Maqolalar

Advokatura institutini isloh qilish – inson huquqlari himoyasini kuchaytirish vositasidir.

Б. Саломов*

Асосий фаолият йўналиши инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган институтлар орасида адвокатура алоҳида ва муҳим ўрин эгаллайди. Шу сабабли мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида фуқаролик жамиятининг муҳим институтларидан бири бўлган адвокатура тизимини ислоҳ қилиш ҳамда унинг жамиятдаги мавқеини оширишга кенг эътибор қаратилмоқда.

Соҳани ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг ҳуқуқий асоси сифатида 1996 йилда «Адвокатура тўғрисида», 1998 йилда «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги Қонунлар қабул қилиниб, унда адвокатлик фаолиятининг муҳим жиҳатлари, адвокатларнинг касбий дахлсизлиги ва кафолатларини таъминлашга қаратилган муҳим нормалар белгиланди. Қонунда белгиланган ушбу нормалар адвокатура институтининг мустақиллигини маълум даражада таъминлайди ҳамда адвокатларга касбий вазифаларини амалга оширишда кенгроқ имкониятлар яратди.

Қонунда адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни белгиланган тартибда олган шахс ўз адвокатлик бюросини очиб, якка тартибда фаолият кўрсатишга ёхуд ихтиёрийлик асосида бошқа адвокатлар (шериклар) билан ҳайъатлар ва фирмалар тузишга ҳақли эканлигининг белгиланиши мамлакатимизда адвокатлик фаолиятининг ташкилий шакли сифатида мавжуд бўлган адвокатлар ҳайъатлари билан бир қаторда адвокатлик фирма, бюроларини ташкил этилиши ва фаолият кўрсатишига олиб келди. Шу ўринда маълумот тариқасида бугунги кунда республикада адвокатлик тузилмаларининг ташкилий шакллари сифатида 23 та адвокатлар ҳайъати, 350 тадан ортиқ адвокатлар фирмалари, 450 тадан ортиқ адвокатлик бюролари фаолият кўрсатиб келаётганлигини қайд этиш лозим.

Қонун қабул қилинишига қадар республикада 1700 га яқин адвокат фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 4000 тадан ортди. Турли ташкилий шаклдаги адвокатлик тузилмаларининг фаолият кўрсатаётганлиги соҳада соғлом рақобатни вужудга келтириб, кўрсатилаётган юридик ёрдамнинг сифат даражасини яхшиланишига олиб келди ва мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида яшаётган фуқаролар ҳам юридик ёрдам олиш имкониятига эга бўлдилар.

Суд-ҳуқуқ тизимининг узвий бўлаги ҳисобланган адвокатура соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мазмун-моҳияти, мақсади энг аввало, адвокатуранинг жамиятдаги мавқеини кўтариш, кучли, мустақил адвокатура тизимини барпо этиш орқали шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмини яратишга қаратилган.

Амалдаги адвокатурага оид қонун ҳужжатларида адвокатлик фаолияти билан боғлиқ айрим масалаларнинг тартибга солинмаганлиги амалиётда соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган қуйидаги муаммоларни келиб чиқишига сабаб бўлди.

Қонун ҳужжатларида мавжуд адвокатлик тузилмалари (адвокатлар ҳайъати, фирмаси, адвокатлик бюроси)ни ягона тизимга бирлаштирадиган адвокатура ўзини ўзи бошқарув органларини ташкил этилиши назарда тутилмаганлиги, адвокатларнинг касбий жамоат бирлашмаси сифатида фаолият кўрсатаётган Ўзбекистон Адвокатлар Ассоциациясининг ҳуқуқий мақоми ҳамда адвокатура тизимидаги ўрни ва ролини белгиловчи нормалар мавжуд эмаслиги сабабли, адвокатларни ягона ташкилотга бирлаштирувчи тизим ташкил этилмади. Натижада, айрим адвокатлик тузилмалари томонидан кўрсатилаётган юридик ёрдамнинг сифат даражаси умумий назоратдан четда қолиб, кейинги йилларда адвокатларнинг хатти-ҳаракати ва иш сифати хусусида тушаётган шикоятлар сонининг ортиб боришига сабаб бўлмоқда.

