Читайте эту статью на русском
Игорь Савицкий номидаги давлат санъат музейи директори Мариника Бабаназарованинг ишдан бўшатилиши Ўзбекистонда кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлди. Афсуски, Бабаназарова иши мажбурий ишдан бўшатиш билан боғлиқ биргина ҳолат эмас. Аксинча, раҳбарлар босими остида «ўз ихтиёрига биноан» ишдан кетиш ҳолатлари Ўзбекистонда аллақачон систематик характер касб этиб улгурган. Мариника Бабаназарова иши мисолида биз ўз ихтиёрига биноан ишдан бўшашнинг асосий ҳуқуқий аспектларини кўриб чиқиб, ўқувчиларга бундай ҳолатларга қарши қўллаш мумкин бўлган ҳуқуқий чоралар ҳақида маслаҳат бермоқчимиз.
Маълум бўлишича, Мариника Бабаназарова 21 август куни ишдан бўшаш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси маданият вазири номига ариза ёзган. 24 август куни М.Бабаназарова ўз аризасини қайтариб олган бўлишига қарамай 28 август куни Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги (бундан кейин Маданият вазирлиги деб ишлатилади) матбуот хизмати М.Бабаназарованинг ишдан озод қилинганлиги тўғрисида расмий маълумот берди. 29 август куни эса М.Бабаназарова Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедовга о ч и қ х а т ёзди. Мазкур хатда ишдан бўшаш тўғрисидаги ариза «босим остида ва асабий зўриқиш ҳолатида» ёзилгани айтилади.
Ўзбекистон Республикасидаги меҳнат муносабатлари асосан М е ҳ н а т к о д е к с и билан тартибга солинади. Меҳнат шартномасини тўхтатиш асоси Меҳнат кодексининг 97-моддасида белгиланган бўлиб, унда бошқа ҳолатлар билан бир қаторда томонлардан бирининг ташаббусига кўра меҳнат шартномасининг тўхтатилиши ҳам кўзда тутилган. Мазкур кодекснинг 99-моддасида ходим ташаббусига кўра меҳнат шартномасининг тўхтатилиши қандай бўлиши аниқ белгилаб қўйилган.
Унга кўра, ходим иш берувчини икки ҳафта олдиндан ёзма тарзда огоҳлантирган ҳолда меҳнат шартномасини (муддати белгиланган ва муддати белгиланмаган) тўхтатиш хуқуқига эга. М.Бабаназарова ишдан бўшаш тўғрисидаги аризани 21 август куни ёзган. Иш берувчига ишдан бўшаш тўғрисидаги ариза берилган кун ариза топширилган кун ҳисобланади. Огоҳлантириш муддатини ҳисоблаш эса ариза топширилган куннинг эртасидан бошланади. Агар ариза иш берувчига ўша куни берилган деб фараз қилинса, мос равишда, меҳнат шартномасини тўхтатиш куни 4 сентябрь бўлиши керак (огоҳлантириш муддатини ҳисоблашда календарнинг ҳамма кунлари ҳисобга олинади).
Бироқ 99-модданинг М.Бабаназарова иши билан алоқадорлигининг муҳим жиҳат шундаки, унга кўра, огоҳлантириш муддати (ариза берилгандан кейин икки ҳафта) давомида ходим ўзи берган аризани қайтариб олиш ҳуқуқига эга. М.Бабаназарова ҳам шундай қилган, яъни 24 август куни аризасини қайтариб олган. Шунга мувофиқ равишда, ана шу кундан кейин М.Бабаназарованинг ишдан бўшаши тўғрисидаги масала умуман қайта кўтарилмаслиги керак эди. Шу билан боғлиқ равишда савол туғилади: агар иш берувчи бу пайтда меҳнат шартномасини тўхтатиш тўғрисида буйруқ чиқариб қўйган бўлса ва/ёки «ишдан бўшатилган» ходим вазифасини вақтинча бажарувчи кишини тайинлаб қўйган бўлса нима қилинади?
Бу ўринда Ўзбекистон Республикаси Олий Пленумининг 1998 йил 17 апрель №12 сонли «Судлар томонидан меҳнат шартномасини тўхтатишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш тўғрисида»ги қарорига ўқувчилар эътиборини жалб қилишга тўғри келади. Шу қарорнинг 15-бандида қонунда кўрсатилган огоҳлантириш муддати ичида ходим меҳнат шартномаси тўхтатилганлиги тўғрисида буйруқ чиққан ёки чиқмаганидан қатъи назар аризасини қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Унинг ўрнига бошқа ходимнинг таклиф қилинганлиги ходимнинг аризасини қайтариб олишини рад этиш учун асос бўла олмайди, чунки иш берувчи ўз ходими билан тузган меҳнат шартномаси тўхтатилгандан кейингина бу лавозимга бошқа ходимни ёллаши мумкин.
Агар М. Бабаназарова ўз аризасини қайтиб олмаган тақдирда ҳам, аризанинг босим остида ёздирилгани муҳим фактдир. Низомнинг 15 пункти ишчининг ёзма аризаси унинг ишдан кетишга бўлган ҳақиқий хоҳишини акс эттириши керак. Агар иш судгача бориб етса, суд даъвогарнинг иш берувчининг меҳнат шартномасини бекор қилишга ариза беришга мажбур қилганлиги ҳақидаги гапларини диққат билан текшириши керак бўлади. Меҳнат шартномасининг бекор қилинишига асос борлигини исботлаш иш берувчига юклатилса-да (Меҳнат кодекси, 111-модда), ишчи босим ва таҳдид нимада намоён бўлганлигини кўрсатиши керак.
Меҳнат низоларини ҳал қилишда муддат масаласида жуда эҳтиёткор бўлиш талаб қилинади. Меҳнат кодексининг 270-моддасида меҳнат низоларини ҳал қилиш учун судга мурожаат қилишнинг қуйидаги муддатлари белгилаб қўйилган:
– ишга тиклаш низолари бўйича – ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой;
– ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарни тўлаш ҳақидаги низолар бўйича – зарар етказилганлиги иш берувчига маълум бўлган кундан бошлаб бир йил;
– бошқа меҳнат низолари бўйича – ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб уч ой.
Мариника Бабаназарованинг иши биринчиси ҳам эмас, охиргиси ҳам. Бундай ҳолат ҳар қандай инсон билан рўй бериши мумкин.
Бундай вазиятларда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун инсон, аввало, уларни билмоғи лозим. Ишчилар Меҳнат кодексининг асосий қоидалари билан танишиб чиқишлари керак. Меҳнат кодекс ива Ўзбекистон Республикасининг барча қонунчилик ҳужжатлари LexUz Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги маълумотлари миллий базасида рус ва ўзбек тилларида мавжуд. Ишчига ишдан бўшаши учун босим ўтказилганда ишчи қарор қилишга шошмаслиги ва қарши ҳаракат қилишга имкон берадиган ҳуқуқий меъёрлар ҳақида ўйлаши керак. Малакали ҳуқуқшунос билан маслаҳатлашиш, босим нимада намоён бўлган бўлса, ўшанинг далилларини йиғиш, меҳнат интизомини (дисциплинасини) бузиш борасида айблашга замин яратмаслик, интизомига (дисциплинага) доир қўйилган жазога қарши курашиш, ҳужжатларнинг нусхаларини талаб қилиш ва йиғиш, ишнинг мустақил ҳолда кўриб чиқилишига, одил ҳукмнинг суд томонидан чиқарилишига ишонмоқ даркор. Имкони борича, сизнинг вазиятингизнинг ОАВда кенг ёритилишига ҳаракат қилиш керак.