Шахзода Акназарова*
Оилани давлатнинг асосий бўғини деб ҳисоблаган Арасту давридан буён оиланинг ўрнини босувчи бошқа ижтимоий институт ҳали кашф қилинганлиги йўқ. Оила шахс, давлат, жамият ва бошқа ижтимоий институтлар ўртасидаги муносабатларда воситачи ўрнини ўтайди. Оиланинг ўз вазифаларини бажариши авлодлар тарихий изчиллигининг сақланиши, шахс ва жамият ривожланиши, жамият тараққиётининг муҳим шарти ҳисобланади. Аммо шахсни мустақил ҳаётга тайёрлаш, уни йўналтириш вазифасини бажариши лозим бўлган оилада баъзан оила аъзолари ўртасида жиноятга олиб келувчи турли воқеаларнинг юзага келиши давлат ва жамият диққат-эътиборини жалб қилиб келмоқда.
Шахснинг тарбияланиш шароитлари, оиладаги криминоген муҳит тўғридан-тўғри унинг жиноят содир қилиши билан боғлиқ эмас. Чунки оиладаги муҳит унда шахснинг шаклланиши, маълум бир хусусиятлар пайдо бўлишига олиб келиб, жиноят содир этилишига сабаб бўлмайди. Лекин, нотинч оилада ўсган шахснинг муайян вазиятда бошқаларга нисбатан жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган ҳаракатлар билан “жавоб бериши”нинг эҳтимоли кўпроқдир[1].
Зўрлик кўп маъноли тушунча ва баҳс-мунозара предмети бўлишига қарамай, барча тадқиқотчиларнинг фикрича, зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятлар инсон учун энг қимматли бўлган унинг ҳаёти ва эркинлиги, соғлиғи ва дахлсизлигига қарши жиноятлар ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги жиноят қонунчилигида оилада зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятларнинг тушунчасининг таърифи мавжуд эмас. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси Махсус қисмига шарҳларда эса жисмоний ва руҳий зўрлик, ўта шафқатсизликнинг таърифи фақат айрим моддалар бўйича берилган[2]. Оилада зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятлар тушунчаси асосан илмий адабиётларда ўз аксини топган. Бу зўрлик ва зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятлар тушунчасининг турлича шарҳланиши ва бунинг натижасида ички ишлар органларининг қонунни қўллаш амалиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Қонунда жиноий зўрлик ва унинг турлари, оила тушунчаси аниқ таърифланмаганлиги сабабли ҳозирги вақтда қатор атамаларга таъриф берилиши зарурати мавжуддир.
Ҳуқуқий маънода оилага юридик фактлардан келиб чиққан (никоҳ, фарзандликка олиш, қариндошлик), ўзаро мажбуриятлар (маънавий, аҳлоқий, ҳуқуқий) орқали бир-бирлари билан боғланган шахслар мажмуи, деб таъриф бериш мумкин.
Оилавий муносабатлар никоҳга нисбатан мураккаброқ муносабатлар тизимидан иборат бўлиб, у нафақат эр-хотинни, балки уларнинг фарзандлари, қариндошларининг ўзаро алоқадорлигини мужассам этади.
Шунинг учун ҳам оила аъзолари деганда бирга ёки алоҳида яшайдиган, қонуний ёки қонуний рўйхатга олинмаган никоҳда яшовчи ёки илгари яшаган шахсларни, тўғри шажара ёки ён шажара бўйича қариндошларни, ёт аралашган ва ёт аралашмаган қариндошлар киритилгандир. Шунингдек, фарзандликка олинганлар, ўзини мустақил парваришлай олмаслиги натижасида оила аъзосига моддий, руҳий ёки бошқа тарзда қарам бўлган шахслар ҳам оила аъзоси сифатида эътироф этилганлар.
Жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича “Ижтимоий фикр” маркази томонидан олиб борилган ижтимоий тадқиқот натижаларига кўра, “Зўрлик инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳисобланадими?” деган саволга сўровда иштирок этганларнинг 49% зўрлик инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилиши ҳисобланмайди, деб жавоб берганлар[3].
Фикримизча, тадқиқ қилинаётган муаммонинг сабаблари қандай бўлишидан қатъи назар, давлат ва жамоатчилик ижобий оила муносабатларининг маданий стандартларини яратишлари, ушбу муносабатларни бузган айбдор бўлган шахсларни жавобгарликка тортилишлари керак.
Биз ўтказган социологик тадқиқотларнинг натижаларига кўра, оилада содир этиладиган турли жиноятлардан жабрланганларнинг 80%ни аёллар ва болалар ташкил этган. Болалар, аёллар, кексалар, ногирон ёки бошқа жисмоний нуқсонларга эга шахслар оилада зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятлар оқибатида ўлдирилганларнинг чорак қисмидан кўпроғини ташкил этган. Шу сабабли қуймдаги тавсияларни ишлаб чиқдик:
а) Бир оила аъзосининг бошқа оила аъзосига нисбатан жиноят содир этиши қонунда жазони оғирлаштирувчи ҳолат, деб топилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди;
б) Ўзбекистон Республикасида аёллар масалалари билан шуғулланувчи қирқдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритаётган бўлсада, аҳоли ушбу ташкилотлар ҳақида маълумотга эга эмас. Уларнинг бу борадаги хабардорликларини оширишда эса оммавий ахборот воситаларидан кенгроқ фойдаланиш ўз самарасини бериши, шубҳасиз.
——————————–
*Шахзода Акназарова мустақил тадқиқотчи ва “Karamatov va advokatlar” Адвокатлик фирмасида адвокат бўлиб фаолият юритади.
[1] Отв.редактор В.Н.Кудрявцев. Криминальная мотивация. М.1986.С.90
[2] М.Х.Рустамбаев. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига шарҳлар. Махсус қисм. Т.: “Ilm Ziyo”. 2006. Б. 28, 57, 76, 116.
[3] З.С.Зарипов, К.М.Мирзажанов. Некоторые вопросы противодействия домашнему насилию в России и Узбекистане, его правовое обеспечение. Российский криминологический взгляд. 2008. № 3.C.242-243.
One Comment