Dolzarb mavzu, Maqolalar

Пахта теримида содир бўлган нохуш воқеалар учун жавобгарлик борми? (Биринчи мақола)

Читайте эту статью на русском

Мустақил гуруҳлар олиб борган кузатув хулосаларига кўра, жорий йил Ўзбекистонда пахта терими билан боғлиқ бахтсиз воқеаларда вафот этганлар сони ўн бир кишига етган. Қурбонларнинг аксариятини вояга етмаганлар ташкил қилади. Бундан ташқари, пахта теримига жалб қилинган ўқувчи ва талабалар ўрасида жиддий тан жароҳати олганлар ёки касалликка чалинганлар сони ҳам талайгина. Аввалги мақолаларимизда пахта теримига 18 ёшга тўлмаган болаларни (хоҳ мажбурий, хоҳ ўз хоҳишига кўра бўлсин) жалб этиш Ўзбекистон Республикаси қонунларига кўра қатъиян тақиқланиши ҳақида ёзган эдик.

Мазкур мақоламизда пахта даласида нохуш воқеа содир бўлиши оқибатида теримчилар азият чеккан ҳолатларда ким қандай жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида маълумот берамиз.

Жавобгарликнинг турлари қандай?

Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг содир этилиши юридик жавобгарлик учун асос бўлади. Юридик жавобгарликнинг 4 асосий кўриниши мавжуд: жиноий, маъмурий, интизомий ва фуқаролик-ҳуқуқий.

Ўзбекистон Жиноят Кодекси билан тақиқланган ҳар қандай жиноятни содир этиш жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради. Жиноий жавобгарлик энг оғир юридик жавобгарлик ҳисобланиб, бундай хатти-ҳаракатни содир этган шахс озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Масалан, пахта далаларида учрайдиган айрим нохуш воқеалар учун Жиноят Кодексининг қуйидаги моддаларини қўллаш мумкин:

102-модда (эҳтиётсизлик орқасидан одам ўлдириш); 116-модда (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик); 117-модда (хавф остида қолдириш); 205-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш); 206-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш); 207-модда (мансабга совуққонлик билан қараш) ва 208-модда (ҳокимият ҳаракатсизлиги).

Маъмурий жавобгарлик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексни бузганлик натижасида келиб чиқади. Маъмурий жавобгарликда ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга кўпинча жарима солинади. Масалан, пахта далаларида санитария талабларига риоя этишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга Кодекснинг 53-моддасига биноан энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.

Интизомий жавобгарлик асосан иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатлардан келиб чиқади. Ходим ўз меҳнат мажбуриятларини бажармаганлиги ёки уларга совуққонлик билан қарагани учун, бундай хатти-ҳаракатлар оғир шикаст етказмаганда, интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик эса асосан мулкий ва/ёки маънавий зарар етказилгани сабабли келиб чиқади ва зарар етказган томондан зарарни тўла қопланиши талаб қилинади.

Кимлар жавобгарликка тортилиши мумкин?

Пахта даласида содир бўлган нохуш воқеага алоқаси бўлган ҳар қандай жисмоний ва юридик шахсга нисбатан юқорида санаб ўтилган жавобгарлик турларининг биттаси ва/ёки бир нечтаси қўлланилиши мумкин. Жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган энг асосий жисмоний ва юридик шахслар доирасига қуйидагилар киради:

Давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқарувчи органлари

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисидаги Қонуни”га биноан, ҳар бир фуқаро давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) билан ўз ҳуқуқлари ёки эркинликлари бузилган деб ҳисобласа, шикоят билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Қонуннинг 2-моддасига биноан, судга шикоят қилишга лойиқ хатти-ҳаракатларга қуйидагилар киради:

– фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузган;

– фуқаронинг ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини рўёбга чиқаришига монелик туғдирган;

– фуқаро зиммасига қонунга хилоф равишда қандайдир мажбурият юклатилишига сабаб бўлган хатти-ҳаракатлар (қарорлар).

