Huquqiy ta'lim, Maqolalar

Мен Гарвардда қандай ўқидим ёхуд муваффақият қозониш сирлари ҳақида

Читайте эту статью на русском

АҚШ университетларининг бирига ҳуқуқшунослар учун магистрлик дастурига (LL.M.) ўқишга кириш иштиёқим Жаҳон Иқтисодиёти ва Дипломатия Университетининг “Халқаро ҳуқуқ” йўналиши буйича таҳсил олаётган пайтимдан пайдо бўлди. Мени АҚШ ҳуқуқий таълимининг тартиб ва усуллари ҳамда АҚШ юридик мактабларининг обрўйи ўзига жалб қиларди. Лекин вужудга келган ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда (адвокатурага ишга кириш, турмуш қуриш ва фарзандли бўлиш), мен ўқишга кириш учун керакли ҳужжатларни бакалавр даражисини қўлга киритганимдан сўнг 6 йил ўтгач топшира олдим. Ушбу қарорни қабул қилишда менинг интилишларимни қўллаб-қувватлаган яқинларим ҳамда ўзларининг намунаси билан мени илҳомлантирган ва бебаҳо маслаҳатлари билан менга ёрдам берган дўстларим ҳал қилувчи ролни ўйнашди.

Шахсий шароитларимдан келиб чиқиб, ҳаракат қилиб кўришим учун ихтиёримда фақат бир йил борлигини ва АҚШ университетлари мени рад қилишган тақдирда, мен ўзимнинг оддий иш кунларимга қайтишим кераклигини мен яққол тушуниб турар эдим. Орзуимни амалга ошириш учун менда бирдан-бир имконият борлигини эътиборга олиб, мен ундан юқори даражада самарали фойдаланишга қарор қилдим. АҚШнинг энг кўзга кўринган университетларининг бирида таҳсил олган яқин дўстларимдан бири менга ўқиш харажатларини бутунлай қоплайдиган, лекин ўқишга кириш қийин булган АҚШ университетларининг рўйхатини юборган эди. АҚШ ҳуқуқий таълимининг қийматини ҳисобга олган ҳолда, ўқишга мўлжалланган молиявий ёрдам мен учун жиддий омил бўлган эди. Бундай ёрдамни тақдим этадиган университетларга Гарвард университети ҳам кирган эди. Гарчи у вақтда Гарварднинг юридик мактабига киришни мен орзу қилиб кўрмаган бўлсам-да, у ерга ҳужжатларимни топшириб кўрдим. Гарвард билан бирга ҳужжатларимни бошқа иккита университетга ҳам топширдим.

Бундан кейин кутишнинг узоқ ойлари бошланди… Бошқа иккита университетдан ижобий жавоблар нисбатан тез келди-ку, бироқ мен Гарварднинг жавобини интизорлик билан кутардим. Қабул килинганлигим тўғрисида қарор кутиш учун кучим қоламаганда етиб келди. Аниқлик киритиш учун, ҳужжатларни 15 ноябрда топширганимни, уқишга кириш натижалари эса 21 мартда эълон қилинганлигини айтиб ўтиш етарли. Хурсандчилигимни ичимга сиғдиролмай юрдим! Бундан ташқари, Гарвард менга катта молиявий ёрдам тақдим этди.

Кейинги ойлар кетишга тайёргарлик кўриш, Кембрижда турар жой қидириш ва мен ўрганмоқчи бўлган ўқув фанларига дастлаб онлайн-рўйхатдан ўтиш билан ўтди. Август ойининг бошида эса мен магистр-талабалар учун мўлжалланган ориентацион дастурда қатнашдим. Талабалик ҳаётим шундан бошланди…

Ориентацион дастур ҳодисаларга бой бўлиб чиқди: АҚШ ҳуқуқий тизими билан таништириш мақсадида, биз учун икки ҳафта мобайнида маърузалар ўтказилган бўлиб, ҳажмли уй ишини тайёрлаб келиш топширилган эди. Баҳолар қўйилмаганлигига қарамасдан, бу ҳолат ўтказилган машғулотларга бўлган муносабатимизга ҳеч қандай таъсир кўрсатмади.

