Maqolalar

Ijtimoiy nafaqalarni tayinlash va to’lashning yangi tartibi haqidagi qaror

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

 Ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 50-сон, 562-модда)

Вояга етмаган болалари бўлган оилаларга ва кам таъминланган оилаларга аниқ тарзда ижтимоий ёрдам беришни кучайтириш, республика аҳолисининг реал даромадлари ва фаровонлиги барқарор ўсиши шароитларида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг роли ва масъулиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг:

ижтимоий нафақаларни тўлашнинг аниқ тарздалигини оширган ҳолда оналарга бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа тўлашнинг ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамнинг амалдаги миқдорлари ва муддатларини сақлаб қолишни;

вояга етмаган болалари бўлган оилаларга нафақа тайинлашда ҳисобга олинадиган болаларнинг энг катта ёшини 14 ёшгача пасайтиришни назарда тутувчи ижтимоий нафақалар ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Белгилансинки, 2013 йил 1 январдан бошлаб вояга етмаган болалари бўлган оилаларга ҳар ойлик нафақалар болалар сонига боғлиқ равишда йил бошида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг қуйидаги миқдорларида:

бир нафар фарзанди бўлган оилага — 50 фоизи;

икки нафар фарзанди бўлган оилага — 80 фоизи;

уч нафар ва ундан ортиқ фарзандлари бўлган оилага — 120 фоизи миқдорида тўланади.

3. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ижтимоий нафақалар ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги тегишли қарори лойиҳасини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин, унда қуйидагиларни назарда тутсин:

2013 йил 1 январдан бошлаб нафақалар ва моддий ёрдамнинг барча турлари учун оила муҳтожлигини аниқлашнинг ягона мезонини жорий этиш ҳамда ижтимоий нафақалар ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамни тайинлашда жами даромадни ҳисоблаб чиқиш тартибини соддалаштириш;

ижтимоий нафақалар ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш тартибини бирхиллаштириш;

ижтимоий нафақалар ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш учун фуқаролар йиғинлари томонидан ваколат берилган комиссияларнинг (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) ҳамда ажратиладиган бюджет маблағларидан аниқ тарзда ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига биркитилган бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказларининг туман (шаҳар) органлари ходимларининг масъулиятини кучайтириш.

4. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бандликни таъминлаш ва иш ўринлари ташкил этишнинг ҳудудий дастурларини амалга ошириш доирасида, энг аввало, қишлоқ жойларнинг ёш оилаларидаги шахсларни ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратсин;

Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда 2013 йилнинг биринчи чораги мобайнида жойларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ушбу қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган оилаларни аниқлаш масалалари бўйича ўқитиш курслари ўтказилишини ташкил этсин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги:

Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ҳамда Республика Маънавият тарғибот маркази, Республика «Оила» илмий-амалий маркази билан биргаликда оммавий ахборот воситалари, шу жумладан электрон оммавий ахборот воситалари орқали аҳоли ўртасида кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ҳамда моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг моҳияти ва мазмуни тўғрисида кенг тушунтириш ишлари мунтазам асосда ўтказилишини таъминлашга доир чора-тадбирлар комплексини икки ҳафта муддатда тасдиқласинлар;

туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларининг Комиссиялар фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича улар томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш бўйича мавжуд муаммолар ва таклифлар тўғрисидаги ахборотини мунтазам равишда эшитиб борсинлар.

6. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ижтимоий тадқиқотлар институти уй хўжаликларини танлаб ўрганишларни мунтазам равишда амалга оширсинлар ва ҳар йили 1 октябргача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

республиканинг ҳар бир минтақаси бўйича уй хўжаликлари даромадларининг таркибига, кам таъминланган оилалар сонининг ўзгариши динамикасига ва уларнинг ижтимоий нафақалар билан қамраб олинишига доир таҳлилий ҳисоботларни;

ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тўлашга бюджет маблағларини минтақалар бўйича қайта тақсимлашга доир таклифларни киритсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратиладиган бюджет маблағларининг мақсадли ва аниқ тарзда сарфланишини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузуридаги Комиссиялар фаолиятини ҳар чоракда текширишлар ўтказиш йўли билан назорат қилишни кучайтирсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги бир ой муддатда:

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2012 йил 12 декабрь,

350-сон

2 Comments

  1. Assalomu alaykum saytga omad tilayman