Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24-йиллиги муносабати билан Ташаббус лойиҳаси ўтказган “Конституциянинг ҳимоя кучи” номли илмий ҳуқуқий мақолалар танловининг 2-ўрин ғолиби Фурқатжон Жуманазаровнинг “Далилларни номақбул деб топишнинг айрим масалалари” деб номланган мақоласини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланиши мустаҳкамланган бўлиб, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Бундан ташқари фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги кафолати сифатида шу нарса белгиланганки, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас. Шу нуқтаи назардан қараганда инсон хуқуқларини энг кўп чекловчи холат бу унинг жиноий жавобгарликка тортилишилигини инобатга олсак, жиноий таъқиб, айбни исботлаш жараёнларида қонунийликни, шаҳснинг хуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масалалари долзарб аҳамият касб этади.
Бош Қомусимизнинг 19-моддасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида айбсизлик презумпцияси мустахкамланган бўлиб, унга кўра жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Шаҳснинг айбини аниқлашда эса жиноят процессининг исботлаш институти, ҳамда далиллар мақбуллигини таъминлаш масалалари энг муҳим ўринни эгаллайди.
Жиноят иши бўйича далил деб ижтимоий хавфли қилмишнинг юз берган-бермаганлигини, шу қилмишни содир этган шахснинг айбли-айбсизлигини ва ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни суриштирувчининг, терговчининг ва суднинг қонунда белгиланган тартибда аниқлашига асос бўладиган ҳар қандай ҳақиқий маълумотларга айтилади. Бироқ шуни таъкидлаш жоизки, даълил сифтида эътироф этилган ҳар қандай маълумот ҳам суд томонидан тўғридан тўғри қабул қилинавермайди. Авволо ҳар бир далил ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланади. Алоқадорлик в ишончлилик ҳусусиятларини таъминлаш бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиётида муаммоларга унча ҳам кўп эмас, бироқ далилларнинг мақбуллигини таъминлашда жиноят иши юритуви учун маъсул шаҳслар кўплаб қийинчиликларга дуч келадилар. Бунинг сабаби эса қонунчилик нормаларини такомиллатириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётинини умумлаштириш лозимлигида деб ўйлаймиз.
Жиноят процессуал хуқуқи фанида далиллар мақбуллигини аниқлашда ягона ёндашув мавжуд эмас. Таъкидлаш жоизки, кўпгина олимлар ушбу тушунчани далиллар тўғрисидаги маълумотларни олиш ва мустаҳкамлашнинг процессуал шакли ва уни жиноят-процессуал қонунчилигига мослиги билан боғлайдилар. Бироқ, далилларнинг мақбуллигини аниқлаш бўйича яна бир қонцепция борки, унга биноан мақбуллик тушунчасига ишончлилик тушунчаси билан хамоҳанг қаралади. Агарда далилларни тўплашдаги қонунбузарликлар унинг ишончлилигига таъсир этмаса, бундай далиллар мақбул ҳисобланади деган фикр юритилади[1].
Жиноят-процессуал кодексига биноан далиллар белгиланган тартибда тўпланган ва ушбу кодексининг 88, 90, 92 — 94-моддаларида назарда тутилган шартларга мувофиқ бўлсагина, улар мақбул деб эътироф этилади. Яъни далиллар қуйидаги шартларга риоя қилинганда мақбул ҳисобланади:
- далил тегишли субъект томонидан, яъни далилни олиш билан боғлиқ бўлган процессуал ҳаракатни ўтказишга ваколатли мансабдор шахс томонидан олинган бўлиши;
- фактга оид маълумотлар фақат Жиноят-процессуал кодексининг 81-моддасида қайд этилган манбалардан олинган бўлиши (булар жумласига гувоҳнинг, жабрланувчининг, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг кўрсатувлари, экспертнинг хулосаси, ашёвий далиллар, овозли ёзувлар, видеоёзувлар, кинотасвир ва фотосуратлардан иборат материаллар, тергов ва суд ҳаракатларининг баённомалари ва бошқа ҳужжатлар киради);
- далил уни олиш билан боғлиқ процессуал ҳаракатни ўтказишга оид қоидалар ва тартибга риоя этилган ҳолда олинган бўлиши;
- далилни олишда тергов ва суд ҳаракати жараёни ва натижаларининг қайд этилишига доир қонуннинг барча талабларига амал қилинган бўлиши шарт. Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан қонунни аниқ бажаришдан ва унга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, у қандай сабабга кўра юз берганлигидан қатъи назар, шу йўл билан олинган далилларнинг номақбул (яроқсиз) деб топилишига олиб келади. Номақбул далиллар эса юридик кучга эга бўлмайди ва улардан исботлаш учун фойдаланиш ҳамда уларни айблов асосига қўйиш мумкин эмас.
