жамиятда матбуотнинг эркинлик даражаси бир вақтнинг ўзида сўз эркинлиги қай даражада таъминланганини, жамият эришган демократик тараққиёт дажарасини ҳам кўрсатади. Эркин матбуот жамиятнинг ҳушёр соқчиси кабидир, фикрини очиқ ва ошкор ифода этишни истаганлар учун минбардир. Жон Кин матбуот эркинлигининг аҳамияти ҳақида тўхталар экан, унинг “сиёсий олифталардан, парламентнинг алдовларидан ва ҳукуматга қулликдан қутулишнинг кафолати”[25] эканини айтган эди.
ХОТИМА
Нуқул интилдинг, нуқул енгилдинг. Майли.
Яна интил, яна енгил. Янада яхшироқ енгил.
Самюэль Беккет
Сўз эркинлиги – истаган жойда истаган нарсани айтавериш ҳуқуқи, дейиш ўта ғўр ва янглиш таърифдир. Сўз эркинлиги, аввало, масъулиятдир. Бошқаларнинг ҳуқуқига дахл қилмаслик, инсонга ва демократияга ҳурмат кўрсатиш масъулиятидир. Ўз навбатида, демократия шунчаки бошқарув шакли ёки маълум йилларда ўтказиладиган сайловда конформистларча овоз бериш эмас, балки энг биринчи навбатда инсонга ва унинг ҳаётига, инсоннинг ўзига-ўзи онгли равишда ҳурмат кўрсатишидир.
Сўз эркинлигини бўғиш худди жисмоний зуғум сингари инсонга нисбатан маънавий зўравонликдир. Бошқаларнинг фикрини тақиқлаб, уларнинг тақдири учун ҳукм чиқариш, ўз фикрини бошқаларникидан устун қўйиш диктаторликдан бошқа нарса эмас. Фикрлар маҳдудликка ҳукм этилган муҳитда демократиянинг мавжудлигидан сўз очиш кулгилидир. Сўз эркинлигининг бўғилиши бевосита ва билвосита ижтимоий норозиликнинг кучайиишига олиб келади, бу эса ўз навбатида жиддий оқибатларни келтириб чиқариш эҳтимоли бор. Зеро, Карл Маркс таъбири билан айтганда, француз инқилобининг сабаби цензура (яъни фикрларнинг тақиқланиши) эди.
Бир фикрни тақиқлаш, тақиқловчилар ўйлаганидек, ҳар доим ҳам ўша фикрга қарши натижаларга олиб келмайди. Бир фикрни тақиқлаш уни оқиллик билан танқид қилиш ва хатолигини фош этиш имкониятини йўққа чиқаради, айтиш мумкинки, ўша фикрга дахлсизлик ато этади. Қолаверса, тақиқланган нарсаларга эътиборнинг ортиши эҳтимоли мавжуд[26].
Жамиятда сўз эркинлигини таъминлаш учун биринчи навбатда ҳокимиятнинг матбуотга таъсирини камайтириш зарур. Шу маънода, советча анъанага мувофиқ, давлатга қарашли турли органлар ва ташкилотларнинг омма учун газета-журнал таъсис этиши ўша нашрларнинг эркин фикрлар минбари бўлиш илинжини йўққа чиқаради. Чунки ҳеч бир давлат органи ёки ташкилоти ўз нашри орқали омма олдида ўзини-ўзи танқид қилмайди, хато-камчиликларини фош этмайди. Ҳокимият таъсири ва тазйиқидан холи оммавий ахборот воситаларининг ҳам сон, ҳам сифат жиҳатидан ўсиши айни пайтда улар ўртасида рақобатнинг кучайишига, яъни ривожланишга олиб келади.
Бундан ташқари, сўз эркинлигининг таъминланиши учун оммавий ахборот воситалари, интернет фаолияти билан боғлиқ қонунчиликни такомиллаштириш, қонун ҳужжатларидан мавҳум ва ноаниқ тушунчаларни олиб ташлаш зарур.
Ҳокимият сўз эркинлигига тайёрлигини кўрсатиш орқали халқнинг эътиборини қозонади, халқни ўзига яқинлаштиради. Эркинликларга қарши кучли маъмурий-сиёсий таъсир кўрсатавериш эса қонунлар ижросини йўққа, демократияга бўлган умидни пучга чиқаради.
Бундай ҳолатда ҳатто Конституциянинг сўз эркинлигини кафолатлаган моддасининг ўзи ҳам ҳимояга муҳтож бўлиб қолаверади. Модомики, Конституция энг асосий қонун ва сўз эркинлиги унда кафолатланган экан, қабул қилинаётган ҳеч бир қонун ва бошқа расмий ҳужжатлар Конституцияга зид бўлмаслиги керак.
