Maqolalar

Pensiya tayinlash tartibi

Нафиса АЗИМОВА, Ўзбекистон Республикаси
Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан
ташқари Пенсия жамғармасининг Юнусобод тумани
бўлими бошлиғининг ўринбосари,
Мадина ШУКУРОВА, журналист

Маълумки ёшга доир пенсия — пенсия олиш ҳуқуқи кирган кундан 3 ой ичида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг фуқаро ўзи яшаб турган жойдаги туман бўлимига мурожаат қилингандан сўнг ҳисоблаб чиқилади ва тайинланади.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни 1993 йилнинг 3 сентябрида қабул қилинган бўлиб, 1994 йилнинг 1 июнидан кучга кирган. Ушбу қонуннинг 2-моддасида пенсионерларнинг турлари белгилаб қўйилган. Бу — ёшга доир пенсия ҳамда ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсияларидир. Қонуннинг 7-моддасига кўра, ёшга доир пенсияни ҳужжатлаштириш учун эркаклар 60 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлганда, аёллар 55 ёшга тўлганда (1999 йилгача бўлган ҳолат) ва иш стажи камида 20 йил бўлганида ушбу пенсия тури белгиланади. 1999 йил Президентимиз томонидан “Аёллар йили”, деб эълон қилиниши муносабати билан бу бандга бир қанча янгиликлар киритилди. Жумладан, ҳозирги кунда иш стажи 20 йилдан кам бўлмаган аёллар 54 ёшдан пенсияга чиқишлари мумкин.
Пенсия ёшига етган фуқаро ўзи истиқомат қилаётган туман Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилади. Унда фуқаро томонидан ариза, иш стажини тасдиқловчи ҳужжатлар, ойлик маълумотнома, ўқиганлик тўғрисидаги дипломлар нусхалари, агар армияда хизмат қилган бўлса, ҳарбий билет ҳамда жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси тақдим этилади. Фуқаро ариза берган кундан бошлаб, 10 кун ичида унинг аризаси кўриб чиқилади ва пенсия тайинланади. Агар фуқаро шундай ҳуқуққа эга бўлган кундан 3 ой ичида марожаат қилса, унга шу кундан бошлаб пенсия тайинланади.
Пенсия олаётган фуқаро тўсатдан вафот этса, пенсия бериш тўхтатилади, бироқ пенсия олаётган давлат ишхонасининг ходими вафот этса, иш жойидан вафот этганлик муносабати билан дафн этиш маросимлари унинг оила аъзоларига учун энг кам иш ҳаққининг 2 ёки 3 ҳисса миқдорида ёрдам пули тўланади. Агар вафот этган фуқаро ҳеч қаерда ишламайдиган бўлса, пенсиясининг 2 ойлик миқдоридаги ёрдам пули унинг оила аъзоларига берилади.
Меҳнат стажи тўлиқ бўлмаганда Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддасига асосан, талаб қилинган иш стажига эга бўлмаган фуқароларга уларнинг бор иш стажларига мутаносиб равишда пенсия тайинланади.
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонун 2004 йил 2 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 703-2-сонли қарори билан қабул қилинган бўлиб, 2005 йил 1 январдан кучга кирган. Бу Қонуннинг асосий мақсади жамғариб бориладиган пенсия таъминоти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Унга кўра, республикамиздаги мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча иш берувчилар билан меҳнат шартномаси асосида фаолият юритувчи ҳар бир фуқаро учун шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақаси очилади ва фуқаролар пенсия ёшига етганларида, ўзларининг жамғариб бориладиган пенсия маблағларини ҳам олиш имконига эга бўладилар.