Масалан, мактаб ўқувчиларини пахта даласига мажбуран олиб чиқиш натижасида ўқувчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилади. Шу билан бирга, мажбурий меҳнат ўқувчиларнинг таълим олишига ва соғлом ҳаёт кечиришига салбий таъсир кўрсатгани сабабли, бундай ҳаракатлар унга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришга монелик туғдирганини ҳам асос қилиб келтириш мумкин.

Жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган давлат органлари

Infographics-Yuk-ko'tarish-300pxМаълумки, Ўзбекистон Республикаси болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйиш тўғрисидаги бир нечта халқаро шартномаларни ратификация қилган. Мазкур шартномалардаги мажбуриятларни амалга ошириш учун, 2008 йилда Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги Конвенция ҳамда болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги Конвенцияни амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида” Қарор қабул қилган. Мазкур Қарорга кўра, ратификация қилинган халқаро шартномаларни миллий қонунчиликка татбиқ қилиш учун Миллий Ҳаракат Режаси (МҲР) ишлаб чиқилган. МҲРнинг 20-банди 1-қисмида умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик юзасидан жойларда мониторинг олиб бориш учун ишчи гуруҳ ташкил этилиши кераклиги белгиланган. 20-банд 3-қисмида эса, ҳар йили – 10 сентябрь, 10 октябрь, 10 ноябрь ва 10 декабрь кунлари мониторинг натижалари тўғрисидаги таҳлилий маълумотнома тегишли таклифлар билан бирга Вазирлар Маҳкамасига киритилиши лозимлиги ва бу вазифа ижроси учун қуйидаги давлат органлари масъул эканлиги айтилган:

– Халқ таълими вазирлиги;

– Меҳнат ва аҳолини ижтимоий маҳофаза қилиш вазирлиги;

– Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги;

– Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши;

– Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари.

Демак, пахта терими билан боғлиқ ишларда юз берган ҳуқуқбузарликлар учун юқорида номи тилга олинган давлат идоралари масъул ҳисобланади.

Таълим масканлари раҳбарлари

Мактаб ва бошқа ўқув муассасалари ўқувчи-талабаларининг пахта теримига ноқонуний жалб этилгани учун ушбу ўқув масканлари раҳбарлари ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин.

Таълим тўғрисидаги қонуннинг 3-моддасига кўра, Ўзбекистонда умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими мажбурий ҳисобланади. Шундай экан, ўқиш даври давомида мазкур таълим масканлари ўқувчиларнинг хавфсизлиги ва соғлиғи учун ўқув маскани мутасадди раҳбарлари жавобгардир.

Ўзбекистон Республикаси Умумтаълим мактаби тўғрисида Низомнинг 5-бандига биноан, умумтаълим мактаби таълим-тарбия ишларини ҳар бир шахс, жамият ва давлат манфаатларини кўзлаган ҳолда амалга оширади; ўқувчиларнинг ҳар томонлама камол топиши учун қулай шарт-шароитлар, шу жумладан, уларнинг ўз устида мустақил ишлашлари ҳамда қўшимча билим олишлари учун имкониятлар яратилишини таъминлайди. Низомнинг 10-бандида эса мактаб ҳокимият ва бошқарув органлари, ота-оналар ва педагогик жамоатчилиги олдида шахснинг таълимга бўлган конституцион ҳуқуқининг амалга оширилиши, таълим-тарбия жараёнини ташкил этишнинг танланган шакллари ўқувчилар ёшининг руҳий-физиологик хусусиятларига, соғлиқни сақлаш талабларига мувофиқ келиши (Таъкид Ташаббусники), ўқувчилар томонидан ўқув материалларининг қўйилган талаблар асосида сифатли ўзлаштирилиши учун масъуллиги белгиланган.

