Дилором Абдуллаева[1]
Инсон савдоси—давр муаммоси
Инсон савдоси ёши бўйича энг қадимий инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши муаммоси ҳисобланади. Инсонларнинг ўз эркига қарши жисмоний ва маънавий меҳнатидан фойдаланган ҳолда, уларни моддий манбага айлантириш ибтидоий жамоа давридан бошланган. Инсоният тараққиёти даврида ҳар доим ушбу муаммо жамиятнинг оғриқ нуқтаси бўлиб ҳисобланган. Инсонлар устида олиб бориладиган савдо жиноятчилигини ечишга қаратилган биринчи ташкилот 1839-йилда тузилган эди. Қулчиликка қарши бу институт изланишлар, огоҳликни ўстириш ва биргаликдаги ташкилий ҳаракатлар орқали инсонлар савдосини тугатиш учун тузилди. Бу институт маҳаллий ташкилотлар ҳамкорлигида давлатларда қулчиликка қарши босим бериш билан ўз фаолиятини амалда қўллай бошлади.
Инсонлар савдосига қарши кураш фаолияти илк босқичларида, 1949-йилда қабул қилинган «Инсонлар савдоси таҳдиди ва фоҳишабозликда эксплотация» Конвенцияси ўзида ундан аввал қабул қилинган конвенция ва келишувларни мазмунан мужассам қилди. Лекин ушбу битим кўпчилик давлатлар томонидан бир овоздан қабул қилинмади. Бу битим трафик—инсонлар савдосига қониқарли таъриф берилмаганлиги, мажбурлов механизмининг камчиликлардан холи эмаслиги ва фоҳишабозликнинг чегаралараро ўсиб бораётган инсон савдоси эканлигига алоҳида урғу берилмаганлиги боис кўплаб танқидларга учради. Бундай нобопликлар туфайли ўзга давлатлар ва халқаро ташкилотларда қизикиш уйғотиб, уларнинг қонунчилигига бирор бир янгилик олиб кира олмаганлиги туфайли, 1990-йилларга келиб инсонни пуллаш жиноятчилиги жаҳонни ларзага сола бошлади.
Трафик—инсонни пуллаш жинояти ташвишланарли даражада эътиборга молик, чунки у дунёда содир этилаётган жиноятлар ичида наркотик моддалар билан боғлик жиноятлар, ноқонуний қуроллар савдоси билан боғлик жиноятлардан кейин учинчи ўринда туради. Аниқ келтирилган фактларга қараганда, АҚШга ҳар йили 700 мингга яқин одам қул сифатида олиб келтирилади. Бутун жаҳон бўйича эса 4 миллион одам трафик жиноятиниг қурбони бўлган. Уларниниг барчасидан келган даромад 9 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.
Давлатлар қонунлари қанчалик янгиланиб бормасин, жиноятчилар ҳам шунчалик тезлик билан бу қонунларга мослашиб бормоқда. Энди бугунги кунимизда жисмоний ва моддий тажовуз билан эмас, кўпроқ руҳий ёки бўлмаса «романтик» тажовуз орқали ушбу жиноятларни амалга оширишлар сони кўпаймокда. Шунинг учун хам кўп трафик жинояти қурбонлари ўзларини жабрланувчига айланиб қолишганликларини таний олмайдилар. Бу айниқса, фоҳишабозликда яққол кўзга ташланади. Кўплаб фактлар шуни кўрсатадики, жиноятчилар жабрланувчи билан расман никоҳ шартномасига кирадилар ёки жазман сифатида у билан яқин алоқа ўрнатадилар. Натижада, узун арқон билан ўраб олинган ўлжасига ҳам жисмонан, ҳам руҳан азоб бериб, уни молиявий манбага айлантиришади.
Инсон савдоси бузилаётган инсон ҳуқуқлари ичида салмоқли ўринни эгаллайди. Жаҳондаги кўплаб давлатлар қонунлари ва ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларининг масъулиятсизлиги натижасида трафик жиноятчиларига ўта қулай шароит яратилади. Бундай жиноятчиларнинг домига ўз яшаш шароитидан норози бўлган, яшаб турган жойини тарк этиб кетмоқчи бўлган одамлар осонгина илинишади. Айрим давлатларда трафик жабрланувчиси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланса, улар оддий «ноқонуний мигрант» мақоми остида жабрланувчиларнинг ўз мамлакатларига қайтариб юборишади. Бу эса жабрланувчига нисбатан ўта таҳкирловчи муносабатда бўлишдир. Чунки жабрланувчи ўз инсон ҳуқуқлари поймол етилганлигини тўла тушуниши ва шунга яраша келгуси ҳаётини яхшилаб тиклаш учун керакли барча ёрдамларни олишга ҳақли. Шундай бўлган тақдирдагина жабрланувчида давлатга, қонунларга нисбатан ишонч ва ҳурмат шаклланади. Энг муҳими, унинг инсон ҳуқуқлари поймолликдан сўнг беэътибор қолиб кетмайди. Аммо жабр кўрган муҳожирларнинг ўз давлатига қайтиб бориб суд олдида жавоб бериши, минг афсуски, уларга «навбатдаги» жароҳатни бериши кўплаб давлатларда кузатилмокда. Қўпол бўлса ҳам, айтиш жоизки, инсон ҳимояси айрим давлатарда инсон қатағонига айланиб кетмоқда.
