Читайте эту статью на русском
Сайтимизда мажбурий меҳнат, хусусан, пахта теримига чиқишга мажбурлаш ҳолати ва унинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида бир неча мақола чоп этган эдик. Шундан сўнг фуқаролардан ушбу мавзуга доир янги саволлар кела бошлади. Қуйида улардан бирини эътиборингизга ҳавола этамиз:
“Салом, мен Бухоро Давлат Тиббиёт Институтига шу йил ўқишга қабул қилиндим. Пахтага ҳамма чиқишга мажбур дейишяпти. Мен ёлғиз фарзандман, отам вафот этган десам ҳам фарқи йўқ, ҳамма университетга кирган талабалар пахтага чиқади дейишяпти. Пахтага кимлар бормаслиги мумкин? Қонунчиликда имтиёзлар ҳақида нима дейилган?”
Пахта чиқишга ҳеч ким мажбур этилиши мумкин эмас. Бундай мажбурлашлар мажбурий меҳнат ҳисобланиб, Ўзбекистон қонунчилигида тақиқланган хатти-ҳаракатдир. Қонун билан тақиқланган хатти-ҳаракат учун эса табиий ҳолда имтиёзлар белгиланиши мумкин эмас. Истамаган ҳар қандай одам пахта теримига қатнашишни рад этиши мумкин.
Талабаларни пахта теримига жазо қўллаш билан таҳдид қилиш орқали мажбурлаб олиб чиқиш мажбурий меҳнат ҳисобланади. Мажбурий меҳнат Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддаси ва Меҳнат Кодексининг 7-моддаси билан тақиқланган. Қонунчилигимизга кўра, ишлашга мажбурлаш бирон жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали амалга оширилади. Мажбурий меҳнат таърифида қўлланилган “жазо қўллаш таҳдиди” тушунчаси, назаримизда, кенг тушунча бўлиб, уни фақатгина давлатнинг маъмурий ёки жиноий жазо қўллаш таҳдиди деб тушунмаслик керак. Шу сабабли, давлат мансабдор шахси томонидан бирон кишини ўз ихтиёрига қарши меҳнат қилишига мажбур қиладиган ҳар қандай ҳолат “жазо қўллаш таҳдиди” ҳисобланади.
Агар пахта теримига олиб чиқишда талабаларга таҳдид қилинаётган бўлса, бундай ҳолатларни мажбурий меҳнат деб таърифлаш мумкин. Таҳдидлар турли кўринишда бўлиши мумкин. Масалан, университет мутасаддиси талабалар пахта теримига чиқмаса ва/ёки белгиланган кунлик нормани топширмаса, уларни ўқишдан ҳайдаш билан таҳдид қилиши мумкин. Агар сиз пахтага чиқишни истамаслигингизни билдирганингиздан кейин сизга таҳдид қилинса, сиз мажбурий меҳнатни амалга оширишга мажбурланган бўласиз. Бундай хатти-ҳаракат эса ноқонуний бўлиб, тегишли давлат органларига шикоят қилишингиз учун етарли асос ҳисобланади.
Келгусидаги мақолаларимизда бундай ноқонуний хатти-ҳаракатлар устидан шикоят ёзиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берамиз.
Қўшимча маълумот: Мажбурий меҳнат устидан шикоят аризаси намунаси
One Comment