Шу ўринда савол туғилади – қонуний тартиботнинг бундай қатъийлиги тергов ва одил судлов сифтини оширишга хизмат қилиб эмас, балки жиноят содир қилган шаҳслар учун жавобгарлик муқаррарлигига путур етказиб қўймасмикан? Ва ушбу норма амалиётда сўзсиз қўлланилишининг қанчалик имкони бор. Иккинчи тарафдан эса қандай қилиб ҳуқуни мухофаза қилувчи органлар ўзлари қонунбузарликка йўл қўйиб бошқа шахс қонунга риоя қилмагани учун айблаши мумкин. Бу масаланинг ечими алоҳида бир шахснинг манфаати ва жамият манфаати ўртасидаги мувозанатга бориб тақалади.
Афсуски, хуқуқни қўллаш амалиётида жуда кўп ҳолларда судлар далиллар мақбуллигини таъминлашга етарлича эътибор қаратмайдилар. Масалан, шундай холатни олайлик. Терговчи томонидан ўтказиладиган айрим тергов ҳаракатларида (тинтув, таъниб олиш учун кўрсатиш ва бошқалар) холисларнинг иштироки мажбурий ҳисобланади. Уларнинг иштироки тергов ҳаракатлари ўтказиш жараёнида олинган далилларнинг ишончлилигини таъминлаш учун лозимдир. Лекин аксарият холларда холислар тергов ва суриштирув органлари томонидан бажарилаётган барча ҳаракатларни кузатишга имкони бўлмайди. Лекин тергов ҳаракати ниҳоясига етканидан сўнг улар терговчи ва суриштурувчинг сўзига ишониб ўзлари бевосита гувоҳи бўлмаган холатларни ҳам тергов ҳаракати далолатномасида имзоси билан тасдиқлайди. Суд эса кўпинча холисларни гувоҳ сифатида сўроқ қилмайди. Таъкидлаш жоизки, кўпгина хорижий давлатларда холислар институти умуман мавжуд эмас (масалан АҚШ, Германия, Буюк Британия, Хитой). Баъзи давлатларда эса ҳолислар иштироки мавжуд бўлсада уларнинг иштироки мажбурий эмас (Исроил). Агар мамлакатимизда холислар тўпланаётган далилларнинг ишончлилигини таъминлашга хизмат қила олмаса, балки улардан бош тортиш керакдур? Албатта йўқ, лекин, фикримизча, суд жараёнида холисларни сўроқ қилиш мажбурийлиги масаласи қонунчиликда белгиланса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки ушбу институт мавжуд бўлмаган давлатларда терговчи ва полиция ходимларини ўзларини гувоҳ сифтида суд жараёнига жалб қилиш кенг тарқалган бўлиб, уларнинг қасамёд остида берган кўрсатувлари тергов жараёнида олинган далилларнинг ишончлилиги таъминлашга хизмат қилади.
Юқорида таъкидланган икки манфаат ўртасидаги мувозанат масаласини хал қилиш учун, фикримизча, қонунчиликка далилларни номақбул деб топишнинг мезони сифатида “жиноят-процессуал қонунчилигини жиддий бузилиши” тушинчаси киритилиши лозим. Ушбу тушунча хозир ҳам мавжуд бўлиб, бугунги кунда у фақатгина ҳукмни бекор қилиш ёки ўзгартириш асоси сифатида мустаҳкамланган. Ушбу мезонни киритилиши далилларни тўплаш жараёнидаги унча ҳам жиддий бўлмаган, далилни ишончлилигига путур етказмайдиган қонун бузилишлари жиноят содир этган шахсга нисбатан жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга имкон яратади. Лекин бунда судлар албатта далиллар тўплаш жараёнидаги ҳар бир йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолларини ўрганиши, улар юзасидан хусусий ажрим чиқариш орқали муносабат билдиришлари, зарур ҳолларда эса, Жиноят кодексининг мансабдорлик жиноятлари ёки одил судловга қарши жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалари бўйича жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал этишлари шарт.