Бу жараён қуйидагича амалга оширилади. Ҳар бир корхона ходими учун унинг яшаб турган манзилидаги Халқ банкининг туман бўлимлари орқали паспортдаги идентификацион номери асосида шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақаси очилади. Шунингдек, ходимга ҳисобланган ойлик иш хақининг 1 фоизи миқдоридаги маблағ унинг ҳисобварақасига ўтказиб борилади. Маблағни ўтказиш корхона ҳисобчиси томонидан Халқ банкига бориб, ишчи-хизматчиларнинг ҳисобварақаларини тўлдириш орқали амалга оширилади. Шахсий жамғариб бориладиган пенсиянинг яна бир фойда томони шундаки, ҳар бир ойда тўлдирилган маблағга бир йилдан сўнг, устама фоиз белгиланади.
Якка тартибда ишлайдиган ҳамда хусусий корхоналарда иш юритган фуқароларнинг пенсиялари Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 37-моддаси “г” бандига кўра, якка тартибдаги меҳнат фаолияти, шу жумладан, якка гуруҳли ижара шароитида ёки шахсий ёрдамчи деҳқон фермер хўжалигидаги фаолият Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаган тақдирда иш стажига қўшиб ҳисобланади. Белгиланган тартибга биноан, уларнинг ҳар бир йил учун тўлаган бадали энг кам иш ҳақининг 1 ойлик пул миқдорида бўлиши лозим. Ушбу бадалларга белгиланган коэфициентларга асосан пенсия миқдори ҳисоблаб берилади. Бу жараён Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан амалга оширилади.
Меҳнат стажига киритилган иш фаолияти турлари Қонуннинг 37-моддасида белгилаб қўйилган. Унга асосан фаолият тури, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда, ҳар бир бажарган ишига Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ижтимоий бадалларини ўтказган бўлса, ушбу фаолият тури пенсия тайинланаётган вақтда иш стажига қўшилади. Шунингдек, ўрта ва махсус, олий ўқув юртлари ва академияларда кундузги ўқиш йиллари ҳам иш стажига кўшиб ҳисобланади.
Иш стажи етмаган вақтда пенсия олиш учун юқорида айтганимиздек, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддасига асосан, иш стажи тўлиқ бўлмаган вақтда, пенсияга талабгор шахснинг бор стажига мутаносиб равишда пенсия тайинланади. Шунингдек, ушбу қонунда ёшга доир пенсия миқдори энг кам иш ҳақининг 50 фоизи, 1-гуруҳ ногиронларига эса энг кам иш ҳақининг 100 фоизи, 2-гуруҳ ногиронларига энг кам иш ҳақининг 50 фоизи, 3-гуруҳ ногиронларига энг кам иш ҳақининг 30 фоизи миқдоридан кам бўлмаслиги белгилаб берилган. Боқувчисини йўқотганлик учун пенсияни тайинлашда вафот этган пенсионернинг қарамоғидаги ҳар бир оила аъзосига энг кам иш ҳақининг 30 фоизидан кам бўлмаган пенсия тайинланиши белгиланган. Ҳам отаси, ҳам онасидан жудо бўлган (чин етим) ҳар бир болага боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун энг кам иш ҳақининг 100 фоизи миқдоридан кам бўлмаслиги керак.
Бунда вафот этган ҳам отанинг ҳам онанинг иш стажлари ҳисобга олинади. Шунингдек, боқувчисини йўқотганлик учун пенсияда 16 ёшгача бўлган фарзандларга ҳамда 16 ёшга тўлган бўлса ва ўқишни давом эттираётган бўлса, ўқишдан берилган маълумотномага асосан пенсия 18 ёшгача тайинланади.
Болаликдан ногирон фарзанд тарбиялаган, шунингдек, 5 ва ундан ортиқ нафар фарзандларни 8 ёшгача вояга етказган аёлларга Қонуннинг “з” бандига асосан пенсия 50 ёшдан тайинланади, уларнинг иш стажи бола парваришига кетган йилларни қўшиб ҳисоблаганда 20 йил, қўшмаганда 15 йил бўлиши керак. Бунда фарзандлар орасидаги ёш фарқи 3 йил бўлса, энг кўпи билан яна 6 йил иш стажига қўшиб, пенсия миқдори ҳисоблаб тайинланади.

Manba

Comments are closed.