Читайте эту статью на русском
2013 йилда хабар беришларича, Самарқанд Ижтимоий иқтисодиёт коллежи талабалари директор номига тилхат ёзиб, “Республикамизнинг миллий бoйлиги бўлган пахта йиғим-теримига қатнашиб, ватан, халқ ва ота-она олдидаги бурчини бажаришлари” ҳақида айтганлар. Талабалар, шунингдек, агар бу тилхатда берилган ваъдалар бажарилмаса, “курсдан-курсга қолдириш ҳамда қонунда кўрсатилган барча чоралар қўлланишига розиман” деб ёзиб берган.
Талабаларнинг пахтага ўз ихтиёри билан чиқиши ҳақида бундай тилхат ёзиши қандай ҳуқуқий мақомга эга? Талаба тилхатда берган ваъдасининг устидан чиқмаса, пахта теришдан воз кечса, коллеж маъмурияти мазкур тилхат асосида талабани “жазолаши” мумкинми?
Тилхат нима?
Аввало, тилхат тушунчаси ҳақида бироз маълумот берсак.
Кундалик ҳаётимизда тилхатлардан жуда кўп фойдаланилади. Қонунчиликда тилхатнинг таърифи берилмаган бўлса ҳам, уни битим турларидан бири деб айтиш мумкин. Тилхатлар бир тарафлама тузилган битим ҳисобланади. Чунки уни тузиш учун бир тарафнинг хоҳиши зарур ва етарли бўлади. Битимлар баъзи ҳолатларда ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Масалан, қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битимлар (ФК, 116-модда), ўн тўрт ёшга тўлмаган шахс томонидан тузилган битимлар (ФК, 117 модда) ва ўн тўрт ёшдан ўз саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган шахслар битимларни ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийлари розилигисиз (ФК, 118 модда) тузган ҳолатда ҳақиқий ҳисобланмайди. Шу билан бирга, алдаш, зўрлик, қўрқитиш, шунингдек, фуқаро оғир ҳолатлар юз бериши туфайли ўзи учун ўта ноқулай шартлар билан тузишга мажбур бўлган, иккинчи тараф эса бундан фойдаланиб қoлган битим (асоратли битим) жабрланувчи даъвоси билан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Битим ҳақиқий бўлмаганда, тарафларнинг ҳар бири битим бўйича олган ҳамма нарсани иккинчи тарафга қайтариб бериши керак. Олинган нарсани асл ҳолида қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса, унинг қийматини пул билан тўлаши шарт бўлади.
Қонунчиликда тилхат таърифи берилмаган бўлса ҳам, унга нисбатан битим қоидаларини қўллаш мумкин. Тилхатнинг асосий мазмуни шундаки, у мажбуриятларни тартибга солади. Бир томон иккинчи томонга нисбатан маълум мажбуриятлар бажаришни ўз зиммасига олади (масалан, мулкни топшириш, ишни бажариш, хизмат кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳкз. ). Масалан, Фуқаролик Кодексининг 257-моддасига кўра, кредитор мажбуриятнинг бажарилишини қабул қилиб олган вақтида, қарздорнинг талаби билан унга мажбуриятларнинг тўла ёки қисман бажарилишини қабул қилиб олганлиги ҳақида тилхат бериши шарт. Бунда, тахминан, тилхатнинг матни қуйидагича ёзилиши мумкин:
“Қарздор мендан шу куни шу миқдорда олган қарзини шу куни тўла қайтарди. ”
Тилхат Жиноят-Процессуал Кодексида ҳам тилга олинган. Кодекснинг 250-моддасига биноан, айбланувчи суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суддан яширинмаслик ҳақида берган ёзма мажбуриятни тилхат билан ифодалайди.
Тилхатнинг кундалик ҳаётда жуда кўп қўлланиладиган яна бир тури мавжуд. Бундай тилхатлардан, кўпинча, хўжалик юритишда фойдаланилади. Масалан, далада қўшимча чопиқни амалга ошириш учун тракторчи деҳқон хўжалигидан “фалончи рақамли тракторни чопиқ учун 2 кунга қабул қилиб олдим ва шу куни қайтараман”, деб тилхат ёзиб бериши мумкин. Бу каби ҳолатларда тилхат бир томонлама тузилган ҳужжат бўлиб, маълум маъмурий-ҳуқуқий мажбуриятлар юзага келганлигини тасдиқловчи асос бўлиб хизмат қилади.
