Maqolalar

Jamoatchilik nazorati to’g’risidagi qonun loyihasiga munosabat bildiring

O’zbekistonda jamoatchilik nazorati to’g’risida qonun loyihasi ishlab chiqilgan. Ayni damda har bir fuqaro mazkur qonun loyihasiga o’z fikri, munosabati va e’tirozlarini bildirishi mumkin. Qonun loyihasidagi bandlarga e’tiroz va munosabatingizni asoslagan holda, o’z saylagan deputatlaringiz va/yoki ommaviy axborot vositalari hamda Internat orqali bilidirishingiz mumkin.

 

Qonun loyihasida tushunmagan yoki kengroq bilishni xohlagan mavzular bo’yicha bizga ham murojaat qilishingiz mumkin.

Лойиҳа

 ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

 Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қонун ҳужжатларининг ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 2-модда. Жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

жамоатчилик назорати – давлат органлари фаолиятининг қонунийлигини таъминлаш, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади) ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминловчи қонун ҳужжатларига риоя қилмаслик ҳолатларини аниқлашга қаратилган фаолиятдир;

жамоатчилик назоратининг объекти – давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг ўзларига қонунчилик билан юклатилган мажбуриятларни ижро этиши билан боғлиқ фаолиятидир. Давлат органи мансабдор шахсининг шахсий ҳаёти, ишчи ёзувлари, шунингдек давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирдан иборат ахборот, шунингдек, суриштирув, дастлабки тергов органлари ва суд иш юритувидаги муайян ишлар ва материаллар жамоатчилик назоратининг объекти ҳисобланмайди;

жамоатчилик назоратининг предмети – фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилиши, фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишига тўсиқлар яратилиши, инсонга қонунга хилоф равишда бирон-бир мажбурият юклатилиши ёки у қонунга хилоф равишда жавобгарликка тортилишига олиб келган давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қонун ҳужжатларининг бузилиши, шунингдек уларнинг ўз хизмат вазифаларини бажаришда бюрократик ва совуққон муносабатда бўлиши ҳолатларидир;

жамоатчилик назоратининг субъектлари – фуқаролик жамияти институтлари (нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро ҳамда чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари бундан мустасно, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари), Ўзбекистон Республикасида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган
ва фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари.

4-модда. Жамоатчилик назоратининг мақсад ва вазифалари

Жамоатчилик назоратининг мақсадлари қуйидагилардан иборат:

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш;

давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятида қонунийликни таъминлаш;

жамият манфаатларини ҳимоя қилиш.

Жамоатчилик назоратининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

давлат органлари ва жамиятнинг ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимини таъминлаш;

давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қонунларга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ва уларнинг таъминланиши аҳволи тўғрисида фуқароларни хабордор қилиш;

давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қонунга риоя қилмаслик ҳолатларини аниқлаш ва кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, уларни жамоатчилик ёрдамида бартараф этиш, жамиятда ижтимоий адолат принципини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида фуқаролик жамияти институтлари ва давлат органларининг ҳамкорлиги.

5-модда. Жамоатчилик назоратининг асосий принциплари

Жамоатчилик назоратининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги;

қонунийлик;

мустақиллик;

ошкоралик;

демократизм;

давлат органи мансабдор шахси ва бошқа ишчисининг виждонлилиги презумпцияси.

6-модда. Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги

Жамоатчилик назорати субъектларининг фаолияти фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлашга қаратилган.

Жамоатчилик назорати субъектлари ўз ваколатларини амалга оширишда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этишлари шарт.

7-модда. Қонунийлик

Жамоатчилик назорати субъектлари ўз ваколатларини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишлари шарт.

8-модда. Мустақиллик

Жамоатчилик назорати субъектлари ўз ваколатларини амалга оширишда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари, бошқа ташкилотлар ва фуқаролардан мустақилдирлар ва ўз фаолиятини фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширадилар.

9-модда. Ошкоралик

Жамоатчилик назорати субъектларининг жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича фаолияти, шу жумладан жамоатчилик назорати натижалари танишиш учун очиқдир ва оммавий ахборот воситаларида чоп этилади.

Фуқарога, жамият ва давлат манфаатларига зиён етказиши мумкин бўлган жамоатчилик назорати натижалари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тақиқланади.

10-модда. Давлат органи мансабдор шахси ва бошқа ишчисининг виждонлилиги презумпцияси

Давлат органи мансабдор шахслари ва бошқа ишчилари, акси исботлангунига қадар, ўзларига юклатилган вазифаларнинг виждонан бажарувчиси ҳисобланадилар.

