2017 йил ёз ойларида ҳижобли абитуриентларнинг олий таълим муассасасига аризаси қабул қилинмай, ариза топшириш учун улардан рўмолини ечиш сўралгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ижтимоий тармоқларда ва аҳоли ўртасида ҳижоб ўраш ноқонунийми, деган баҳслар яна бир бор янгради. Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосарининг Миллий матбуот марказида ўтказилган йиғилишда аёллар рўмоли ҳақидаги саволларга жавоби мазкур мавзуни ижтимоий тармоқларда яна бир бор муҳокама қилинишига сабаб бўлди.
Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи вилоятлардан бирида ўтказган тадбирда рўмол қизларни рўмолдан чиқариш бўйича тарғибот олиб боргани ҳам кескин норозиликларга сабаб бўлди.
Аёлларнинг диний эътиқодини ифода этувчи рўмолни ўрашни тақиқлаш, уни мажбуран ечдириш ва ўз эътиқодига кўра кийинганларнинг меҳнат жойи, таълим ва давлатнинг ижтимоий хизматларида камситилиши, уларга шубҳа ва гумон билан қараш ҳамда жамиятда обрўсини туширишга уриниш, аввало, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва миллий қонунларига, қолаверса, Ўзбекистон устунлигини тан олиб ратификация қилган халқаро инсон ҳуқуқлари нормаларига хилофдир. Pўмол қонун даражасида тақиқланган тақдирда ҳам мазкур қонун Конституция ва халқаро ҳуқуқ нормаларига зид келади ва бундай қонунни зудлик билан бекор қилиш лозим бўлади.
Ушбу мақолада диний эркинликлар, хусусан, диний либос кийиб юриш каби дин ёки эътиқодни ошкор этиш эркинлиги ҳақида Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунлари, Ўзбекистон Республикаси устунлигини тан олиб ратификация қилган ва уларнинг ижросини таъминлаш учун масъул бўлган халқаро инсон ҳуқуқлари стандартлари ҳамда Ўзбекистондаги ҳижобга бўлган расмий ва норасмий сиёсатни таҳлил қиламиз. Шунингдек, диний эркинликлар бўйича Ўзбекистонда қонунчиликни ва муҳитни яхшилаш учун фуқаролар ҳамда давлат органлари нималар қилиши лозимлиги бўйича тавсиялар берамиз.
Виждон эркинлиги бўйича миллий қонунчилик таҳлили
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси виждон эркинлигини кафолатлайди. Унинг 31 моддасида шундай дейилади:
«Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди».
Лекин «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг 14 моддаси 5 бандида белгиланган қуйидаги норма ҳижобга оид кўплаб тушунмовчиликларга сабаб бўлиб келмоқда:
“Ўзбекисон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди”.
Худди шу қоида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1841-моддасида ҳам ўз аксини топган:
«Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришлари – энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараварича миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади».
Юқоридаги қонун нормаларидан маълум бўладики, Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришлари тақиқланади ва бу ҳаракат тегишли жавобгарликни келтириб чиқаради.
Хўш, рўмол ибодат либосига кирадими? Афсуски, бунга аниқ жавоб йўқ, чунки бу саволга ҳар ким ўзининг фикрлашидан келиб чиққан ҳолда субъектив жавоб бергани учун ким учундир рўмол ўраш ибодат, ким учундир эса оддий кийим ҳисобланади. Бундан ташқари, агар рўмолни ибодат либоси деб оладиган бўлсак, унда ўзбек аёллари томоғининг орқасидан қилиб рўмол ўраши нима бўлади? Уни ҳам кимдир ибодат деб ўраши мумкин, кимдир эса оддий кийим деб. Ҳар қандай бош кийим ёки бошқа кийимни бу ибодат либосими ёки йўқми дея жавоб қидиришнинг ўзи мантиқсизлик бўлади. Чунки бу саволларнинг жавоби ҳар бир шахс учун турлича бўлиб, давлат эса бир гуруҳ шахсларнинг фикрини тўғри дея топиб, уни ҳамма учун мажбурий қонунга айлантириши нотўғри бўлади.
