Xabarlar

Давлат органлари фаолияти очиқлиги тўғрисида қонун қабул қилинди

11 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда, палата матбуот хизматига асосланиб, ЎзА хабар бермоқда.

Мажлисда «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилган. Ушбу қонун, ЎзАнинг қайд этишича, Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.

«Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида шу нарса таъкидландики, мазкур ҳужжат фуқароларнинг ахборотга бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишга қаратилган, унда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш тартиб-таомиллари белгилаб қўйилган, давлат органлари фаолиятининг, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар сиёсатининг, давлатимиз ташқи ва ички сиёсатининг шаффофлигини, очиқлигини, сиёсий плюрализмни, мамлакатимизда ва ундан ташқарида рўй бераётган ҳодисалар ҳақидаги фикрлар хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда таъминлаш масалалари назарда тутилган», – деб ёзади ЎзА.

Қайд этишларича, қонун лойиҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг ахборотдан фойдаланишини таъминлашга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг қабул қилинаётган қарорлар учун жавобгарлигини оширишга, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни тарқатиш тартибини белгилашга доир асосий вазифалар белгиланган ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг асосий принциплари тартибга солинган.

«Умуман олганда, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, депутатлар фикрига кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишининг, бундай ахборотни олишга бўлган кафолатни таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди», – дейилади хабарда. Ҳар томонлама моддама-модда муҳокамадан сўнг, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мазкур қонунни қабул қилди. Қонун лойиҳаси энди Олий Мажлис Сенатига юборилади.

Мажлис давомида «Нотариат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилган. Шунингдек, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси батафсил муҳокама этилган ва «муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда депутатлар ушбу қонун лойиҳасининг концепциясини маъқулладилар ва уни биринчи ўқишда қабул қилишган».

Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиққан.

Манба: Kun.uz

Comments are closed.