Читайте эту статью на русском
Маълумки, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва йиғиштириб олишда, хусусан, пахта теришда ўқувчи ва талабалар меҳнатидан ҳам фойдаланилади.
Шу кунгача пахта теримига мактаб ўқувчиларини ҳам жалб этиш мамлакатда оммавий тус олган эди. Маълумотларга кўра, 2012 йилдан бошлаб бу амалиётга чек қўйилган. Аммо ўрта-махсус, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари талабаларини пахтага олиб чиқиш амалиёти ҳануз давом этмоқда.
Талабаларни ўқишдан қўйиб пахтага олиб чиқишнинг қанчалик қонуний экани ҳақида келгуси мақоламизда батафсил тўхталиб ўтиш ниятимиз бор. Ушбу мақолада пахта теримига жалб этилган ўқувчи-ёшларнинг қандай ҳақ-ҳуқуқлари борлиги ва улар қандай шароитларда ишлашлари мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида маълумот бермоқчимиз. Хусусан, ушбу ҳуқуқлар бузилган ҳолларда нима қилиш лозимлиги ҳақида ҳам тушунча берамиз.
Бу ҳақда қонун борми?
2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва йиғиштириб олиш учун таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларидан фойдаланишда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ишлаб чиқилган.
Мазкур қоидалар ўрта-махсус, касб-ҳунар, олий таълим муассасалари ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ташкилотларга тааллуқлидир. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги буйруғига илова тарзида эълон қилинган ушбу ҳужжатда меҳнатга жалб этилган талабалар ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза этиш ва улар учун яратилиши лозим бўлган шарт-шароитлар ҳақида гап боради.
Талабалар меҳнатидан фойдаланишни чекловчи қоидалар
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида ва Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ишлаб чиққан ҳужжатда, ўқувчи-талабалар меҳнатидан фойдаланишни чекловчи ва тартибга солувчи бир қатор қоидалар мавжуд.
Талабалар меҳнатини муҳофаза қилиш қоидаларининг 12-бандига кўра, ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта-махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини қуйидаги шартлар асосидагина ишга жалб этилиши мумкин:
– Ўқувчи ёки талаба камида 15 ёшда бўлиши керак;
– Иш ўқувчиларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмаслиги керак;
– Таълим олиш жараёнини бузмаслиги керак;
– Иш фақатгина ўқишдан бўш вақтда ихтиёрий бажарилиши керак.
Шунингдек, ўқувчи ва талабалар дастлабки тиббий кўрикдан ўтгандан кейингина қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиниши лозим.
Демак, ўқувчи-талабалар пахта теримига олиб чиқилиши натижасида юқоридаги қоидалардан бири бузилса, бундай фаолият ноқонуний ҳисобланиб, бу ҳақда юқори органларга шикоят қилиш мумкин.
Иш вақтида яратилиши лозим бўлган шарт-шароитлар
Қоидаларнинг 13 ва 15-бандларига кўра, иш давомида талабалар яшайдиган ёки овқатланадиган турар-жойларда санитария ва гигиена шароитларини яратиш юзасидан жиддий талаблар қўйилган. Шуларга мувофиқ, яшаш (дам олиш) хоналарида самарали ҳаво алмашинуви тизими, тегишли қоидаларга амал қилган ҳолда, ташкил қилиниши керак. Дала ишларига жалб қилинган ўқувчи ва талабалар ҳафта давомида 2 марта ҳаммом қабул қилишлари лозим. Ювиниш (душ) хонасида ювиниш крани ўртача ҳар 8 кишига битта бўлиши керак. Дам олиш, овқатланиш, ювиниш хоналари ва ҳожатхоналар доимий равишда 0,5 фоизли хлорли оҳак эритмаси ёки хлорамин билан ювилиб ва тозалаб турилиши лозим. Турар-жой сифатида қўлланиладиган бинога ўқувчи ва талабаларнинг келиб жойлашишларидан (камида 10 кун) олдин дезинфексия, дезинсексия, дератизация ишлари ўтказилиши шарт.
