Читайте эту статью на русском
[Коллеж ўқитувчисининг пахта теришга мажбурлаши устидан намунавий шикоят аризаси;
Аризадаги жой ва исм номлари тўқима]
Бухоро Eнгил саноат касб-ҳунар
коллежи директори Усмон Турдиевга
Бухоро шаҳри, Мустақиллик кўчаси
1991-уйда яшовчи Отабек Фарҳодовдан
АРИЗА
Бухоро енгил саноат касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси бўлмиш Олима Сатторова мазкур коллежнинг 1-босқич талабаси ўғлим Ҳамид Фарҳодовни пахта теримига чиқишга мажбур қилмоқда. Ўқитувчи Сатторованинг мазкур хатти-ҳаракатларини ноқонуний деб биламан ва сиздан бунга қарши тегишли чоралар кўришингизни илтимос қиламан.
Мазкур йилнинг сентябрь ойида Олима Сатторова фарзандимга курсдошлари каби пахта теримига чиқиши шарт эканлигини айтган. Фарзандим пахта теримига чиқишни хоҳламаслигини, унинг ўрнига дарсларни уйда мустақил равишда ўқишини айтган. Сатторова бунга жавобан фарзандим пахта теримига чиқишни хоҳламаса, ўрнига бошқа кишини юбориши кераклигини ёки бўлмаса 300 000 сўм пул тўлаши кераклигини айтган. Акс ҳолда, уни кейинги курсга ўта олмаслиги билан қўрқитган. Сатторованинг мазкур хатти-ҳаракатлари қуйидаги сабабларга кўра меҳнатга мажбурлаш бўлиб, амалдаги қонунчиликка кўра, ноқонуний ҳисобланади:
1. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида меҳнат қилишга мажбурлаш тақиқланган. Хусусан, Конституциянинг 37-моддаси мажбурий меҳнатни ман этади. Меҳнат Кодексининг 7-моддасида ҳам шундай қоида белгиланиб, бирон жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш мажбурий меҳнат экани айтилган;
2. “Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги қонунининг 4-моддасига биноан, ҳар бир ўқувчига билим олиш ҳуқуқи давлат томонидан кафолатланади. Фарзандимнинг пахта теришга мажбурланиши мазкур ҳуқуқнинг, давлат томонидан кафолатланган ҳуқуқнинг жиддий бузилиши ҳисобланади.
3. Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш Вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2009-йил 26-июндаги 33Қ/Б 13-сонли қарорига Илова сифатида “Ўз саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари” Рўйхати қабул қилинган бўлиб, ундаги тақиқланган меҳнат турлари қаторига “пахтани қўлда териш” ҳам киритилган (ХХХVIII бобга қаранг).
Юқорида кўрсатилган сабабларга асосланиб, фарзандимни пахта теришга мажбурлаш ҳолатларининг тўхтатилишини сўрайман. Олима Сатторова ёки коллеж ўқитувчиларидан бошқаси томонидан фарзандимни пахта теришга мажбурлаш ҳолати қайтариладиган тақдирда, шикоят аризаси билан тегишли юқори турувчи давлат органларига, хусусан, вазирликларга, Прокуратура ва судга мурожаат қилишимни билдираман.
Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунига асосланиб, шикоят аризамга 15 кун ичида жавоб беришингизни сўрайман.
2013. 22. 09 [имзо] Отабек Фарҳодов
Аризани “Мicrosoft Word” шаклида сақлаб олинг: Коллеж ўқитувчисининг пахта теришга мажбурлаши устидан намунавий шикоят аризаси