Амалдаги қонунчиликда адвокатлик мақомига эга бўлиш учун қўйилган талабларнинг заифлиги (мутахассислик бўйича иш стажи ёки касбий тайёргарлик (стажировка) ҳамда юксак аҳлоқий талабларга жавоб бериши лозимлиги ҳақидаги мезонларнинг йўқлиги) айрим ҳолларда соҳага касбий кўникмага эга бўлмаган, билим савияси паст ёки ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралардан ножўя қилмиши туфайли ишдан бўшатилган нопок ходимларнинг кириб келишига замин яратди.

Қонунчиликда шахсларга адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни муддатсиз берилиши назарда тутилган бўлсада, фаолият давомида адвокатларнинг мунтазам касб малакаларини ошириб бориш мажбуриятларини белгиланмаганлиги аҳолига кўрсатилаётган юридик ёрдамнинг сифат даражасига салбий таъсир этиб, адвокатуранинг жамиятдаги мавқеини ўcишига хизмат қилмади.

Адвокатура тизимини ривожланишига салбий таъсир кўрсатаётган бу каби ҳолатлар соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш заруриятини келтириб чиқарди.

Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 1 майда «Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора тадбирлари тўғрисида»ги муҳим Фармони қабул қилиниб, унда адвокатура институтини ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишлари белгилаб берилди.

Мазкур тарихий ҳужжатда адвокатура илк бор фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири сифатида эътироф этилиб, адвокатуранинг самарали ўзини ўзи бошқарадиган марказлаштирилган тизимини ташкил этиш, адвокатликка номзод шахсларнинг малакасига нисбатан қўйиладиган талабларни кучайтириш, шунингдек адвокатларни мунтазам равишда касбга оид малакасини оширишни мажбурийлигини жорий этиш, адвокатурани ҳалол ва касб маҳорати юқори мутахассислар билан таъминлайдиган самарали лицензиялаш тизимини ташкил этиш, жиноят процессида айблов ва ҳимоя тарафларнинг процессуал ҳуқуқлари тенглигини таъминлаш, ҳуқуқшунослик соҳасида махсус билимга эга бўлмаган шахсларни суд ишида иштирок этишга йўл қўймасликка қаратилган тарафлар вакиллиги институтини босқичма–босқич такомиллаштириш, адвокатлар томонидан касб этикаси қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш механизми ва адвокатларга нисбатан интизомий иш юритиш тизимини такомиллаштириш сингари масалалар соҳани ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари сифатида белгилаб берилди.

Президент Фармони ижросини таъминлаш мақсадида адвокатура соҳасини ислоҳ этишнинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган жиноят процессида айблов ва ҳимоя тарафларнинг процессуал ҳуқуқлари тенглигини таъминлаш механизмини такомиллаштириш бўйича амалдаги ЖПК, МҲТК, ЖИКларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унда ҳимоячига далиллар тўплаш ва тақдим этиш ваколатини бериш, ушланган шахсни дастлабки пайтдан бошлаб ҳимоя ҳуқуқини таъминлаш, гумон қилинувчи, айбланувчини биринчи сўроғига қадар ҳимоячи билан холи учрашиши, у судда дастлабки терговда ҳимоячи иштирокисиз олинган кўрсатувларни инкор қилганда, уларни номақбул далил сифатида эътироф этиш сингари нормалар белгиланиши назарда тутилган.

Шунингдек, лойиҳада кўрсатилган адвокатнинг иш билан танишиш жараёнида, ундаги маълумотлардан техника воситаларидан фойдаланган ҳолда истаган ҳажмда нусхалар олиш ҳуқуқи, терговчи адвокат тақдим қилган материалларни жиноят ишига қўшишга мажбур эканлиги, адвокатлик сўровига жавоб бермаса, маъмурий жавобгарликка тортилиши, гувоҳ ҳам адвокат ёрдамидан фойдаланиши мумкинлиги ва бошқа муҳим умумэътироф этилган ҳимоя ва айбловнинг тенглигини таъминловчи ҳуқуқий нормалар акс эттирилган.

