Dolzarb mavzu, Maqolalar

Пахта теримидан олинган даромадга солиқ солинадими?

Читайте эту статью на русском

Шу йилдан бошлаб Ўзбекистонда пахта теримида даромад солиғи деган нарса чиқди.  Мисол учун терилган бир кило пахта 210 сўм бўлса,  шундан 30 сўмини даромад сoлиғи дея олиб қолишмоқда.  Бу нимани англатади? Нимага шу вақтгача бўлмаган даромад солиғи бу йил келиб энди қўлланилаяпти?  Вояга етмаганлардан ҳам даромад сoлиғи олиниши тўғрими?

Амалдаги қонунчиликка кўра,  солиқ тўлаш мажбурияти тўловчининг ёши билан эмас,  даромад топиши ҳолатига боғлиқ.  Шунинг учун вояга етмаганлар ҳам даромад солиғи тўлайдилар.  Қонунчилик даромад солиғи тўлайдиган кишилар доирасини фақатгина резидент ва норезидент тоифаларга ажратади (Солиқ Кодекси,  169-модда).

Пахта теримидан олинадиган даромадга солиқ солиш масаласи Ўзбекистон Республикаси Парламентида жорий йилннг 26-июл куни “Фермер хўжаликлари тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш мобайнида муҳокама қилинди.  Қонун лойиҳасида мавсумий пахта терими каби қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этилганлардан даромад солиғи олинмаслиги назарда тутилган.  Аммо қонун лойиҳаси ҳали қонуний кучга киргани йўқ.

Масаланинг эътиборга молик жиҳати шундаки,  “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари,  ажнабий фуқаролардан ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан ундириладиган даромад солиғи тўғрисида”ги Қонунга биноан,  қишлоқ хўжалиги ишларига давлат корхоналари,  ташкилотлари ва ўқув юртлари томонидан юборилган фуқаролар даромад солиғидан озод этилади,  деб белгиланган эди.  Аммо бу Қонун 1998 йил 1 январда ўз кучини йўқотган.  Яъни,  шу кундан буён ҳар бир шахс даромадидан солиқ тўлаши шарт.  Аммо давлат баъзида айрим солиқ турлари ёки айрим солиқ тўловчиларга нисбатан имтиёзлар эълон қилади.  Бу имтиёзлар кўпинча вақтинча характерга эга бўлади.  Юқоридаги Қонунда белгиланган пахта теримидан олинадиган даромадга солиқ солмаслик ҳам шундай давлат имтиёзларидан бири эди ва у вақтинчалик характерга эга бўлганлиги учун,  маълум вақт ўтгач,  яъни 1998 йилда бекор қилинган.   Эндикликда даромад солиғи умумий ҳолат бўйича амалдаги Солиқ Кодекси билан тартибга солиняпти.

Қуйида Солиқ Кодексига кўра даромад солиғи қандай тартибда солиниши ва ҳисобланаши ҳақида маълумот берамиз.

Жисмоний шахсларнинг даромадига солиқ солиш асослари

Солиқ Кодексининг 170-моддага биноан,  солиқ солинадиган база жами даромаддан келиб чиқиб аниқланади.  Жами даромадга қуйидагилар киради:

–          меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар;

–          мулкий даромадлар;

–          моддий наф тарзидаги даромадлар;

–          ва бошқалар (171-модда).

Даромад солиғи,  асосан,  меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан ушлаб қолинади.  172-моддада “меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар” қандай даромадлардан ташкил топиши белгиланган.  Унга кўра,  иш берувчи билан меҳнатга оид муносабатларда бўлган ва тузилган меҳнат шартномасига мувофиқ ишларни бажараётган жисмоний шахсларга ҳисобланадиган ва тўланадиган барча тўловлар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар деб ҳисобланади.   Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга,  шу билан бирга,  турли ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш бўйича тузилган шартномаларга мувофиқ тўланадиган даромадлар ҳам киради.

Демак,  меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан солиқ ушлаб қолиш учун икки ҳолат мавжуд бўлиши керак.  Биринчиси,  жисмоний шахс ва иш берувчи орасида шартноманинг мавжудлиги.  Иккинчиси эса,  даромад мазкур шартномага мувофиқ бажарилаётган ишлардан тушган бўлиши керак.

Шу ўринда савол туғилади.  Бугунги кунда далаларга чиқиб пахта тераётган шахслар шартномага мувофиқ иш бажаряптиларми? Бу саволга жавоб беришда пахта теримига жалб қилинаётганларни уч  асосий гуруҳга бўлишимиз керак.

Биринчи гуруҳга асосий иши давлат корхоналари ва муассасаларида,  шу жумладан,  хусусий фирмаларда бўлган кишилар киради.

Иккинчи гуруҳга пахта даласига яқин ҳудудларда истиқомат қилувчилар,  пахта даласида доимий ишовчилар ва пахта теришга ихтиёрий ёки мажбурий шартлар асосида чиққанлар киради.

Учинчи гуруҳга пахта теришга мажбурланаётган ўрта махсус ва олий ўқув юртлари талабалари киради.