Ҳеч қандай ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмасада, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита 2013 йилда “Ислом шариатида «махсус диний либос», «ибодат кийими» деган тушунча мавжуд эмас, диний қоидалар беркитишни талаб қилган аъзоларни ёпиб турувчи кийимни шахс барча ҳолатларда, шу жумладан, ибодат пайтида ҳам кийиши мумкин”, дея маълумот берган эди (1 расмга қаранг). Аслида мазкур ҳолатдаги каби мужмал жумлалар ёки атамалар таърифи ёки уларнинг қонунларга мос келиши ёки келмаслиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди шарҳ бериши керак. Конституциявий суд ўта пассив бўлиб, мустақилликдан бери ўз фаолиятида атиги 38 та қарор чиқарган, холос (жамоатчиликка маълум бўлгани).
2017 йил август ойида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита “ҳижоб ибодат либоси эмас, ҳижоб ўраш тақиқланмаган” дея баёнот чиқарди. Мазкур баёнот ижобий қадам, аммо у масалани ҳал қилмайди. Бунга қуйидаги икки сабаб бор:
Дин ишлари бўйича қўмитанинг мазкур баёноти янгилик эмас. Бундан олдин ҳам Дин ишлари бўйича қўмита ҳижоб ибодат либосими, рўмол кийиш тақиқланадими каби саволларга ўта мужмал, аммо рўмол ибодат либоси эмас, дея жавоб берган эди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг баёноти ҳуқуқий мақомга эга эмас. Виждон эркинлиги тўғрисидаги қонунинг 14 моддаси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1841-моддасида ибодат либосида жамоат жойларида юриш тақиқланади, дейилган. Агар қонун нормаларида тушунмовчилик ва ғализлик бўлса, унга расмий шарҳ берилиши лозим ва шарҳ берилиши натижасида қонун нормасининг ноқонунийлиги, яъни Ўзбекистон Конституцияси ва бошқа қонунларига зидлиги аниқланса, мазкур норма бекор қилиниши лозим.
Қонунга шарҳ бериш жараёнининг ҳам ўз расмий тизими бўлиб, қонунга фақат мазкур қонунни чиқарган орган, яъни Парламент ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди расмий шарҳ бера олади. Бошқа давлат органлари, шунингдек, олимларнинг қонун нормаларига берган шарҳлари асосли ва ўринли бўлиши мумкин, аммо улар қонун ижросига таъсир қиладиган расмий характерга эга бўлмайди.
15 август куни Миллий матбуот марказида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом университети, Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари иштирокида анжуман ташкил этилди.
Тадбир вақтида диний таълимни ривожлантиришда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди. Иштирокчилар орасида диний либос масаласи ҳам ўртага ташланди. Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрири, 14-моддасида “Фуқароларнинг жамоат жойида диний либосда юришига йўл қўйилмайди” дейилгани, аслида диний либос дейилганда қандай кийимлар назарда тутилиши ҳақида саволлар йўлланди.
“Муайян бир динларда айрим расм-русумларни бажариш учун кийиладиган кийимлар белгилаб қўйилган бўлади. Аҳолимизнинг 94 фоизидан ортиғи ислом динига эътиқод қилади. Ислом динида ибодат қилиш учун “буниси – ислом кийими, буниси эса ислом динига зид”, деган тушунчалар йўқ. Бошқа динларда эса ибодат маросимларини ўтказиш учун алоҳида либослар кийилади. Ислом динида эса ибодат учун диний кийим, деган мулоҳазалар ноўрин”, дея қайд этди Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев.
Шунингдек, анжуман давомида аёллар ўраб юрадиган рўмол – диний либос тоифасига кириш-кирмаслиги ҳам муҳокама қилинди.
“Дин ишлари қўмитаси, мутасадди ташкилотлар, маслаҳатчи-экспертлар ҳам рўмолни ҳеч қачон диний либос сифатида эътироф этмаган. Агар рўмолни диний либос сифатида қаралаётган вазиятга дуч келсангиз, бизга мурожаат қилишингиз мумкин. Биз бу масалани кўриб чиқишга тайёрмиз”, деди қўмита раиси ўринбосари.
Тадбир вақтида диний таълимни ривожлантиришда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди. Иштирокчилар орасида диний либос масаласи ҳам ўртага ташланди. Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрири, 14-моддасида “Фуқароларнинг жамоат жойида диний либосда юришига йўл қўйилмайди” дейилгани, аслида диний либос дейилганда қандай кийимлар назарда тутилиши ҳақида саволлар йўлланди.