Яна бир муҳим масала бу далилларни номақбул деб топишнинг процессуал тартибидир. Афсуски қонунчилигимизда ушбу тартиб аниқ белгиланмаган ва шунинг учун ҳам кўпгина холларда аслида номақбул деб топилиши лозим бўлган далиллар айбни исботлашда қатнашмоқда. Қонун бузилиши оқибатида олинган далил суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан номақбул деб топилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги 12-сонли “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ далилни номақбул деб топиш масаласи гумон қилинувчи, айбланувчи, унинг ҳимоячиси ёки қонуний вакили, шунингдек, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар томонидан қўйилиши мумкин. Суд далилни номақбул деб топганда, уни далиллар мажмуидан чиқариш тўғрисида асослантирилган қарор қабул қилади ва бу ҳақда ҳукмнинг тавсиф қисмида кўрсатади. Бироқ шуни таъкидлаш жоизки, қонунчиликда ушбу масала қандай шаклда кўтарилиши мумкин, далилни мақбул ёки номақбуллигини исботлаш кимнинг зиммасига юклатилади, номақбул деб топилган далилларнинг юридик кучини тиклаш тартиби, дастлабки тергов жараёнида ушбу масала қандай тартибда амалга оширилиши каби саволлар хануз очиқ қолмоқда.
Хорижий давлатлар тажрибасига мурожат қиладиган бўлсак, Россия Федерацияси Жиноят-процессуал кодексининг 234-моддасида далилларни чиқариб ташлашнинг процессуал тартиби аниқ белгиланган. Унга кўра тарафларнинг ҳар қандай далилни суд муҳокамасида тақдим қилинадиган далиллар мажмуидан чиқариб ташлаш ҳақида илтимоснома киритиш хуқуқи белгилаб қўйилган. Бундай илтимоснома киритилган тақдирда ўша куннинг ўзидаёқ унинг нусҳаси бошқа тарафга тақдим қилиниши лозимлиги қайд этилган.
Ушбу илтимосноманинг мазмуни ҳам кўрсатилган бўлиб, унга кўра илтимономада қайси далилни номақбул деб топиш сўралаётгани ва бунга асос кўрсатилиши лозим. Агарда илтимосномани ҳимоя тараф киритган бўлса ва унга асос сифатида далил Жиноят-процессуал кодекснинг талабларига зид равишда тўпланганлигини кўрсатса, ушбу важларни рад этиш мажбурияти айблов тарафига юклатилади. Қолган ҳолатларда эса исботлаш мажбурияти ҳимоячининг зиммасига юклатилади.
Қозоғистон Республикасининг қонунчилигига биноан эса судья (раислик этувчи) ишни суд муҳокамасига тайёрлаш жараёнида тарафлардан далилларни номақбул деб топиш ва чиқариб ташлаш тўғрисида илтимосномалари бор ёки йўқлигини сўрашга мажбурдир[2]. Шундан сўнг судья қолган иштирокчилар фикрини эшитиб ҳар бир тақдим қилинган илтимосномани кўриб чиқиши, қаноатлантириши ёки қаноатлантиришни рад этиб асослантирилган қарор қабул қилиши лозим. Ушбу тажрибалардан келиб чиқиб айтиш мумкунки бизнинг қонунчиликка ҳам далилларни номақбул деб топиш илтимосномалар киритилиши орқали хал қилиниши, ушбу илтимосномалар иш хужжатларига қўшилиши, илтимосномани асослантирилган бўлиши, уларни кўриб чиқиш натижаси бўйича алоҳида ажрим чиқарилиши тўғрисидаги нормалар киритилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, далиллар номақбуллиги институти шаҳснинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутиб, ушбу соҳа қонунчилигини такомиллаштириш жамиятда қонунийлик, адолатлилик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Жуманазаров Фурқатжон
ТДЮУ магистранти
[1] Кудрявцева А.В. О понятии “допустимость” доказательств в уголовном процессе. Материалы Всероссийской научно-практической конференции, посвященной 95-летию Башкирского государственного университета. Часть I. – Уфа: РИО БашГУ, 2004.
[2] Хан В.Ю. Доказательства и их допустимость в уголовном процессе, 2014 г. http://kodeks-advocate.kz/ru/599-dokazatelstva_i_ih_dopustimost_v_ugolovnom_processe/pg/4.html