Dolzarb mavzu, Maqolalar

“Жазо қўллаш таҳдиди” нима?

Читайте эту статью на русском

“Мажбурий меҳнатда қатнашмаслик:  Имтиёзми ёки ҳуқуқ” номли мақоламизда мажбурий меҳнат ортида “жазо қўллаш таҳдиди” туриши ҳақида маълумот берган эдик.

Маълумки,  мажбурий меҳнат Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддаси ва Меҳнат кодекси ҳамда “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари асосида тақиқланган.  Меҳнат турининг мажбурий меҳнат деб топилишида айнан “жазо қўллаш таҳдиди”нинг мавжудлиги шарт қилиб қўйилади.

Мажбурий меҳнат таърифида қўлланилган “жазо қўллаш таҳдиди” атамаси кенг тушунча бўлиб,  фақатгина давлат томонидан маъмурий ёки жиноий жазо қўллаш таҳдиди сифатида тушунилмаслиги керак.  Шу сабабли “жазо қўллаш таҳдиди” доирасига бирон кишини ўз ихтиёрига қарши меҳнат қилишга мажбур қиладиган ҳар қандай ҳаракатни киритиш мумкин.

Таҳдидлар турли кўринишда бўлиши мумкин.  Қуйида ана шундай жазо қўллаш таҳдидининг айрим кўринишларига мисоллар келтирмоқчимиз.  Ушбу рўйхат тор доирада бўлиб,  жазо қўллаш таҳдидига нималар мисол бўлиши мумкинлигини ўқувчиларга тушунтириш мақсадида тузилган,  холос.

Рўйхатда мажбурият остида бўладиган шахслар  уч гуруҳга бўлиб чиқилган.  Қўлланиладиган таҳдидлар пахта мавсумида мажбурий меҳнатга жалб этиш жараёнида юз берадиган ҳолатлар асосида тушунтирилган.

Ўқувчи-талабаларга нисбатан ўқув даргоҳи маъмурияти томонидан кўрсатиладиган таҳдидларга мисоллар:

·         Ёмон баҳо қўйиш билан қўрқитиш – бу айниқса яхши ўзлаштирмаган ўқувчи ёки талабаларнинг осонликча ўз ихтиёрларига қарши тарзда мажбурий меҳнат қурбони бўлишларига сабаб бўлади.

·         Синфдан ёки курсдан қолдириш билан қўрқитиш;

·         Лицей/коллеж ёки университетдан ҳайдаш билан қўрқитиш;

·         Стипендия бермаслик ёки уни пахта теримидан кейинга  қолдириш билан қўрқитиш.

Давлат идоралари,  муассасалари ва нодавлат ташкилотлар ходимларига нисбатан раҳбарият кўрсатадиган таҳдидларга мисоллар:

·         Ойлик маошидан қирқиб қолиш билан таҳдид қилиш;

·         Ойлик маошини олиш учун пахта теримига чиқишни шарт қилиб қўйиш орқали таҳдид қилиш;

·         Йиллик асосий таътил (отпуск) ёки вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври учун таътилни(болничний) пахта терими мавсумида бермаслик билан таҳдид қилиш;

·         Йиллик асосий таътил олиш учун пахта теримига чиқишни шарт қилиб қўйиш орқали таҳдид қилиш;

·         Интизомий жазога тортиш билан таҳдид қилиш;

·         Ҳайфсан эълон қилиш билан таҳдид қилиш;

·         Ишдан бўшатиш ҳақида огоҳлантириш орқали таҳдид қилиш;

·         Ўз ўрнига мардикор топиб пахта теримига юборишни талаб қилиш (мардикорга ходим чўнтагидан тўлаган ҳолда) орқали таҳдид қилиш.

Ижтимоий таъминот (масалан, бола пули) олаётган фуқароларга нисбатан фуқаролар йиғини томонидан кўрсатиладиган таҳдидларга мисоллар:

·         Ижтимоий таъминотни тўхтатиш билан қўрқитиш;

·         Ижтимоий таъминотдан қирқиб қолиш билан қўрқитиш;

Барча гуруҳдаги фуқароларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган умумий таҳдидларга мисоллар:

·         Пахта теримига чиқишдан бош тортган фуқароларга Ички ишлар бўлими томонидан паспорт бермаслик,  паспортни алмаштириб бермаслик,  чет элга чиқиш учун ОВИР визасини бермаслик;

·         Йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларга ДАН ходимлари томонидан жарима солмаслик эвазига пахта теримига чиқиш ёки ўзи ўрнига пахта теримига чиқиш учун мардикор ёллашнинг шарт қилиб қўйилиши;

·         Йўл ҳаракати қоидаларини бузган шахсларга ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб олиш учун пахта теримига чиқишни шарт қилиб қўйиш.

Булар жамиятнинг турли соҳаларида ишловчи оддий фуқаролар дуч келиши мумкин бўлган таҳдид ҳолатларига мисоллар,  холос.  Таҳдидлар фақат булардан иборат эмас ва улар бу ерда тилга олинмаган бошқа ҳолатларда ва шаклларда юз бериши мумкин.

Ушбу намунавий рўйхатни тақдим этишдан мақсад фуқароларда жазо қўллаш таҳдиди нима экани ҳақида тушунча ҳосил қилишдир.  Агар сиз,  масалан,  мажбурий меҳнат асосидаги пахта теримига чиқишдан бош тортсангиз ва натижада юқоридаги каби таҳдидларга дучор бўлсангиз,  билингки,  сизга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракат содир этилмоқда.  Сиз таҳдид орқали мажбурий меҳнатга жалб этилаётганингиз устидан тегишли тартибда шикоят қилишингиз лозим.

Мавзуни яхшироқ ўрганиш учун пахта теримига чиқишни талаб этувчи тилхатлар ҳақида ёки пахта теримига олиб чиқишнинг қонунийлиги ҳақида ёзган мақолаларимиз билан танишиб чиқишингизни тавсия этамиз.  Агар мажбурий меҳнат ёки раҳбариятнинг жазо қўллаш таҳдиди устидан шикоят қилишни истасангиз, сайтимизга қўйилган шикоят аризаси нусхасидан фойдаланинг.

Comments are closed.