Ҳозирги кунга қадар кўплаб аёллар айнан рўмол ўрагани учун Маъмурий Кодекснинг юқорида тилга олинган моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилган; иш жойидан, ўқиш жойидан ҳайдалган ва маҳалла, иш, ўқиш жойларида қонуний ва ноқонуний жазо таҳдидлари билан юзлашиб, мажбуран ҳижоблари ечтирилган ҳолатлари рўй берган. Агар мазкур аёллар ўз бузилган ҳуқуқларини тикламоқчи бўлса, Дин ишлари бўйича қўмита судда қатнашиб, уларни ҳимоя қила оладими? Шунча вақтдан бери бузилган ҳуқуқлари учун етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш учун курашадими? Афсуски, шу пайтгача қўмита бундай ишни қилгани йўқ.
Нима қилиш керак?
Демак, Дин ишлари бўйича қўмитанинг «ҳижоб ибодат либоси эмас, ҳижоб ўраш тақиқланмаган» деган шарҳи расмий характерга эга эмас. Қонун нормаларидаги жамоат жойларида ибодат либосида юриш тақиқи ҳануз мужмал ва уни истаган ижро этувчи истаган вақти рўмолни тақиқлаш дея талқин қилиб, фуқароларнинг диний ҳуқуқларини чеклаши мумкин. Мазкур қонун нормасини ҳар қандай вазиятга хизмат қила оладиган мужмал ҳолда қолдириш яхши оқибатларга олиб келмайди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита каби давлат органлари, депутатлар ҳамда фуқаролар мазкур моддадаги ғализликка узил-кесил расмий шарҳ берилишини талаб қилиб, Парламент ёки Конституциявий судга мурожаат қилишлари ёки умуман мазкур моддани бекор қилишни талаб қилишлари лозим. Чунки жамоат жойларида (рўмолдан ташқари бўлган тақдирда ҳам) ҳар қандай ибодат либосини тақиқлаш халқаро инсон ҳуқуқлари нормаларида ва Ўзбекистон Конституция ва қонунларида белгиланган фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини бузади. Бундан ташқари, эртага ибодат либосига ўзбекларнинг миллий дўпписи ёки бошқа кийими ёхуд эркакларнинг соқоли кирмаслигига ким кафолат бера олади?
Диний эркинликни чеклаш натижасида таълимдаги камситишлар
Ўқувчи ва талабаларнинг рўмол ўрашини тақиқлаш Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги қонунига ва энг асосийси Ўзбекистон Республикаси Конституциясига зид ҳисобланади. Чунки Ўзбекистон Республикаси Конститусиясининг 41 моддасида ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг 4 моддаси билим олиш ҳуқуқи деб номланади. Мазкур моддага кўра, жинси, тили, ёши, ирқий, миллий мансублиги, эътиқоди, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, хизмат тури, ижтимоий мавқеи, турар жойи кабилардан қатъи назар, ҳар кимга билим олишда тенг ҳуқуқлар кафолатланади. «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг 7 моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг дунёвий таълим олиш ҳуқуқи уларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар таъмин этилади. Аёл ва қизларнинг ҳижоб ўраши уларнинг таълим олишига тўсқинлик бўлмаслиги керак ва улар бошқалар билан бир хил билим олиш ҳуқуқига эга.
«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг 4 моддаси “Фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар тенг ҳуқуқлилиги” деб номланиб, унга кўра, “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари динга муносабатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Расмий ҳужжатларда фуқаронинг динга муносабати кўрсатилишига йўл қўйилмайди. Фуқароларнинг динга муносабатига қараб уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай чеклаш ва уларга бевосита ёки билвосита имтиёзлар белгилаш, душманлик ва адоват уйғотиш ёхуд уларнинг диний ёки даҳрийлик эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний зиёратгоҳларни оёқости қилиш қонунда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради”, дейилади. Яъни, фуқароларни динга бўлган муносабати учун камситиш ёки ҳуқуқларини чеклаш Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 141 моддаси (Фуқароларнинг тенг ҳуқуқлигини бузиш) ҳамда 156 моддаси (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) 2 қисми талабларига кўра жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.