Бундан ташқари, ориентацион дастур давомида ҳар биримизга ҳозирги пайтда докторлик дастурида таҳсил олаётган, Гарварднинг собиқ магистр-талабалари қаторидан куратор тайинланган. Кураторларнинг вазифасига уқиш жараёни ва талабалик ҳаётига оид масалаларни муҳокама қилиш, шунингдек, талабаларнинг университет ва шаҳардаги янги ҳаётга мослашувлари учун максимал тарзда кўмаклашиш кирар эди. Талабаларнинг танлови асосида Гарвардда тақдим этилаётган ўқув фанларнинг турли-туманлиги ва сонини эътиборга олиб, олган билимларимни уйга қайтишим биланоқ амалий қўллаш имконияти мавжудлиги нуқтаи назаридан мени қизиқтирадиган ўқув фанларини танлаш билан боғлик бўлган муҳокамаларни мен, ҳар қандай тажрибаси бор ҳуқуқшунос сингари, ўзим учун айниқса, фойдали деб топдим.

Ориентацион дастурда биз, 180 магистр-талабалар учун бир-биримиз билан яқинроқ танишиш, ватанимиз, касбимиз туғрисида суриштириш имконияти ҳам пайдо бўлди. Биз дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидан келганимизни ва орамизда судьялар, ўқитувчилар, ҳуқушунос ва адвокатлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, халқаро ташкилотларнинг вакиллари, давлат амалдор шахслари, фан докторлари ва яқин кунлардаги талабалар борлигини аниқладик. Кутганимдек, курсдошларимнинг ҳар биттаси ўзида ноёб шахсни мужассамлаштириб, маълум ғалабаларга эришган экан. Курсдошларимнинг ҳар биридан бирор нарсани ўрганиш мумкин эди ва ҳар бири билан мулоқотимиз қизиқ ўтар эди.

Шундай қилиб, ориентацион дастур ҳам якунига етиб, янги ўқув йили бошланди. АҚШнинг кўпчилик юридик мактабларидан фарқли ўларок, Гарвардда ўқув йили уч семестрга бўлинади: куз ва баҳор семестри уч ой давом этади ва қиш семестри бир ой давом этади (аксарият юридик мактабларда ўқув йили икки семестрдан – куз ва баҳор – иборат). Ўқиш жараёнининг мураккаблиги сабабли, Гарварднинг амалдаги ўқув сиёсати ҳар бир жорий ўқув йилида ва ҳар бир семестрда магистрлар рўйхатдан ўтиб, ёзилишга ҳақли бўлган фанларнинг сонини чеклайди. Курснинг мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда, ҳар қайси ўқув фани 4 баллик шкала бўйича баҳоланади. Кузги ва баҳорги семестрда магистр-талабалар, университет маъмуриятининг рухсатини олмасдан, умумий балли 12 баллдан ортиқ балларни ташкил қиладиган фанларга, қишки семестрда эса – ҳар бири 3 баллдан баҳоланадиган биттадан ортиқ фанга рўйхатдан ўтиши мумкин эмас.

Бошқача қилиб айтганда, кузги ва баҳорги семестрда, мисол учун, учта 4 баллик ёки тўртта 3 баллик фанга рўйхатдан ўтиш маъмуриятнинг олдиндан рухсатини олишни талаб килмас эди. Лекин 12 баллик ўқув дастурининг ўзи жуда мураккаб дастур бўлиб, ҳар куни бир неча юз саҳифали юридик матнни ўзлаштиришни талаб қилар эди. Бундай шароитда талабаларнинг вақти ҳеч нарсага етмас эди. Ўзимнинг мисолимдан келиб чиққан ҳолда айтишим мумкинки, ўқув дастурининг мураккаблиги туфайли кутубхонани кечаси соат 12:00 дан олдин тарк этиш имконияти ҳеч ҳам булмас эди (дам олиш кунлари бундан мустасно бўлмаган).