Мазкур мажбуриятлар учун, энг аввало, умумтаълим мактаби директорлари масъулдир. Низомнинг V бобида мактабнинг ўқув-тарбия жараёнига ва кундалик фаолиятига бевосита раҳбарликни директор амалга ошириши белгиланган. Худди шундай қоида Касб-ҳунар мактаби тўғрисидаги ва Касб-ҳунар лицейи тўғрисидаги Низомларда ҳам белгиланган. Мактаб директорининг асосй вазифалари қаторига ўқув-тарбия жараёнини режалаштириш ва ташкил қилиш, унинг бориши ва натижаларини, мактаб дастурларининг бажарилишини назорат қилиш; мактаб ишларининг сифати ва самарадорлигига, болаликни ва меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этиш, ўқувчиларнинг овқатланишига жавоб бериш (Таъкид Ташаббусники), мактабдан ташқари ва синфдан ташқари ишларни ташкил қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш киради.

18-yoshga-tolmaganlar-1Ўқувчиларнинг пахта далаларига олиб чиқилиши мазкур мажбуриятларнинг биронтаси ҳам бажарилмаслигига сабаб бўлади. Чунки, аввало, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва йиғиштириб олиш учун таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларидан фойдаланишда меҳнатни муҳофаза қилиш мақсадида қабул қилинган Қоидалар мактаб ўқувчиларини пахта теримига олиб чиқишни қатъиян тақиқлайди. Масалан, унда қуйидаги қоидалар белгиланган:

– Пахта терими зарарли ва ноқулай меҳнат шароитида амалга оширилгани учун, унга ўн саккиз ёшга тўлмаганларни жалб қилиш тақиқланади;

– Ўқувчи ва талабалар дастлабки тиббий кўрикдан ўтгандан кейингина қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиниши лозим. Шу билан бирга, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари раҳбарияти ва касаба уюшмаси қўмитаси биргаликда қишлоқ хўжалик ишлари бошланишидан олдин мазкур жараёнга жалб қилиниши лозим бўлган ўқувчи ва талабаларнинг рўйхатини тузиб, тиббий кўрикдан ўтишини таъминлайди.

– Ўқувчи ва талабаларни далага олиб чиқиш ва олиб келишдан олдин раҳбар йўқлама қилиши ва уларга бажариладиган иш турлари бўйича тўлиқ тушунтириш, йўл-йўриқлар бериши лозим;

– Иш жойларига олиб бориш ва қайтариб келиш фақат куннинг ёруғ пайтида амалга оширилиши лозим;

– Ғўза баргини тўкиши учун кимёвий ишлов берилган майдонга ўқувчи ва талабалар камида 10 кун муддат ўтгандан кейингина ишлашига рухсат этилиши лозим;

– Ўқувчи ва талабалар пахта теримига жалб қилинишидан олдин махсус кийим-бошлар билан таъминланиши керак;

– Ўқувчи ва талабаларнинг ғўза ичида, пахта ғарами устида ва даланинг бошқа мослаштирилмаган ҳудудларида дам олиш (ухлаш)ларига йўл қўйилмайди.

Демак, талабалар ўқув жараёни давомида пахта теримига олиб чиқилган ҳолатда таълим муассасаси директори юқоридаги қоидалар бажарилишини таъминлаши шарт. Мазкур шартлардан биронтаси бажарилмаганда, директор жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Пахта даласидаги тиббиёт ходимлари

Пахта даласидаги доктор ёки ҳамширанинг жавобгарлиги ҳам унинг мажбуриятларидан келиб чиқиб белгиланади. Мажбуриятлар доираси кўп ҳолатларда меҳнат шартномасида ва шу каби бошқа ҳужжатлар билан белгиланади. Масаланинг қийин жиҳати шундан иборатки, тиббиёт ходимларининг пахта даласига чиқиб пахта тераётганларга тиббий ёрдам кўрсатиши ҳеч қандай расмий ҳужжатда белгиланмаган. Шундай бўлса ҳам, пахта далаларига тиббиёт ходимлари бириктириляпти ва улар пахта терувчиларнинг соғлиғи учун масъулдирлар.