Pўмолли қиз ва аёлларни рўмол ўрагани туфайли таълимга бўлган ҳуқуқини чеклаб дискриминация қилиш Конституция ва қонунларга хилоф бўлгани каби, рўмолли аёлларни меҳнат фаолиятида ва давлат хизматларидан фойдаланишда дискриминация қилиш ҳам Конституция ва қонунларга хилоф ҳисобланади.
Қонунларнинг ўзаро ихтилофи
Дейлик, рўмол ибодат либоси бўлган тақдирда ҳам, уни кийишни тақиқлаш юқорида санаб ўтган эътиқод эркинлигини кафолатловчи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари ҳамда қуйида муҳокама қилинадиган халқаро ҳуқуқ қоидаларига зиддир. Демак, ҳар қандай ҳолатда ҳам рўмол ўрашни тақиқлаш нотўғри ва ноқонуний бўлади.
Конституцияга кўра, бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 16 моддаси ҳамда «Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунга кўра, ҳар қандай маъмурий-бошқарув органлари ва ташкилотларнинг ўз доирасида қабул қиладиган ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларига зид келиши мумкин эмас.
Мазкур қонуннинг 5 моддасига кўра, қонунларнинг иерархияси бўйича аввало Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, сўнгра Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг ҳужжатлари ва энг қуйида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари туради.
Афсуски, ҳозирга қадар норасмий тарзда рўмолни тақиқлаш сиёсати орқали кўплаб рўмол ўраган аёллар маъмурий жавобгарликка тортилган, бошқалари ишидан ҳайдалган; ўқувчи ва талаба қизларни рўмолини ечмагунча ўқишга киритмаслик ва ўқишдан ҳайдаш каби ҳолатлар кузатилган. Бу ҳолатларнинг барчаси Ўзбекистон Конституцияси ва қонунлари ҳамда халқаро инсон ҳуқуқлари нормаларига зиддир.
Виждон эркинлиги бўйича халқаро нормаларнинг таҳлили
Ўзбекистон Конституцияси Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олади. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясини қабул қилган. Мазкур Декларациянинг 18 моддаси барча учун виждон, фикрлаш ва дин эркинлигини кафолатлайди. Моддага кўра, мазкур эркинликлар инсон ўз дини ва эътиқодини ўзгартириши ва жамоа бўлган ҳолда ёки якка ўзи, оммага ошкор этган ҳолда ёки оммага ошкор этмаган ҳолда ўз дини ёки эътиқодидан таълим бериши, унга амал қилиши, ибодат қилиши ва нишонлашини ўз ичига олади.
Ўзбекистон, шунингдек, Фуқаролик ва Сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро Пакт ва Биринчи Ихтиёрий Протоколни қабул қилган. Пактда кафолатланадиган асосий фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар белгиланган бўлса, Биринчи Ихтиёрий Протокол Пактни қабул қилган давлатларнинг фуқароларидан мазкур Пактнинг ижроси юзасидан индивидуал шикоятлар киритишни таъминлайди. Демак, Ўзбекистон фуқаролари ҳам мазкур Пактнинг Ўзбекистонда ижроси бўйича БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Қўмитасига шикоят қилиши мумкин.
Фуқаролик ва Сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро Пактнинг 18 моддасида ҳам виждон эркинлигининг кафолатланиши ва унга қандай ҳолларда чеклашлар ўрнатиш мумкинлиги белгиланган:
“18 модда
Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқ ўз ихтиёри билан ўзига маъқул динни қабул қилиш ва эътиқод қилиш эркини, якка ҳолда, шунингдек, бошқалар билан биргаликда, ошкора ёки хусусий тартибда ибодат қилишни ошкор этишга, диний ва бошқа урф-одатларни ва маросимни бажариш эркини ҳам ўз ичига олади.
Ҳеч ким ўз ихтиёрига кўра ўз дини ва эътиқодига эга бўлиш ёки қабул қилиш эркини камситадиган мажбурий ҳолатга дучор этилмаслиги лозим.
Дин ёки эътиқодини ошкор этиш эркига фақат қонун билан белгиланган ва жамоат хавфсизлигини, тартибини, саломатлигини ва ахлоқини сақлаш учун, шунингдек, бошқа шахсларнинг асосий ҳуқуқлари ва эркини муҳофаза этиш учун зарур бўлган чеклашлар билангина дахл қилиниши мумкин.