Бир сўз билан айтганда, амалдаги қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар жиноят процессида айблов билан ҳимоя тарафлар тенглигини амалда таъминлаш механизмини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Соҳадаги мавжуд мазкур камчиликларни бартараф этиш мақсадида Фармонда адвокатлар томонидан фуқароларнинг айрим тоифаларига кўрсатилган ҳуқуқий ёрдам учун давлат ҳисобидан ҳақ тўлаш механизмини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритиш вазифаси мутасадди ташкилотларга юклатилди. Бинобарин, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 июндаги “Адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам учун давлат ҳисобидан ҳақ тўлаш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 137-сонли қарори билан: бундан кейин тайинлов асосида қатнашган адвокатга иш ҳақи маҳаллий бюджет ўрнига Давлат бюджетидан ажратиладиган, адвокатни давлат ҳисобидан иштирок эттиришда юридик ёрдамдан фойдаланувчи шахсга кам таъминланган оила деб қараш мезонининг миқдори (энг кам ойлик иш ҳақи бир баравари) ҳам ўзгарди. Яъни, унга асосан “Оиласида ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ялпи ойлик даромад юридик ёрдам кўрсатилганлиги учун ҳақ тўлашдан озод қилиш тўғрисида қарор (ажрим) қабул қилинган кундаги энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 бараваридан ортиқ бўлмаган шахслар адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатилганлиги учун ҳақ тўлашдан озод қилинади ва харажатлар давлат ҳисобига ўтказилади”. Бундан ташқари, мазкур қарордан келиб чиқиб мутасадди ташкилотлар томонидан адвокатларни меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган Низом ишлаб чиқилган.

Президент Фармонида марказлаштирилган адвокатура ўзини ўзи бошқарадиган орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасини ташкил этиш адвокатура соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотларнинг асосий йғналишларидан бири эканлиги қайд этилиб, палатанинг асосий вазифалари ва фаолият йўналиши белгилаб берилди.

Фармонда белгиланган мазкур вазифанинг ижросини таъминлаш мақсадида 2008 йил 27 майда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, ундан Ўзбекистон Адвокатлар Ассоциацияси негизида адвокатура ўзини ўзи бошқарув органи Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларини ташкил этиш, уларнинг ташкилий тузилишини, бошқарув тизимини шакллантириш билан боғлиқ муҳим масалалар ўрин олди. Президент Фармони ва ҳукумат қарорида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасини Ўзбекистон Адвокатлар Ассоциацияси негизида ташкил этишни кўрсатиб ўтилганлиги бежиз эмас, албатта. Чунки Ўзбекистон Адвокатлар Ассоциацияси ўз Устав вазифаларига кўра, адвокатларни корпоратив бирлигини таъминловчи, уларнинг манфаатларини ифода этувчи республикадаги ягона касбий бирлашма сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Ўзбекистон Адвокатлар Ассосацияси томонидан қабул қилинган ўнлаб корпоратив ҳужжатларнинг амалиётга татбиқ этилиши ҳамда адвокатура фаолиятини тартибга солувчи кўплаб норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол иштироки ва суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштиришга оид таклифлари эътиборга молик эканлигини бугунги кунда республикамиз адвокатлари ва кенг жамоатчилик ҳам тан олмоқда.

Шу боис “ислоҳотларнинг қонунчилик базасини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, ҳуқуқий тартибга солишнинг яхлитлигини ҳамда қонунчилик нормаларининг бир хилда қўлланилишини таъминлаш бўйича таклифлар киритиш” ҳамда “адвокатура фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, улар бўйича таклифлар тайёрлаш” Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг (бундан кейин ЎзРАП) асосий вазифалари ва фаолият йўналишларидан бири деб белгиланган.

Адвокатурани янада ривожлантиришга, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда унинг обрў-эътибори ва аҳамиятини оширишга кўмаклашиш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий билими ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ҳуқуқ-тарғибот ишларини амалга ошириш сингари вазифалар ЎзРАПнинг асосий фаолият йўналишлари сифатида Фармонда белгиланиши тизимда жиддий ислоҳотларни олиб боришга қодир бўлган янги ташкилот барпо этилаётганлигидан далолат беради.

Ҳар қандай нодавлат нотижорат ташкилот албатта ўз аъзоларининг касбий ҳамда ижтимоий манфаатини ҳимоя қилиши ҳамда уларни касб малакасини ошириш билан шуғулланмоғи лозим. Айниқса, бу адвокатларнинг корпоратив ташкилоти бўлса. Зеро, адвокатларнинг мустақиллиги, дахлсизлиги, билимдонлиги ва кучли ижтимоий ҳимояланганлиги даражаси мамлакатда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг сифат мезонларидан бири ҳисобланади. Шу боис, адвокатларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судда, давлат ва хўжалик органларида ҳимоя қилиш, уларни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлган таъқиблардан, чеклаш ва тажовузлардан ҳимоя қилиш чораларини кўриш ҳамда касбий тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини ташкил қилиш ЎзРАПнинг вазифалари ва фаолият йўналиши сифатида белгиланди.