11-модда. Жамоатчилик назорати турлари

Жамоатчилик назорати бевосита жамоатчилик назорати субъектлари томонидан, шунингдек давлат ҳокимияти вакиллик органлари орқали амалга оширилиши мумкин. Мақсадлар, жамоатчилик назорати предмети ва объекти муштараклигида жамоатчилик назорати жамоатчилик назорати субъектлари томонидан биргаликда амалга оширилиши мумкин.

Жамоатчилик назорати давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг жамият ҳаёти барча жабҳаларидаги фаолияти устидан амалга оширилади.

Қонун билан давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг жамият ҳаёти айрим жабҳаларидаги фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг алоҳида тартиби белгиланиши мумкин.

12-модда. Жамоатчилик назорати шакллари

Жамоатчилик назорати қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти таҳлили;

давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти мониторинги;

жамоатчилик текшируви (журналистик ва б.);

жамият манфаатларига тааллуқли масалалар юзасидан сўров;

ижтимоий сўров;

жисмоний ва юридик шахслар манфаатида мурожаатлар;

жамоатчилик экспертизаси.

Жамоатчилик назорати қонунда белгиланган бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

2-боб. Айрим жамоатчилик назорати субъектлари томонидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш хусусиятлари

13-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан жамоатчилик назоратининг амалга оширилиши

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан, уларнинг тегишли ҳудуддаги фаолиятига оид масалалар бўйича жамоатчилик назоратини амалга оширадилар.

14-модда. Сиёсий партиялар томонидан жамоатчилик назоратининг амалга оширилиши

Сиёсий партиялар давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан, айрим давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига нисбатан мустақил, муқобил ёки мухолиф сиёсий позициядан жамоатчилик назоратини амалга оширадилар.

Сиёсий партиянинг, мазкур сиёсий партиядан сайланган давлат органлари мансабдор шахслари фаолияти устидан назорати бўйича фаолияти жамоатчилик назорати ҳисобланмайди.

15-модда. Касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органлари томонидан жамоатчилик назоратининг амалга оширилиши

Касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органлари давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан улар томонидан фуқароларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳамда манфаатларига риоя этилиши юзасидан жамоатчилик назоратини амалга оширадилар.

3-боб. Жамоатчилик назоратини ташкил этиш

16-модда. Жамоатчилик назорати субъектларининг фаолиятини мувофиқлаштириш

Жамоатчилик назорати субъектларининг фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида жамоатчилик назорати субъектлари ташаббуси билан жамоатчилик назорати масалалари бўйича республика жамоатчилик кенгаши, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар жамоатчилик кенгашлари (бундан буён матнда жамоатчилик кенгашлари деб юритилади) тузилади.

Жамоатчилик кенгашлари тегишлича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳузурида тузилади.

Республика жамоатчилик кенгашига тенг миқдорда тегишлича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар киради.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар жамоатчилик кенгашларига тенг миқдорда тегишли Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, тегишли халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар киради.

Жамоатчилик кенгашлари ўзлари тасдиқлаган низом асосида ўз фаолиятини амалга оширадилар.

Жамоатчилик назорати масалалари бўйича жамоатчилик кенгашининг намунавий низоми Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан тасдиқланади.

17-модда. Жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун асослар

Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назорати жамоатчилик назорати субъектининг қарори билан, ушбу Қонуннинг 19-моддасида назарда тутилган ҳолларда эса жамоатчилик кенгаши қарори асосида амалга оширилади. Қарор чиқариш учун асос бўлиб жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари хизмат қилиши мумкин.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг аноним мурожаатлари жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун асос бўлиб хизмат қила олмайди.

18-модда. Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти таҳлили  

Жамоатчилик назорати субъектлари эълон қилинган расмий ҳужжатлар, статистик маълумотлар, ёзишмалар, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти ҳақидаги ҳисоботлар, шунингдек оммавий ахборот воситаларидаги бошқа эълонларни ўрганиш йўли билан давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятини таҳлил қиладилар.

19-модда. Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти мониторинги

Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти мониторинги (бундан кейин матнда мониторинг деб юритилади) жамоатчилик назорати субъектлари томонидан жамоатчилик кенгашлари қарорлари билан тасдиқланган режаларга мувофиқ амалга оширилади.

Режадан ташқари мониторингни амалга оширишга фақат жамоатчилик назорати субъектига бир йил давомида айнан битта давлат органи ва унинг мансабдор шахсига нисбатан келиб тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг бир неча бор мурожаатлари юзасидан жамоатчилик кенгаши қарори асосида йўл қўйилади.