Мазкур Пактда иштирок этувчи давлатлар ота-оналарнинг ва тегишли ҳолларда қонуний васийларнинг ўз болаларини ўз шахсий эътиқодига мувофиқ диний ва ахлоқий тарбиялаш эркини ҳурмат қилиши мажбуриятини олади”.
Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича БМТ Инсон Ҳуқуқлари Қўмитасининг Махсус Ҳисоботчиси Пактга аъзо давлатларнинг Пакт ижросини таъминлаш бўйича ишларини кузатиб, расмий шарҳ беради. Махсус Ҳисобточига кўра, Конвенциянинг 18 моддаси фикр ва эътиқод эркинлиги, ўз танловига кўра дин ёки эътиқодга эга бўлиш ёки янги дин ёки эътиқодга кириш эркинлигини давлатлар ўз миллий қонунларида ҳеч қандай ҳолатда чеклаши мумкин эмаслигини белгилайди. Мазкур ҳуқуқлар халқаро ҳуқуқда форум интернум деб аталиб, улар инсоннинг виждонида сақлайдиган эътиқод ва хулосалари ҳисобланади.
Конвенция 18 моддасининг 3 бандида белгиланган ҳуқуқларни, жумладан, диний либос кийиш каби дин ёки эътиқодни ошкор этиш эркини давлатлар ўз миллий қонунчиликларида чеклаши қуйидаги талабларга жавоб берсагина қонуний бўлади:
- Чеклов амалдаги қонунчиликда ифодасини топган бўлиши лозим (масалан, соқол қўйишни тақиқловчи қонун йўқ, аммо соқол қўйиб юришни тақиқловчи норасмий сиёсат бор; демак, бундай тақиқ ноқонуний);
- Чеклов жамоат хавфсизлигини, тартибини, саломатлигини ва ахлоқини сақлаш учун, шунингдек бошқа шахсларнинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза этиш учун зарур бўлиши лозим. Бу ҳолатда мазкур сабаблар аниқ, исботланган ва оммага ошкор этилган бўлиши лозим (Масалан, “ҳижоб ўраганларнинг ҳаммаси ноқонуний диний оқимларга кириб кетяпти, экстремистик гуруҳларга аъзо” деган мустақил ташкилот томонидан илмий тасдиғини топмаган ва/ёки судда исботланмаган умумий ва мужмал гаплар ҳижобни тақиқлаш учун асос бўла олмайди).
Махсус Ҳисоботчи, чеклашларни қўллаш учун Конвенция 18 моддасининг ўзида белгиланган талаблардан ташқари, чеклашлар қўшимча равишда қуйидаги талабларга жавоб бериши лозимлигини айтади:
- Ҳар қандай чеклаш жамоат хавфсизлигини, тартибини, саломатлигини ва ахлоқини сақлаш учун, шунингдек, бошқа шахсларнинг асосий ҳуқуқлари ва эркини муҳофаза этиш учун зарур бўлиши лозим;
- Оммавий ёки ижтимоий эҳтиёжларга жавобан белгиланган бўлиши лозим;
- Чекловлар қонуний мақсадларни назарда тутган ва мазкур мақсадларга мутаносиб бўлиши лозим.
Бундан ташқари, дин ва эътиқодни ошкор қилиш эркинлигига чеклов ўрнатишнинг ўринлилигини оқлаш/исботлаш бурчи давлат зиммасига юклатилади. Натижада, аниқ далилларга эмас, балки фақат гумон ёки презумпсияларга асосланган ҳолда диний белгиларларни кийиш/тақиш устидан тақиқ ўрнатиш шахслар диний эркинлигининг бузилиши ҳисобланади. Масалан, ҳижоб ўраган одам террорчи ёки экстремист бўлади, бузғунчи диний гуруҳларга қўшилган ёки жиноят қилишга мойил бўлади каби аниқ фактлар билан исботланмаган гумон ва презумпсиялар билан ҳижоб ўрашни тақиқлаш ва аёлларни ҳижобини ечишга мажбурлаш виджон эркинлигининг бузилишидир.