Умумтаълим мактаби тўғрисида Низомнинг 3-бандига мувофиқ, ўқувчиларга тиббий хизмат кўрсатиш штатли ёки мактабга махсус бириктирилган тиббиёт ходими томонидан бажарилади. У маъмурият билан бир қаторда болаларнинг соғлиғи ва жисмоний ривожланиши учун масъулдир. У тор доирадаги мутахассислар ёрдамида болалар саломатлигини йиллик текширувдан ўтказади, даволаш-профилактика тадбирларини амалга оширади, санитария-гигийена нормаларига, мактаб ўқувчилари овқатланишининг тартиби ва сифатига, жисмоний ва ақлий нагрузкалар ўлчовларига риоя қилади.

Тавсиялар

Пахта терими пайтида теримчиларга азият етказувчи нохуш воқеа юз берган ҳолатда, жабрланувчи ёки унинг оила аъзолари тегишли ҳуқуқий чораларни кўришлари керак. Шулардан энг асосийси нохуш воқеа ва уни келтириб чиқарган сабаблар ўртасида ўзаро боғлиқликни қуриш.

Масалан, ўқувчини пахта даласи олдида машина уриб кетса, жавобгарликка нафақат ҳайдовчи, балки мактаб директори ҳам тортилиши мумкин. Зеро ўқувчи ўқув жараёни давомида пахта даласида эмас, балки мактабда таълим олиш билан машғул бўлганда, нохуш воқеа содир бўлмаган бўларди. Шу йўсинда, ўқувчиларни пахта даласига олиб чиқишда маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам қатнашган бўлса, улар ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин.

Ёки пахта терими давомида тиббиёт ходимига бетоб бўлаётганидан шикоят қилган ўқувчини назоратдан ўтказиб, тегишли даволаш чораларини кўрмасдан, аксинча, ўқувчини пахта теришда давом этишга буюрган тиббиёт ходими ҳам маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Шуниндек, нохуш воқеага тегишли барча маълумотлар расмийлаштирилишига, тегишли ҳужжатларга киритилишига эътибор бермоқ лозим. Масалан, нохуш воқеа натижасида бирор киши вафот этган бўлса, бунга нима сабаб бўлганлиги, воқеа соати, шарт-шароитлари ва ҳоказолар ҳуқуқ-тартибот органи ходими тузадиган далолатномага аниқ киритилишини назорат қилиш керак. Шунингдек, жабрланувчига тан жароҳати етказилганда, жабрланувчи ёки унинг оиласи зудлик билан докторга мурожаат қилиб, жароҳатнинг сабаби, нохуш ҳодисанинг содир бўлган вақти, жароҳатнинг оғирлиги каби ҳолатларнинг барча тафсилотлари билан қайд этилишини назорат қилишлари керак. Бундай ҳужжат асосан доктор кўригидан кейин тузилади.

Нохуш воқеага тегишли ҳужжатларнинг нусхасини жабрланувчи тараф, албатта, йиғиб бориши керак. Шу билан бирга, воқеа тафсилотлари ўзгартирилишига ҳеч қачон йўл қўймаслик керак. Масалан, мактаб маъмурияти фақат мактаб ҳудудида содир этилган ҳодиса ёки мактаб томонидан уюштирилган тадбир давомида содир бўлган нохуш воқеа учун жавобгарликка тортилиши мумкин. Шунинг учун мактаб вақтида ўқувчилар қаерда бўлгани, нима иш билан машғул экани каби масалаларга эътиборни қаратиш лозим. Ўқитувчи, таълим муассасаси ходими ёки ҳокимиятда ишлайдиган мансабдор шахс ҳодиса тафсилотларини, хусусан, нохуш воқеа содир бўлган вақт, жой, шарт-шароитлар каби маълумотларни ўзгартиришга ҳаракат қилиши мумкин. Бундай бўлишига асло йўл қўймаслик керак.

Навбатдаги мақоламизда пахта терими давомида юз берган нохуш воқеалардан азият чеккан жабрланувчиларнинг тўлов ундириш ёки етказилган зарарни қоплаш бўйича қандай ҳуқуқлари борлиги ҳақида маълумот берамиз.

Comments are closed.