Пахта теримига чиқиш учун ёзилган тилхат қонунийми?
Пахта теримига чиқишни ваъда берувчи тилхатларга келадиган бўлсак, бундай тилхатлар ҳеч қандай ҳуқуқий мақомга эга эмас. Тилхатни ёзиб берган талаба тилхатда тилга олинган “бурч ва мажбуриятлардан”, қуйидаги сабабларга кўра, истаган вақтида бир тарафлама воз кечиши мумкин.
Биринчидан, фуқароларнинг бурч ва асосий мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб берилган. Конституциянинг ХI боби “Фуқароларнинг бурчлари” деб номланиб, Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир, дейилган (52-модда). Бундан ташқари мазкур бобда асосий мажбуриятлар ҳақида ҳам гап кетади ва улар орасига Конституция ва қонунларга риоя этиш, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш ва солиқ тўлаш каби мажбуриятлар санаб ўтилган (48–51-моддалар). Булар орасида, табиийки, мажбурий меҳнатга чиқиш ёки пахта териш мажбурияти белгиланманган. Шунинг учун Ўзбекистон фуқаролари , хусусан, мактаб ўқувчилари, коллеж ва университет талабалари, пахта теришга мажбур эмаслар. Бундай мажбурият Ўзбекистон Республикасининг биронта қонунчилигида назарда тутилмаган. Бундай мажбуриятни ўқувчилар ёки талабалар тилхат ёзиш орқали ҳам ўз зиммаларига олишлари мумкин эмас. Аксинча, тилхат зўрлик ёки қўрқитиш билан ёздирилган тақдирда, коллеж маъмуриятини мажбурий меҳнатда айблаб, тегишли давлат органларига шикоят қилиш керак.
(Мавзуга алоқадор мақола: Пахта теримига мажбуран олиб чиқиш мумкинми?)
Иккинчидан, ўн тўрт ёшдан ўз саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган шахслар битимларни, мазкур мавзуда, пахта териш ҳақидаги тилхатларни, ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийлари розилиги билан беришлари керак. Мазкур талабга риоя этилган тақдирда ҳам, пахта териш ҳақидаги тилхатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ келмайдиган мажбуриятларни яратгани учун ҳақиқий ҳисобланмайди. Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш Вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2009 йил 26 июндаги 33Қ/Б 13-сонли қарорига Илова сифатида “Ўз саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари” Рўйхати қабул қилинган бўлиб, ундаги тақиқланган меҳнат турлари қаторига “пахтани қўлда териш” ҳам киритилган (ХХХVIII бобга қаранг).
Демак, пахтани қўлда териш ишларида 18 ёшдан кичик бўлган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланиш тақиқланади. Бундай ҳолатда 18 ёшга тўлмаган киши ўз хоҳиши билан пахта теримига чиқиши мумкинлиги ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Қолаверса, 2008 йил 12 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги конвенцияни ҳамда болалар меҳнатиинг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида” Қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 26 мартда қабул қилган “Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисидаги конвенцияни ҳамда болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенцияни 2012-2013 йиллларда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида”ги Қарорининг мазмунидан келиб чиқиладиган бўлса, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ва бундай меҳнатдан фойдаланиш тақиқланади.
Аксинча, агар шундай тилхатлар коллеж талабаларига мажбурлаб ёздирилаётган бўлса, талабалар коллеж раҳбариятини Ўзбекистон қонунларида тақиқланган мажбурий меҳнатга мажбурлашда айблаб, тегишли давлат органларига (масалан, прокуратура ва судга) мурожаат қилишлари керак. Шу мазмунда ёзилган тилхат талабани курсдан-курсга ўтказмасликка асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас. Агар коллеж раҳбарияти талабани шундай деб қўрқитаётган бўлса, бу ҳам ўз хоҳишига қарши меҳнат қилишга мажбурлаш тури бўлиб, талаба зудлик билан тегишли давлат органларига шикоят қилиши керак. Бунинг учун мажбурий меҳнат устидан шикоят аризаси намунаси билан танишиб чиқишингизни тавсия қиламиз.
5 Comments