Махсус Ҳисоботчи, бундан ташқари, Конвенциянинг 18 моддаси, 3 қисмига нисбатан чекловлар юқорида кўрсатилган асослардан бошқа ҳеч қандай ҳолатларда қўлланилмаслигини, ҳатто улар миллий хавфсизликни таъминлаш каби Конвенциядаги бошқа ҳуқуқларни чеклашга сабаб бўла оладиган асос бўлган тақдирда ҳам виждон эркинлиги ҳуқуқига нисбатан амал қилмаслигини таъкидлайди. Бундан аён бўладики, давлатлар миллий хавфсизликни рўкач қилиб дин ва эътиқодни ошкор этиш эркинлигини, жумладан, диний либос ва белгиларни кийиш эркинлигини чеклаши мумкин эмас. Дин ва эътиқодни ошкор қилувчи ҳижоб аслида миллий хавфсизликка таҳдид эмас, аммо баъзи давлатлар уни миллий хавфсизликка таҳдид дея ҳисоблаганда ҳам, ҳижоб ўрашни тақиқлаш халқаро инсон ҳуқуқлари нормаларига хилоф бўлади.
Чекловлар фақат улар учун белгиланган мақсадлар учунгина қўлланилиши мумкин. Чекловлар уларни ўрнатиш учун аниқланган эҳтиёжларга тўғридан-тўғри боғлиқ бўлиши керак ва улар мазкур эҳтиёжга мутаносиб бўлиши керак. Чекловлар камситувчи мақсадларда қўлланилмайди ёки камситадиган тарзда қўлланилиши мумкин эмас. Ўзбекистон мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, аҳолининг кўпчилиги мусулмон бўлган давлатда ибодат либосини тақиқлаш айнан мусулмон аёлларнинг ҳижобини тақиқлашдай бир дин ва бир гуруҳни (ҳижоб ўровчи мусулмон аёллар гуруҳи) камситиш мақсадида жорий этилган, деган шубҳа туғдиради. Бундай мақсад бўлмаган тақдирда ҳам ҳижобнинг тақиқланиши амалиётда фақат мусулмонларнинг, хусусан, ҳижоб ўровчи аёлларни ишда, ўқишда, маҳаллада ва давлатнинг хизматларидан фойдаланишида дискриминация қилиш тарзида қўлланилмоқда. Айрим мисолларга тўхталсак.
Pўмолли аёллардан меҳнат жойларида, айниқса, давлат идораларида ҳижобни ечиш сўралади; ечмаса ишдан ҳайдалади. Pўмолли аёлларнинг ишга кириш бўйича аризалари рад этилади. Албатта, ишдан ҳайдаш ёки ишга кириш аризасини рад этиш каби расмий ҳужжатларда масаланинг асл сабаби баён этилмайди.
Университет, коллеж ва лицей ҳамда мактабларда рўмолли қизлар уни ечишга мажбурланади ёки ўқишдан ҳайдалади. Ижтимоий таъминот каби давлат ёрдамларини олиш учун ҳижобли аёллардан ҳижобини ечиш шарт қилиб қўйилган ҳоллар ҳам учрайди. Ҳижобли аёлларга нисбатан бундай дискриминация қилиш нафақат Фуқаролик ва Сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро Пактга, балки Ўзбекистон ратификация қилган Аёлларга нисбатан камситишларнинг барча турларига барҳам бериш бўйича халқаро Конвенция ҳамда Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларида белгиланган дини, жинсига қараб камситишларга йўл қўймаслик принципларига ҳам зид келади.
Махсус Ҳисоботчи давлатлар дин ва эътиқодни ошкор этиш эркинлигини қандай таъминлаётганини баҳолаш учун “оғирлаштирилган кўрсаткичлар” ҳамда «нейтрал кўрсаткичлар» мезонини тузиб чиққан. Уларнинг барчаси санаб ўтишга арзисада, Ўзбекистонга алоқадор иккита бандни келтириб ўтамиз. Яъни, қуйидагилар содир бўлса, Ўзбекистонда фуқароларнинг диний эркинлиги бузилган бўлади:
- Амалда давлат органлари камситувчи ҳолда ёки камситувчи мақсадларда, масалан, аёллар каби муайян жамоаларни ёки гуруҳларни ўзбошимчалик билан ёки селектив тарзда нишонга олган бўлса;
- Чеклов дин ёки эътиқодига қараб очиқ-ойдин камситишни мақсад қилган ёки дин ёки эътиқодига қараб очиқчасига камситишга олиб келган бўлса.