Биринчи гуруҳга кирадиган ишчилар пахта теримидан олган даромадлари устидан солиқ тўлашлари учун,  бу каби ишларни бажариш меҳнат шартномасида белгиланган бўлиши керак.  Зеро,  172-моддага биноан,  меҳнатга ҳақ тўланган даромаддан солиқ ушлаб қолиш учун ишчилар “меҳнат шартномасига мувофиқ ишларни бажараётган” бўлишлари керак.  Иккинчи ва учунчи гуруҳдаги ишчиларга тўланган ҳақдан даромад солиғини ушлаб қолиш учун ҳам иш шартнома асосида амалга оширилган бўлиши керак.  Иккинчи ва учинчи гуруҳга кирадиганларнинг меҳнати пудрат шартномаси асосида амалга ошилилиши керак.  Фуқаролик Кодексининг 631-моддасига кўра,  пудрат шартномасида бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади.  Буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади.

(Мавзуга алоқадор мақола:  Қандай ҳолатларда меҳнат шартномаси қайта тузилади?)

Даромаддан солиқ ушлаб қолиш тартиби

Солиқ Кодексининг 181-моддасига биноан,  энг кам ставка бўйича солиқ солинадиган даромадлар ичига жисмоний шахсларнинг корхоналар,  муассасалар,  ташкилотлар томонидан вақтинчалик қишлоқ хўжалиги ишларини бажаришга жалб этилишидан тушган даромадлари ҳам киради.

Умуман олганда,  маҳнат ҳақидан ушлаб қолиш фақатгина ишчи розилиги билан амалга оширилиши мумкин.  Меҳнат Кодексининг 164-моддасида мазкур қоидага истисно белгиланган.  Унга кўра,  солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар,  ишчи розилигидан қатъи назар,  меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин.  Бу ҳолатда,  солиқ агентлари ишчига ушлаб қолинган даромад солиғи суммаси тўғрисида маълумотнома беришлари шарт.  Кодекснинг 186-моддасига биноан,  солиқ агентлари жисмоний шахнинг талабига биноан унга даромадларининг суммалари ва турлари ҳақида,  шунингдек,  жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммаси тўғрисида маълумотнома беришлари шарт.  Мазкур маълумотнома Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги томонидан белгиланган шаклдаги маълумотнома бўлиши керак.

Кодекснинг 122-моддасига кўра,  давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахсларининг ҳаракатлари устидан шикоят давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органига ёки судга қилинади.  Бунда шикоят қилиш тартиби “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисидаги”ги Қонунга кўра амалга оширилади.

Демак,  саволда тилга олинган пахта терувчиларнинг даромади солиққа тортилиши қонуний ҳолат ҳисобланади.  Фақат бунинг учун пахта теримига чиқувчи

а)      асосий иши давлат корхоналари ва муассасаларида,  шу жумладан,  хусусий фирмаларда бўлиб,  пахта теримидан олган даромадлари устидан солиқ тўлаши учун,  бу каби ишларни бажариш меҳнат шартномасида белгиланган бўлиши керак ва ходим бундай шароитдаги ишга чиқишга рози бўлиши керак.  Агар ходим мажбуран пахта даласига теримга олиб чиқилаётган бўлса ва бу меҳнат шартномасида қайд этилмаган бўлса,  албатта,  бу қонунларга (Меҳнат кодексининг 7-моддаси) зид ҳисобланади ва бундай ҳолатда ходим солиқ тўлашдан бош тортиши лозим.

б)      пахта даласига яқин ҳудудларда истиқомат қилувчилар,  пахта даласида ишлаш асосий даромад манбаи бўлган ва пахта теришга ихтиёрий чиққанлар пудрат шартномаси асосида меҳнат қилаётган бўлса,  олаётган даромадидан солиқ тўлаши шарт.   Агар улар пахта теришга мажбурланаётган бўлса ёки пудрат шартномаси асосида меҳнат қилмаётган бўлса,  олаётган даромадидан солиқ тўлашдан бош тортиши мумкин ва мажбурий меҳнат устидан тегишли жойларга шикоят қилиши лозим.

c)      пахта теришга мажбурланаётган ўрта махсус ва олий ўқув юртлари талабалари олаётган даромадларидан солиқ тўлашдан бош тортиши мумкин ва мажбурий меҳнат устидан тегишли жойларга шикоят қилиши лозим.

(Мавзуга алоқадор мақола:  Пахта теримига мажбуран олиб чиқиш мумкинми?)

Эслатма:  18 ёшга тўлмаган вояга етмаган шахслар ўз хоҳишлари билан ҳам пахта даласида йиғим-терим ишларида қатнашиши мумкин эмас.  Чунки бундай шароитдаги меҳнат Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш Вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2009-йил 26-июндаги 33Қ/Б  13-сонли қарорига Илова сифатида қабул қилинган “Ўз саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари” Рўйхатига кўра,  тақиқланган меҳнат турлари қаторига киритилган.  Демак,  вояга етмаганларнинг пахта далаларида йиғим-терим ишларида иштирок этиши,  хоҳ мажбуран,  хоҳ ихтиёрий бўлсин,  Ўзбекистон қонунларига кўра тақиқланади.

Comments are closed.