Масаланинг яна бир муҳим тарафи шундаки, трафикга учраган шахслар ўзларини бу жиноят қурбонига айланиб қолганларини таний олмайдилар. Улар ўзларини оддий муҳожирлар ёки омади юришмаган ишчи деб ҳисоблашади. Ҳолбуки, ҳеч кимнинг инсон ҳуқуқлари поймол бўлишига йўл қўйилмайди.
Халқаро Қулчиликка қарши фондлар ва бошқа инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлари ҳар қандай ҳолатда бўлса ҳам, жабрланганлар аҳволини яхшилаш, уларни кейинги зарбалардан муҳофаза қилиш ва улар статусини қайта тиклаб беришни назарда тутади. Инсонлар савдосига қарши Баённома ушбу жиноят қурбонларининг муҳофаза ва кўмак билан таъминланишини тўлалигича инсон ҳуқуқларига ҳурмат деб билади.
Барчага маълумки, Ўзбекистон мустақил, ёш республика сифатида ўзининг илк қадамини БМТга аъзо бўлишдан бошлади. Бундан ташқари, давлатимиз бир талай халқаро битимлар ва ташкилотларга аъзо давлат сифатида кирди. Юқоридагиларниниг ҳаммаси, албатта, энди Ўзбекистон қонунчилиги ҳам бу ташкилотлар ва битимлар талабларига мос келишини, демократия тамойилларини кенгайишини, инсон ҳуқуқларига ҳурмат даражасини ошишини таъминлаб беради. Собиқ совет давлатларида қафасда ушлаб турилган қушдай каттиқ чегаралар қуршовидаги давлатларда трафик жиноятчилигидан хавфсираш ноўриндек эди. Энди эса ўз мустақиллигини кўлга киритиб, дунёга юз очаётган давлатларда бу жиноятчиликнинг урчиб кетишига мойиллик жуда катта. Биринчидан, бу давлатлар иқтисодий жиҳатдан бошқа давлатлардан ортда қолаётган эди. Бир тизимдан воз кечиб, иккинчи бир тизимга ўтилаётганда, албатта, иқтисодий қийинчиликлар, кризислар юз беради. Бундай ҳолларда чет элларда ишлаб, пул топиб келиш учун кетаётган муҳожирлар кўпаяди. Иккинчидан, янги давлатларнинг қонунчилиги ҳам мустаҳкам бўлмай, собиқ СССР сояси остида трафикга қарши қонунларга эҳтиёж ҳам сезилмаган эди. Юқоридаги ёш давлатлар ичида Ўзбекистон ҳам бўлиб, шу кунга қадар у ўз йўлини, мақсадини белгилаб олгани аниқ. Бунга ҳозирги кунда Ўзбекистонда оддий ўзбек ҳаётидаги юксалишларни мисол келтириш мумкин. Лекин шунга қарамай, трафик жиноятига қарши Ўзбекистонда мустаҳкам муҳофаза девори кўйилган деб бўлмайди. Бундай муаммони ечишда биздан биринчи навбатда талаб қилинадиган нарса бу халқнинг ичида ушбу жиноятчилик хақида ва унга қарши кенг тушунтириш ишларни олиб боришдир. Чунки юқорида айтганимиздай, халқ оддий алдовларга ишониб қолиш мумкин ёки ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини, уларнинг поймол этилаётганлигини таний олмаслиги мумкин.
Инсон ҳуқуқлари олий қадрият. Мустақил, мустаҳкам, демократик давлат қурилиши йўлидан бораётган эканмиз, биз инсон ҳуқуқларининг қадрланишига эришишимиз лозим. Зероки, инсон ҳуқуқларига бўлган ҳурмат даражаси халқнинг, элнинг ривожланганлик, маданиятлилик даражасини белгилайди.
© ТДЮИ, 2006
[1] ТДЮИ 1-курс талабаси
One Comment