Аброр Машарипов, тадқиқотчи
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР
Китоблар
Ashford Nigel. Özgür Toplumun İlkeleri. Jarl Hjalmarson Vakfı, 2009
Баҳриев Карим. “Сўз эркинлиги ҳақида сўз”. Р. Элинин нашриёти, Москва, 2003
Bauman Zygmunt. Özgürlük. Ayrıntı Yayınları. Истанбул, 2015
Тeorik ve Pratik Boyutlarıyla İfade Hürriyeti. Тузувчи: Bekir Berat Özipek. Liberal Düşünce Topluluğu нашриёти, Анқара, 2003
Kabaş Tolga. Gelişmekte Olan Ülkelerde Yoksulluğun Nedenleri ve Yoksullukla Mücadele Yolları. Nobel нашриёти, Адана, 2010
Keane John. Medya ve Demokrasi. Ayrıntı Yayınları. Истанбул, 1992
Marx Karl. Basın Özgürlüğü Üzerine. Dipnot Yayınları. Анқара, 2012
Mill John Stuart. Özgürlük Üzerine. Roman Yayınları. Истанбул, 2012
Интернет манбалар
“Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни
http://www.lex.uz/pages/GetAct.aspx?lact_id=83472
“Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни
http://www.lex.uz/pages/getpage.aspx?lact_id=1319
“Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни
http://www.lex.uz/pages/getpage.aspx?lact_id=52268
Blogerlar faoliyatini tartibga solish zarurmi?
https://tashabbus.org/blogerlar-faoliyatini-tartibga-solish-zarurmi/
Erdoğan Mustafa. Demokratik Toplumda İfade Özgürlüğü
“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни
http://www.lex.uz/pages/getpage.aspx?lact_id=9540
“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни
http://lex.uz/pages/GetAct.aspx?lact_id=53543
Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт
http://taraqqiyot.uz/fuarolik-va-siyosiy-uular-t2
Ўзбекистон интернет нашрларида куннинг долзарб мавзуларининг тақдим этилиши: Daryo.uz ва Uza.uz мисолида
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги расмий сайти
http://www.api.uz/#uz/content/licence/statistics/
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси
http://www.lex.uz/pages/getpage.aspx?lact_id=20596
Число интернет-пользователей превысило 13 миллионов
https://www.gazeta.uz/ru/2016/09/20/subscribers/
[1] Teorik ve Pratik Boyutlarıyla İfade Hürriyeti. 37-б.
[2] Kabaş, Tolga. Gelişmekte Olan Ülkelerde Yoksulluğun Nedenleri ve Yoksulluklar Mücadele Yolları. 114-б.
[3] Marx, Karl. Basın Özgürlüğü Üzerine. 47-б.
[4] Bauman, Z. “Özgürlük”. 7-б.
[5] http://taraqqiyot.uz/fuarolik-va-siyosiy-uular-t2
[6] http://www.lex.uz/pages/getpage.aspx?lact_id=20596
[7] http://www.lex.uz/pages/getpage.aspx?lact_id=1106870
[8] http://www.lex.uz/pages/getpage.aspx?lact_id=1319
[9] http://www.lex.uz/pages/getpage.aspx?lact_id=52268
[10] http://www.lex.uz/dictionary?word=ФИКРЛАШ%20ВА%20СЎЗ%20ЭРКИНЛИГИ
[11] Keane, J. “Medya ve Demokrasi”. 23-б.
[12] Mill, J. S. “Özgürlük Üzerine”. 26-б.
[13] Ashford, Nigel. Özgür Toplumun İlkeleri. 28-б.
[14] http://www.lex.uz/pages/getpage.aspx?lact_id=20596
[15] http://www.api.uz/#uz/content/licence/statistics/
[16] Баҳриев, Карим. “Сўз эркинлиги ҳақида сўз”. 227-б.
[17] http://www.lex.uz/pages/getpage.aspx?lact_id=1106870
[18] http://www.lex.uz/pages/getpage.aspx?lact_id=20596
[19] http://www.lex.uz/pages/getpage.aspx?lact_id=1106870
[20] http://www.lex.uz/pages/getpage.aspx?lact_id=52268
[21] Баҳриев, Карим. “Сўз эркинлиги ҳақида сўз”. 305-б.
[22] Ўша асар. 305-б.
[23] Ўша асар. 306-б.
[24] https://tashabbus.org/blogerlar-faoliyatini-tartibga-solish-zarurmi/
[25] Keane, J. “Medya ve Demokrasi”. 37-б.
[26]http://www.ozgurtoplumundegerleri.com/res/Mustafa_Erdogan_Demokratik_Toplumda_Ifade_Ozgurlugu_Ozgurlukcu_Bir_Perspektif.pdf