Шу ўринда а-бандида келтирилган «ўзбошимчалик билан» ва “селектив тарзда” айрим гуруҳларни нишонга олиш ифодасига бироз изоҳ бериш лозим. Ўзбошимчалик билан ёки селектив тарзда деганда бир масалани турли ижро органлари турлича қўллаши назарда тутилади. Мисол учун, кўча-кўйда кўплаб ҳижобли аёлларни кўриш мумкин. Уларни ички ишлар ходимлари бозорларда, кўчаларда ва бошқа жамоат жойларида кўради. Аммо ҳаммасини ҳам Маъмурий жавобгарлик кодексининг 1841-моддасига кўра жавобгарликка тортаётгани йўқ. Ҳолбуки, ҳижоб ўраш ҳуқуқбузарлик бўлса, уни кўриб-билиб турган ички ишлар ходимининг ҳижобли аёлларни жавобгарликка тортмаслиги уларнинг ўз вазифасини ошкора бажаришдан бош тортишини кўрсатади ва ноқонуний ҳисобланади.
Аммо рўмолли аёллардан айримлари худди бошқа рўмолли аёллар каби бозор, кўча-кўй каби жамоат жойларида рўмолда юргани учун маъмурий жавобгарликка тортилади. Ҳатто судда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилганда ҳам энг юқори инстанция даражасида рўмол ибодат либоси ва уни жамоат жойларида ўраш тақиқланишини такидлаб суд қарори чиқарилган. Нима учун айнан мазкур аёлнинг ҳуқуқий жавобгарликка тортилганини уни “селектив” танлаган ички ишлар органи билади. Демак, хулоса қиладиган бўлсак, Ўзбекистонда рўмолни тақиқлаш амалиёти Махсус Ҳисоботчининг “оғирлаштирилган кўрсаткичлари” қаторига киради. Ўзбекистонга б-банди ҳам қанчалик мос келишини юқорида баён этдик.
Давлат учун тавсия
Виждон эркинлигини чеклаш, хусусан, рўмолни тақиқлашдан аввал давлат органлари мазкур масалани чуқур юридик текширув ва таҳлилдан ўтказиши лозим эди. Бундан кейин ҳам мазкур масалада сиёсат ва қонунчиликка ўзгартиш қилишдан аввал қуйидаги саволларга «ҳа» дея ижобий жавоб олмагунча, ҳижобни тақиқлаш каби виждон эркинлигига қонун билан чеклаш ўрнатмаслик лозим.
- Давлатнинг чеклаши бошқа ҳуқуқ ва эркинликларга таҳдид солар экан, чекловни ўрнатишга асос бўлган хавф (масалан, жамоат хавфисизлиги) билан бошқа эркинликларга тушаётган таҳдид (ҳижобли аёлларнинг билимсиз, ишсиз ва ижтимоий таъминотсиз қолиши, дискриминацияга учраши) ўзаро мутаносибми?
- Ҳуқуқ ва эркинликларни чеклашда уларни энг кам миқдорда чеклайдиган чора қўлланганми? (Масалан, ҳукумат аёлларнинг рўмол ўрашида бирор хавф кўрса (аслида бундай хавфнинг мавжудлиги ҳақида ҳеч қандай ҳуқуқий асос ёки фактларга асосланган сабаб йўқ), ҳижобни бутунлай тақиқламасдан, ўша эҳтимолий хавфларни бартараф этишнинг бошқа енгилроқ чоралари бордир?)
- Чеклов чораси мутаносибми, яъни у бошқа ҳуқуқ ва эркинликларни чеклаб қўймайдими? (Масалан, ҳижобли аёлларнинг ишга ва ўқишга қўйилмаслиги оқибатида уларнинг билим олиш, меҳнат қилиш каби бошқа ҳуқуқлари топталмаяптими?)
- Танланган чеклов чораси диний бағрикенликни рағбатлантирадими? (Яъни, диний эркинликка асосли бир чеклов қўйиладиган бўлса, диний бағрикенгликни таъминлаш асосой тамойил вазифасини бажариши керак. Агар ҳижобга тақиқ қўйилса, бу диний бағрикенгликни рағбатлантирадими ёки бунинг акси бўладими?)