Жамоатчилик назорати субъекти томонидан режали мониторинг амалга оширилгандан сўнг бир йил давомида мазкур модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган, шунингдек режали мониторинг натижалари бўйича жамоатчилик назорати субъектларининг қарорини кўриб чиқмаслик ҳолатлари аниқланганда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти қайта текширилиши мумкин.

Айнан битта масала бўйича айнан бир давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан параллель мониторингни амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Мониторинг маълумот йиғиш ва давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари, давлат органларига қарашли объектлар фаолиятини текшириш йўли билан амалга оширилади.

Мониторингни амалга ошириш учун жамоатчилик назорати субъекти мониторингни амалга ошириш тўғрисида буйруқ (қарор) чиқаради, унда:

мониторингни амалга ошириш тўғрисидаги буйруқ (қарор) нинг рақами ва санаси;

жамоатчилик назорати субъекти номи;

жамоатчилик назорати субъекти мансабдор шахси фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;

мониторинг амалга оширилаётган давлат органи номи ёки давлат органи мансабдор шахсининг фамилияси, исми, отасининг исми;

жамоатчилик кенгаши режасининг тегишли банди ёки режадан ташқари мониторингни амалга ошириш ҳақидаги жамоатчилик кенгаши қарорининг санаси ва рақами;

мониторингни амалга оширишга асос бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари;

амалга оширилаётган мониторингнинг мақсади, вазифалари ва предмети;

мониторингнинг бошланиши ва тугаши санаси.

Мониторингни амалга ошириш тўғрисида буйруқ (қарор) ёки унинг тасдиқланган нусхаси жамоатчилик назорати субъекти мансабдор шахси томонидан давлат органи раҳбарига ёки унинг бошқа мансабдор шахсига тақдим этилади.

Мониторинг фақат мониторингни амалга ошириш тўғрисида буйруқ (қарор)да кўрсатилган мансабдор шахс томонидангина амалга оширилиши мумкин.

Мониторинг муддати бир ойдан ошмаслиги лозим. Махсус экспертизаларни ўтказиш билан боғлиқ истисно ҳолларда, мониторингни амалга ошираётган жамоатчилик назорати субъекти мансабдор шахсининг асослантирилган таклифига биноан, давлат органи билан келишган ҳолда жамоатчилик назорати субъекти раҳбари томонидан мониторингни амалга ошириш муддати бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Мониторингни амалга оширишда жамоатчилик назорати субъектлари белгиланган тартибда давлат органлари мансабдор шахслари ҳузурига бориш, давлат органлари ва уларга қарашли объектлар биносига киришга ҳақли, қонунчиликда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно, шунингдек ушбу Қонуннинг 25-моддасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар.

Мониторинг якунлангач, жамоатчилик назорати субъектлари қарор қабул қиладилар, унда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига баҳо берилади. Қарор нусхалари жамоатчилик кенгашларига, мурожаат қилган жисмоний ва юридик шахсларга, зарур ҳолларда эса чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилади.

20-модда. Жамоатчилик текшируви

Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қонуннинг, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг қўпол, оммавий равишда ёки бошқача жиддий бузилиши ҳолатлари аниқланганда жамоатчилик назорати субъектлари томонидан жамоатчилик текшируви амалга оширилади.

Жамоатчилик текшируви жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қонуннинг, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг қўпол, оммавий равишда ёки бошқача жиддий бузилиши ҳолатлари ҳақидаги олинган ахборотлар асосида маълумот тўплаш йўли билан амалга оширилади.

Жамоатчилик текшируви якунлангач жамоатчилик назорати субъектлари хулоса қабул қиладилар, унда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятида йўл қўйилган қонуннинг, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг аниқ бузилишлари кўрсатиб ўтилади.

Хулоса нусхалари жамоатчилик кенгашларига, мурожаат қилган жисмоний ва юридик шахсларга, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилган фуқароларга, қонуннинг, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг қўпол, оммавий равишда ёки бошқача жиддий бузилишига йўл қўйган давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига, зарур ҳолларда эса чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилади.

21-модда. Жамият манфаатларига тааллуқли масалалар юзасидан сўров

Жамоатчилик назорати субъектлари давлат органлари мансабдор шахсларига, уларнинг ваколатига кирувчи масалалар бўйича тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилишни талаб қилган ҳолда жамият манфаатларига тааллуқли масалалар юзасидан сўровлар (бундан буён матнда сўров деб юритилади) юборишга ҳақлидир.

Сўровда жамоатчилик назорати субъектининг номи кўрсатилиши, сўровнинг моҳияти баён қилиниши лозим. Сўров жамоатчилик назорати субъекти раҳбари томонидан имзоланади ва жамоатчилик назорати субъектининг муҳри билан тасдиқланади.