Қоидаларнинг 30-32-бандлари сув таъминоти ҳақида. Белгиланишича, ўқувчи ва талабаларнинг ичимлик сувидан фойдаланишлари учун сув қувурига уланган фавворачалар бўлиши керак. Сув қувурлари мавжуд бўлмаган ҳолларда, махсус идишларда қайнатилган сув берилиши лозим. Ўқувчи ва талабалар ишлайдиган ҳудудда ҳар бир киши бошига 2 – 5 литр қайнатилган кунлик ичимлик суви тайёрланиши лозим. Ичимлик сувининг ҳарорати 8°C дан 20°C гача бўлиши керак.
Қоидаларда белгиланган меҳнат ва дам олиш тартибига кўра, иш вақтининг муддати 16 дан 18 ёшгача бўлган ходимларга ҳафтасига 36 соатдан, 15 дан 16гача бўлган шахслар учун эса ҳафтасига 24 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланиши лозим. Ўқувчи ва талабаларни иш вақтидан ташқари ҳамда тунги ишларга жалб қилиш қатъиян тақиқланади.
Талабаларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган талабларга кўра, яшаш (дам олиш) бинолари юзаси бир киши учун 3 м2 дан, ўтиш йўлкаларининг кенглиги 1 метрдан кам бўлмаслиги керак. Бино поли ёғоч ва шунга ўхшаш материалдан бўлиши лозим. Бинонинг эшик ва ойналари яхши ёпиладиган, ойналар эса туйнукчали (форточкали) бўлиши керак.
Ўқувчи ва талабалар орасида касал ёки вақтинча иш қобилиятини йўқотганлар тиббий ходим назоратидан ўтиши ва улар соғликлари тўла тиклангунча дам олиш жойларида қолиши лозим. Ғўза баргини тўкиши учун кимёвий ишлов берилган майдонга ўқувчи ва талабалар камида 10 кун муддат ўтгандан кейингина ишлашига рухсат этилиши лозим. Ўқувчи ва талабалар пахта теримига жалб қилинишидан олдин махсус кийим-бошлар билан таъминланиши керак.
Қонунбузарликлар устидан қаерга ва қандай шикоят қилиш лозим?
Ўрта-махсус, касб-ҳунар, олий таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва йиғиштириб олиш учун жалб қилинганларида мазкур қоидаларга амал қилишда жавобгарлик ташкилотларнинг раҳбарлари зиммасига юклатилади. Демак, мазкур қоидаларда белгиланган шартларнинг биронтаси бажарилмаган ҳолда, ўқувчи ва/ёки талаба ёки уларнинг ота-оналари шикоят билан юқори турувчи давлат органларга мурожаат қилишлари керак.
Пахта далаларида содир этилган ҳуқуқбузарликлар устидан тобелик тартибида юқори турувчи органга, прокуратурага ёки судга мурожаат қилиш мумкин. Ўрта-махсус, касб-ҳунар, олий таълим муассасалари тобелик тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий ва Ўрта Таълим Вазирлигига бўйсунади. Шу билан бирга, шикоятни прокуратурага ҳам йўллаш мумкин. Ўзбекистон Республикаси “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунининг 2 ва 4-моддаларига биноан, прокуратура органларининг асосий вазифалари қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдан иборат. Шу билан бирга прокуратура органлари вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат органлари томонидан қонунларнинг ижро этилиши ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлашга қаратилган қонунлар ижроси устидан назорат қилади. Мазкур давлат органларига шикоят қилиш Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади.
Тобелик тартибида Президент девонига ёки прокуратурага шикоят қилиш билан бирга фуқаролар тўғридан-тўғри судга ҳам шикоят қилишлари мумкин. Фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун давлат органларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддаси билан кафолатланган. Судга шикоят билан мурожаат қилиш тартиби эса Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги Қонуни (бундан кейин Қонун) билан тартибга солинади. Музкур Қонун фуқароларнинг давлат органлари, корхоналар, жамоат бирлашмалари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари билан ўз ҳуқуқлари ёки эркинликлари бузилган деб ҳисоблаганларида шикоят билан судга мурожаат қилиш тартибини белгилайди.
Давлат органлари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар устидан шикоят қилиш асослари ва тартиби ҳақида батафсил маълумотни бу ердан олишингиз мумкин.
One Comment