Аммо Гарварднинг кутубхонаси жуда ҳам ажойиб. У дунёдаги энг бой ҳуқуқий академик кутубхона ҳисобланади. Гарвардда ўқиш давомида мен бир марта ҳам менга керакли бўлган, масалан, бирор бир босма нашрда айтиб ўтилган китобни топа олмасдан қайтиб кетганим йўқ. Кутубхонанинг электрон қидирув системаси фойдаланиш учун жуда қулай ва ҳар бир талаба ундан ўзининг шахсий компьютери орқали эркин фойдаланса бўлади. Бунинг учун талаба ўзининг шахсий идентификацион рақамини киритиши керак, холос. Қидирув системаси эса изланаётган китоб қайси токчада жойлашганини кўрсатиб беради. Талабага керакли бўлган китобдан бошқа талаба фойдаланаётган тақдирда, қидирув системаси талабани китобнинг қайтарилиш муддати ҳақида хабардор қилади ва китобнинг қайтарилиши биланоқ талабанинг шахсий почтасига шу ҳақда хабарнома йўллайди. Кутубхонада талабаларга керакли бўлган матнни сканердан ўтказиш каби мутлақо бепул хизмат ҳам мавжуд. Бунинг учун талаба айтиб ўтилган электрон системада буюртма жойлаштириши керак, холос.

Бундан ташқари, кутубхонада велосипедлар мавжуд бўлиб, талабалар уларни кутубхонага тезроқ келиш ва кутубхонадан тезроқ қайтиш мақсадида вақтинчалик бепул фойдаланишга олишлари мумкин. Кутубхонанинг бир қисми кечаю-кундуз (24 соат) ишлайди, кечаси соат 9:00 дан кейин эса уқишдан чарчаган, уйқуси келган талабалар учун кутубхонада бепул кофе, чой, қайноқ шоколад муҳайё. Бир сўз билан айтганда, Гарвард талабаларнинг муваффақиятли ўқиши учун ҳамма шароитни яратишга интилади, талабаларга эса буларнинг барчасидан ўқиш манфаатида фойдаланиш қолган, холос.

Албатта, талабаларнинг муваффақиятли уқишида ўқитувчиларнинг ўрни катта. Ўқув машғулотларининг тузилиши ва ўқув усуллари ўқув курсининг ўзига, шунингдек, ўқитувчининг ёндашувига боғлиқ эди. Гарварднинг ўқитувчилари эса, кутилганидек, бутун дунёга таниқли бўлган олим ва мутахассислардир. Одатда, ўқитувчилар кейинги машғулотда улар ёритмоқчи бўлган мавзуни уй иши сифатида беришади. Ўқув машғулоти давомида ўқитувчилар тегишли мавзуни батафсил тушунтириб бериш билан бирга, талабалар мавзуни яхши тушуниши, олган билимларини мустаҳкамлаши ҳамда дарсга тайёрланиб келмаган талабаларни аниқлаш учун талабаларга мазкур мавзу юзасидан саволлар берилади. Айтиб ўтиш керакки, ўқимайдиган талаба Гарвардда камдан-кам учрайди.

Гарварднинг энг қисқа қишки семестри мен учун энг мураккаб семестр бўлиб чиқди. Гарвардни 1961 йили энг юқори рейтинг билан тамомлаган, солиқ ҳуқуқи соҳасидаги таниқли эксперт мен рўйхатдан ўтган “Хусусий жамғармалар, венчур капитал ва тадбиркорлик битимларни тузиш” курсида менинг ўкитувчим эди. Курсни бошлашдан олдин, кириш сўзи сифатида у шундай сўзларни айтгани эсимда:

Менинг курсимда сизлар кўп ўқишга мажбур бўласизлар. Сизлар мен уй иши сифатида топширган топшириқнинг ҳаммасини жисмонан ўқиб улгурмайсизлар. Шунинг учун сизларнинг вазифангиз имкониятингиз бор даражада саҳифаларнинг максимал сонини ўқишдан иборат. Ёдингизда тутинглар: Қанчалик кўп ўқисангизлар, ҳаетда ва менинг имтиҳонимда шунчалик муваффақиятли бўласизлар.”

Мен уларнинг сўзларини жуда яхши эслаб қолдим, энг муҳими эса – бу фан менга жуда ҳам еқди! Натижада, мен кутубхонадан ҳар куни эрталаб соат 4:00да чиқардим, эрталаб соат 9:00 да эса яна дарсда бўлишим керак эди.