Мамлакатимизнинг деярли барча туман ва шаҳарларида адвокатлик тузилмалари ташкил этилган бўлиб, уларда фаолият юритаётган адвокатлар аҳолига юридик ёрдам кўрсатиб келмоқдалар. Лекин республикамизнинг 3та туманида юридик маслаҳатхонанинг мавжуд эмаслиги ҳамда 29та тумандаги юридик маслаҳатхонада биттадан адвокат фаолият юритиши мазкур туманлардаги аҳолини юридик ёрдамга бўлган эҳтиёжини қондириш учун етарли эмас. ЎзРАП зиммасига юклатилган республика туман ва шаҳарларида юридик маслаҳатхоналар ташкил этиш йўли билан аҳолининг юридик ёрдамга бўлган талабини қондириш масаласини Фармонда белгиланиши айни муддао бўлди.

Адвокатура ва адвокатлик фаолиятига доир халқаро андозаларда (Адвокатлар ролининг асосий қоидалари ҳақида) адвокатга нисбатан қўлланиши лозим бўлган интизомий чоралар интизомий комиссия томонидан кўриб чиқилиши ва бу комиссия адвокатуранинг ўзи томонидан тузилиши, унинг қарори устидан судга мурожаат қилиш имконияти яратилиши лозимлиги белгиланган.

Мамлакатимиз Президентининг “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони талабидан келиб чиқиб, адвокатларнинг малака интизом комиссияларини адлия идораларидан олиниб, Адвокатлар палатасига бериш ҳақидаги қонун нормасини ишчи гуруҳ томонидан тайёрланган лойиҳага киритилиши, хусусан, адвокатлар томонидан қонунчиликка ва касб этикаси қоидаларига риоя этилиши устидан назорат ўрнатишни ЎзРАПнинг фаолият йўналишларидан бири сифатида эътироф этилиши халқаро андозаларни миллий қонунчиликка сингдирилаётганлигидан далолатдир.

Президент Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини ва унда Ўзбекистон Адвокатлар Ассоциацияси негизида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасини ташкил этиш ва унинг ҳуқуқий вориси сифатида белгиланишини ЎАА аъзолари адвокатура тарихида нишонланадиган шонли воқеа сифатида қабул қилдилар, деса муболаға бўлмайди. Чунки, у республикамиздаги барча адвокатларни корпоратив бирлигини таъминлашга ҳуқуқий замин яратади.

Фармонда Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси нотижорат ташкилот мақомига эга бўлиши, жойларда ҳуқуқий тузилмаларининг ташкил этилиши ва у адвокатуранинг ўзини ўзи бошқарадиган ягона касбий бирлашмаси эканлиги, адвокатларнинг касбий фаолиятига тааллуқли ички ишларига аралашмаслик тамойили асосида фаолият олиб бориши лозимлиги белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, Фармонда белгиланган муҳим вазифаларни амалга оширилиши:

биринчидан, барча адвокатлик тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштирувчи, марказлашган ягона тизим шаклланишига ҳуқуқий замин яратади;

иккинчидан, адвокатлик тузилмалари ташкилий шакллари устидан ягона бошқарувни ташкил этиш, адвокатларнинг фаолият уйғунлиги, корпоратив бирлигини таъминлаш ҳамда касб одоби қоидаларига риоя этилиши ва кўрсатилаётган юридик ёрдамнинг сифатини назорат қилишнинг самарали механизмини вужудга келтиради;

учинчидан, аъзолардан мунтазам равишда келиб тушадиган аъзолик бадаллари адвокатуранинг моддий-техника таъминоти, адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси, уларнинг касб малакаларини ошириш билан боғлиқ иқтисодий-ижтимоий муаммоларни мустақил ҳал этиш имконини беради;

тўртинчидан, аҳолига янада сифатли юридик ёрдам кўрсатиш таъминланади ҳамда жамиятда адвокатуранинг роли ва мавқеи ошади.

Суд-ҳуқуқ соҳасида давом этаётган узлуксиз ислоҳотлар адвокатура тизимини ҳам бугунги кун талаби даражасида ривожлантириш ҳамда соҳага оид қонунларни доимий равишда такомиллаштириб боришни тақозо этмоқда. Зеро кучли, мустақил адвокатура тизими фуқаролик жамиятида шахс ҳуқуқ ва эркинлиги ҳимоясининг муҳим кафолатидир.


* Ўзбекистон Адвокатлар Ассоциацияси раиси, юридик фанлар доктори

Comments are closed.