Сўров, олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда кўриб чиқилади ва у бўйича жамоатчилик назорати субъектига ёзма жавоб юборилади.

Сўров бўйича ёзма жавобларнинг нусхалари жамоатчилик назорати субъектлари томонидан жамоатчилик кенгашларига юборилиши мумкин.

22-модда. Ижтимоий сўров

Жамоатчилик назорати субъектлари давлат органларининг қонунга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиши бўйича фаолияти, ўзларига юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш самарадорлигига баҳо бериш мақсадида аҳоли ўртасида ижтимоий сўровлар ўтказишга ҳақлидир.

Ижтимоий сўровлар якунлари бўйича тайёрланган давлат органлари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таҳлилий материаллар
ва таклифлар жамоатчилик кенгашларига, фаолиятига нисбатан ижтимоий сўров ўтказилган давлат органларига юборилади.

23-модда. Жисмоний ва юридик шахслар манфаатида мурожаатлар

Жамоатчилик назорати субъектлари жисмоний ва юридик шахслар манфаатида давлат органларига қонунда белгиланган тартибда ариза, шикоят ва таклифлар билан мурожаат қилишлари мумкин.

24-модда. Жамоатчилик экспертизаси

Жамоатчилик назорати субъектлари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига, шунингдек жамоат манфаатларига таллуқли бўлган лойиҳа ва режалар, шу жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизасини амалга оширадилар. Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари бундай лойиҳа ва режаларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиши ёки Интернет тармоғида жойлаштириши шарт.

Жамоатчилик экспертизасини амалга оширишда жамоатчилик назорати субъектлари жамоатчилик экспертизасини амага ошириш учун зарур маълумотларни талаб қилиб олишга ҳақли.

Жамоатчилик экспертизаси якунлангандан сўнг жамоатчилик назорати субъектлари давлат органларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган ўз таклифларини юборадилар.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизасини амалга ошириш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

25-модда. Жамоатчилик назорати субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Жамоатчилик назоратини амалга оширишда жамоатчилик назорати субъектлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

зарур ахборот, ҳужжат ёки бошқа маълумотларни танишиш учун сўраш, улардан кўчирма ва нусхалар олиш, қонунда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно;

давлат органлари томонидан қарорлар ишлаб чиқишда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иштирок этиш;

давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ишчиларининг қонунга хилоф хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш.

Жамоатчилик назорати субъекти жамоатчилик назоратини амалга оширишда қуйидагиларга мажбурдир:

жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа қонун хужжатлари талабларига риоя этиш;

давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ишчиларининг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш, шунингдек уларнинг ишчанлик обрўсига путур етказмаслик;

давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари қонун хужжатларида белгиланган ваколатларини бажаришда уларнинг фаолиятига аралашмаслик;

назорат органларининг фаолиятини бажармаслик;

жамоатчилик назорати тугалланмасдан ва якуни чиқарилмасдан мавжуд маълумотларни тарқатмаслик;

жамоатчилик назорати натижаларидан ғаразли мақсадларда фойдаланмаслик.

26-модда. Давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ишчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Жамоатчилик назорати амалга оширилаётганда давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ишчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

жамоатчилик назорати амалга оширилишида бевосита иштирок этиш, жамоатчилик назорати предметига оид масалалар юзасидан тушунтиришлар бериш;

ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларида тақдим этилиши назарда тутилган маълумотларни олиш;

жамоатчилик назорати натижалари билан танишиш ҳамда далолатномаларда ўзининг улар билан танишиб чиққанлик, улардан, шунингдек жамоатчилик назорати субъекти мансабдор шахсларининг айрим хатти-ҳаракатларидан розилик ёки норозилигини кўрсатиш;

шахсан ёки вакили орқали жамоатчилик назорати натижаларининг муҳокамасида иштирок этиш;

жамоатчилик назорати субъектлари мансабдор шахслари қонунга хилоф хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш.

Жамоатчилик назорати давомида давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ишчилари жамоатчилик назорати субъектларига уларнинг ўз ваколатларини амалга оширишига кўмаклашиш, ушбу Қонуннинг 25-моддасида назарда тутилган ҳуқуқларни амалга ошириши учун шарт-шароит яратишлари шарт.

27-модда. Жамоатчилик назорати натижаларини расмийлаштириш

Жамоатчилик назорати натижалари қарорлар, таклифлари, хулосалари ва мурожаатлари тайёрлаш йўли билан расмийлаштирилади, уларга далолатномалар, таҳлилий маълумот, кузатиш баённомаси, фотосуратлар
ва видеотасвирлар илова қилиниши мумкин. Жамоатчилик назорати натижалари қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа усулда ҳам расмийлаштирилиши мумкин.