Бундай ўқиш тартиби сабабли, пассив дам олиш усуллари (мисол учун, кечги ёки кундузги уйқу) менга ёрдам бермай қўйган эди. Улардан кейин мен ўзимни дам олгандай ҳис қилолмай колдим. Шундай пайтларда спорт менга кўмаклашар эди. Талабалар учун мўлжалланган спорт мажмуасида мен стационар велотренажёрдан фаол фойдаланардим, ва чарчоқим менга жуда зарур бўлган қувват билан алмашарди!

Шундай қилиб, ортимда энг ёрқин хотираларни қолдириб, Гарвардда бир йиллик ўқишим ҳам ўтиб кетди. Гарвардни битирганимдан кейин эса, университет ўз битирувчиларига бўлажак ишни топишда кўрсатадиган ёрдами мени ҳайратда қолдирди. Маълум бўлишича, турли-хил ташкилотларда ишлайдиган ва дунёнинг турли-туман мамлакатларида истиқомат қилувчи Гарварднинг кўплаб битирувчилари волонтёр-куратор вазифасини бажариб, яқин кунлардаги битирувчиларга маслаҳат, тавсия, ўзларининг ташкилотларида ҳамда бошқа ташкилотларда керакли алоқаларни ўрнатиш борасида ёрдам беришади ва ҳатто битирувчиларнинг резюмесини тузиш ва таҳрир қилишга ҳам қарашишлари мумкин экан! Шундай қилиб, кураторим туфайли, мен халқаро юридик фирмадаги ўзимнинг ҳозирги кундаги раҳбарим билан боғлана олдим. Ҳозирги пайтда мен Гарвардда ўқишим давомида орттирган билимларимни ишлатган ҳолда, мазкур фирмада ишлаб келаман.

Хулоса тариқасида, мен бўлажак талабаларга ўзларининг кучларига ишонишларини, ўзларини янги нарсаларда синаб кўришларини ҳамда уларни ўз мақсадларига яқинлаштирадиган ҳар қандай имкониятдан фойдаланишларини маслаҳат бераман.

Азиза МАКСУДОВА

4 Comments

  1. Harward bitiruvchisi Azizani ushbu tavsiyasini qo’llab- quvvatlayman. Taqdir bizga har qadamda o’z to’siqlarini mujassam qilib turadi. Cunki, bu xayot umrimiz davomidagi eng katta imtixondir. Nima bo’lgan taqdirda ham biz, xechqachon taslim bo’lmasligimiz kerak, taqdirga tan bermasligimiz kerak. Bordiyu shunday bo’lsa tamom siz deyarli yutqazdingiz. Xayot bizga qancha qiyinchiliklarni ro’baro qilmasin, biz faqat yuqoriga intilishimiz kerak. Chunki bizni oldinda “umid” degan tuyg’u lutadi kamida.
    Hozir mening xayoyimda boshqalarniki singari yo’qsillik bilan o’tmoqda, bakalavr darajisini olmoqdaman qizil diplom kutgandim, lekin o’z so’zida turmaydigan “erkak”lar sabab shu qizil bo’lmay turibdi. Ingliz tiling IELTS Imtixonini topshirish va unga tayyorlanish u’chun pulim xam yo’q. Shunday bo’lgan taqdirda ham, men xech qachon taslim bo’lmayman va ortga chekinmayman. Chunki men o’zimga ishonaman. Va magistratura ni Londonda o’qiyman. Chunki bu mening niyatim. Shu bois bu niyatimni men albatta amalga oshiraman. Asosiysi, men o’zimga ishonaman bu mening ulkan yutug’imdir. Xayot davomida odamning eng katta yutuqlaridan biri bu uning o’ziga bo’lgan ishonchidir va ne bo’lgan taqdirda ham taslim bo’lmaslikdir.

  2. Maqola uchun katta rahmat. Menga juda yoqdi. Shunday mavzudagi maqolalardan ko’plab yozishingizni xohlardim.

  3. Элёрбек

    Макола ва мотивация берувчи маълумотлар учун купдан-куп рахмат. Азиза опа, агар иложиси булса e-mail оркали боглансак. Булажак магистрлар учун online консультациялар жуда хам катта ёрдам беради.
    Рахмат!

  4. Азиза опа сиз ёзган ушбу хаётий макола менимча хар бир ёшларни янада билим олишга кизикишини оширади.