- Танланган чеклов чорасини қўллаш натижасида ҳеч бир дин вакиллари ёки диний жамоа шарманда бўлишга ёки таъқибга олинишга дучор бўлмайдими? (Масалан, ҳижобга қўйилган тақиқ оқибатида, асосан, эътиқоди боис рўмол ўраган мусулмон аёллар жабр кўрмоқда. Улар ўзларини бу тақиқ оқибатида алоҳида таъқиб ва дискриминацияга учраётганини айтади.)
Афсуски, мазкур саволларга ҳижоб тақиқи остида жавоб олар эканмиз, уларнинг биронтасига «ҳа» дея ижобий жавоб олиб бўлмайди. Чунки рўмолни тақиқлаш натижасида аёлларнинг тенг ҳуқуқли таълим олиш, меҳнат қилиш, давлат хизматларидан фойдаланиш ва дини ёки жинсига қараб камситилишлардан холи бўлиш каби ҳуқуқлари хавф остига қолмоқда. Бу эса чеклаш ва унинг натижасида бузилаётган ҳуқуқларнинг ўзаро номутаносиблигни, чеклаш диний бағрикенгликни эмас, жамиятда ҳижоб ўраганларга нисбатан адоват ва ҳижоб ўраш тақиқланиши натижасида ҳуқуқлари чекланган аёлларда давлатга нисбатан ишончсизликни туғдирмоқда. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистонда ҳижобни тақиқлаш Ўзбекистон «талабларини бажарамиз» дея ратификация қилган халқаро Конвенцияларга, ўз Конституцияси ва қонунларига зид сиёсат эканини кўрсатади.
Ўзбекистоннинг янги ҳукумати юқорида тилга олинган миллий ва халқаро қонунчилик меъёрларини ҳисобга олган ҳолда ҳамда масалага инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан ёндашиб, диний эътиқодига кўра жамоат жойларида рўмол ўраб юрган аёлларга нисбатан шу пайтгача амалда бўлган сиёсатга барҳам беради, деб умид қиламиз.
Фуқаролар учун тавсия
Фуқаролар Ўзбекистонда виждон эркинлиги бўйича қонунчилик ҳамда муҳитни яхшилаш учун фаол бўлиши, ўз фундаментал ҳуқуқ ва бурчларини яхши билиши ҳамда керак жойда ўз ҳуқуқларини талаб қила олиши лозим. Шундай ҳуқуқлардан бири бу шикоят қилиш ҳуқуқи бўлиб, ўз ҳуқуқлари поймол этилган деб ҳисоблаганда тегишли давлат органларига мурожаат қилиши ва матбуот манбаларини бундан огоҳ этиши керак.
Айнан мазкур мақола мавзусида айтадиган бўлсак, фуқаролар ибодат либоси деган мужмал атамага расмий шарҳ беришни ва бирваракайига рўмолни тақиқлавчи қонун нормаларини Конституцияга зид деб топишни сўраб Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишлари лозим.
Зеро, демократик давлат қуришда, қонун устуворлигини таъминлаш ва эркин фуқаролик жамиятини яратишда фуқароларнинг фаоллиги, давлат органларига давлат халқ иродасини ифода этишини яна бир бор эслатиши ҳамда давлат органларининг фуқаролар узвий ҳуқуқларини ҳеч бир чекловларсиз ҳимоя қилиши ўта муҳим.
Дин ва эътиқодни ошкор этиш эркинлиги борасида сиёсатни ишлаб чиқишда асосий мақсад ҳам шахсларнинг ўз хоҳишига кўра диний либос ва белгиларни кийиш/тақиш ва кийишга/тақишга мажбурланишдан холи бўлиш эркинлигини ҳимоя қилиш бўлиши лозим.
Европа Инсон Ҳуқуқлари Судининг судьяси Франсуа Тулкенс хонимнинг таъбири билан айтганда, “Энг муҳими, қайта-қайта такрорланиши керак бўлган гап – фанатизм ва экстремизмнинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг энг яхши чораси бу инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир”.
Sof.uz сайтидан кўчирилди.