Жамоатчилик назорати субъектларининг мансабдор шахслари жамоатчилик назорати натижаларининг холислиги ва ҳаққонийлиги учун жавобгардир.

28-модда. Жамоатчилик назорати натижаларини амалга ошириш

Жамоатчилик назорати натижалари бўйича жамоатчилик назорати субъектлари, шунингдек жамоатчилик кенгашлари томонидан муҳокамалар, жамоат эшитувлари, мунозаралар, эълонлар ва оммавий ахборот воситаларида жамоат мурожаатлари ташкил этилиши мумкин. Муҳокамалар, жамоат эшитувлари ва мунозараларга фаолияти устидан жамоатчилик назорати амалга оширилган давлат органи мансабдор шахслари ва бошқа ишчилари ҳам таклиф қилинади.

Жамоатчилик назорати натижалари бўйича жамоатчилик назорати субъектлари, жамоатчилик кенгашлари:

давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларини аниқланган қонуннинг, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилиши ҳолатлари ҳақида хабардор қиладилар;

давлат органларига фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида уларнинг фаолиятини яхшилаш бўйича таклифлар, хулосалар, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилиши, бунга олиб келувчи сабаблар ва шароитларни бартараф этиш бўйича мурожаатлар киритадилар;

давлат органлари олдида улар томонидан қабул қилинган фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузувчи ҳужжатларни бекор қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйган давлат органлари мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш масаласини қўядилар;

ўз хатти-ҳаракатлари билан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилишига йўл қўйган ёки бундай бузилишлар юзасидан мурожаатларга тегишлича муносабат билдирмаган давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига жамоатчилик танбеҳи берадилар;

Сенат аъзолари, депутатларга давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан парламент, депутатлик назорати чораларини кўриш учун мурожаат қиладилар;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ўрганилган давлат органи ва унинг мансабдор шахслари фаолиятида аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар юборадилар;

фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклаш, шунингдек қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича юқори турувчи органга ёки судга мурожаат қиладилар;

давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг қонунга хилоф хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қиладилар.

Жамоатчилик назорати натижалари қонунда тақиқланмаган бошқа шаклда ҳам амалга оширилиши мумкин.

29-модда. Жамоатчилик назорати натижаларини кўриб чиқишнинг мажбурийлиги

Жамоатчилик назорати натижалари бўйича тайёрланган жамоатчилик назорати субъектлари, жамоатчилик кенгашларининг қарорлари, таклифлари, хулосалари ва мурожаатлари давлат органлари томонидан мажбурий тартибда ўттиз кун ичида кўриб чиқилади.

Давлат органлари жамоатчилик назорати субъектлари, жамоатчилик кенгашларининг қарорлари, таклифлари, хулосалари ва мурожаатларини кўриб чиқиш натижалари тўғрисида уларни ёзма равишда хабардор қиладилар. Шунингдек, давлат органлари жамоатчилик назорати субъектлари, жамоатчилик кенгашлари қарорлари, таклифлари, хулосалари ва мурожаатларини кўриб чиқиш натижаларини оммавий ахборот воситаларида эълон қилиши ёки Интернет тармоғида жойлаштириши мумкин.

Жамоатчилик назорати субъектларининг қарорлари уларни қабул қилган органлар томонидан бекор қилиниши ёки суднинг қарори билан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

30-модда. Жамоатчилик кенгашлари, жамоатчилик назорати субъектларининг йиллик ҳисоботларини эълон қилиш

Жамоатчилик кенгашлари, жамоатчилик назорати субъектлари ҳар йили олдинги йилдаги жамоатчилик назорати бўйича ўз фаолияти тўғрисида ҳисоботларни тайёрлайдилар ва оммавий ахборот воситаларида эълон қиладилар. Жамоатчилик кенгашлари, жамоатчилик назорати субъектлари жамоатчилик назорати бўйича ўз фаолияти тўғрисида ҳисоботларни шунингдек Интернет тармоғида жойлаштириши мумкин.

4-боб. Якуний қоидалар

31-модда. Жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Жамоатчилик назорати субъектларининг ўз ваколатларини амалга оширишда ҳуқуқларини чеклаш, фаолиятига тўсқинлик қилиш тақиқланади.

Жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

32-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

33-модда.Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг

 Президенти                                                   И.Каримов

Qonun loyihasini shu yerda yuklab olish mumkin: Jamoatchilik nazorati to’g’risida qonun loyihasi

Comments are closed.