Миракмал НИЯЗМАТОВ
24 январь 2012 йил Франция Сенати геноцидни инкор этишни жиноят деб белгиловчи қонун лойиҳасини тасдиқлади. Қонун лойиҳаси тахминан бир аср олдин Усмонийлар салтанати ҳудуда арманларга қарши содир этилган қирғинни геноцид деб тан олишни рад этганлик учун жиноий жавобгарлик белгилайди. Бу жиноятни содир этган шахсга тахминан 58 минг доллар жарима ва бир йил қамоқ жазоси белгиланади.
Ушбу қонун лойиҳаси ўтган йилнинг декабр ойида Франция парламенти қуйи палатаси томонидан тасдиқланган ва қонуний кучга кириши учун президент Саркози уни 15 кун ичида имзолаши керак эди. Аммо Франция парламенти депутатлари ушбу қонун лойиҳаси қонунийлиги юзасидан қарор чиқаришини талаб қилиб, Франция Конституциявий судига мурожаат қилишди. 28 феврал куни Конституциявий суд қонун лойиҳасини Франция Конституциясига ва бошқа асосий қонун ҳужжатларида кафолатланган сўз эркинлиги ҳуқуқига ҳилоф деб қарор қабул қилди. Суд қарорига жавобан президент Саркози қонуннинг янги лойиҳаси ишлаб чиқилишини буюрди.
Тарихий ҳужжатларда таъкидланишича, Усмонийлар салтанати 1915 йилларда Шарқий Анадолуда истиқомат қилувчи арманларнинг у ердан кўчирилишини буюрган. Арманларнинг кўпи айнан шу кўчириш мобайнида вафот этган. Вафот этганлар сони борасида аниқ бир маълумот йўқ. Келтирилган рақамлар уч юз мингдан бир ярим миллионгача боради. Арманистон ҳукумати ва хорижий давлатлардаги арман лоббиларига кўра, Усмонийлар салтанати Биринчи Жаҳон уруши даврида тахминан бир ярим миллион арманни қатлиом қилган. Туркия бу рақамни бўрттирилган дейди ва унга кўра, 1915 йилларда Усмонийлар салтанати парчаланиш арафасида бўлиб, бир неча давлат билан урушда бўлган ва марказий ҳокимият сусайганлиги натижасида қирғиннинг олдини олиб бўлмаган. Бундай сиёсий вазият оқибатида нафақат арманлар, балки Усмонийлар салтанати ҳудудида яшаган турклар ва бошқа элатлар ҳам бирдай кўп сонда қирилиб кетган дейди.
Тарихшунос олимлар орасида ҳам арманлар қатлиомини геноцид деб аташ мумкинлиги хусусида келишмовчиликлар мавжуд. Мичиган университети профессори Роналд Суни (Ronald Suny) назарида Усмонийлар сулоласи ҳудудида маҳалий арманларнинг қатл этилишини геноцид деб аташ мумкин бўлса, Массачуссетс университети Амҳерст коллежи профессори Гунтер Левига (Gunter Levi) кўра, этник арманлар кўп сонда қирилиб кетгани рост, аммо бунга геноцид номини бериш нотўғри. Бу ҳақда халқаро ҳуқуқ нима дейди? Мақоламизда масаланинг айнан шу қиррасига диққат қаратамиз.
Геноцид нима?
Қатлиомларнинг ҳаммаси ҳам, қанчалик ваҳшиёна ва кенг тусга эга бўлмасин, геноцид сифатида таърифланмайди. Геноцид жиноятларнинг энг ёмони ҳисобланиб, уни баъзилари жиноятлар қироли деб атайдилар. Шу сабабли геноцид сўзини маълум бир жиноятга нисбатан ишлатилиши кўп ҳолларда сиёсий тус олади.
Келишмовчиликларни камайтириш ва геноцид таърифига аниқлик киритиш мақсадида 1948 йил 9 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) аъзолари махсус халқаро ҳужжат қабул қилишди. Бу ҳужжатнинг номи Геноцид жиноятини олдини олиш ва уни содир этганлик учун жазолаш тўғрисидаги конвенциядир (Геноцид конвенцияси). Ушбу халқаро ҳужжат бугунга қадар 142 давлат томонидан ратификация қилинган. Бу эса конвенцияда қабул қилинган геноциднинг таърифи кўпгина давлатлар томонидан тан олинганлигини ва уни писанд қилмаслик тўғри эмаслигидан далолат беради.
Геноцид конвенциясининг 2-моддасига биноан, геноцид деб қайсидир миллий, этник ёки диний гуруҳни бутунлай ёки қисман йўқотишни ният қилиб содир этиладиган қуйидаги ҳаракатлар тушунилади: [а] гуруҳ аъзоларини ўлдириш; [б] гуруҳ аъзоларига жиддий жисмоний ёки ақлий шикаст етказиш; [в] гуруҳ аъзоларининг бутунлай ёки қисман йўқ қилишга мўлжалланган ҳаётий шарт-шароитларни қасддан яратиш; [г] гуруҳ ичида бола туғилишининг олдини олишга мўлжалланган чора-тадбирлар кўриш; [д] бир гуруҳга мансуб болаларни бошқа гуруҳга зўрлаб ўтказиш.
3-моддага кўра эса қуйидаги хатти-ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик тайинланади: геноцид, геноцид содир этиш мақсадида тил бириктириш; геноцид содир этишга тўғридан-тўғри ва ошкора ташвиқ қилиш (incitement); геноцид содир этишга ҳаракат қилиш; геноцидда иштирок этиш.
Халқаро ҳуқуқда геноцид тушунчасининг энг муҳим жиҳати шундаки, бу жиноят исботланиши учун жиноят маълум бир этник гуруҳни айнан шу гуруҳ аъзоси бўлгани учун қириб ташлаш нияти билан содир этилганлиги исботланиши керак. Бу эса геноцид жиноятининг исботланиши энг қийин бўлган жиҳатидир. Умуман олганда, жиноят ҳуқуқининг умумий қоидаларига кўра, жиноий жавобгарликка тортиш учун кишининг маълум бир жиноят содир этишга ният қилганлигини кўрсатиш кифоядир. Геноцид жиноятини исботлаш учун эса, шахс айнан маълум бир миллий, этник ёки диний гуруҳни қириб ташлаш нияти билан юқорида санаб ўтилган жиноятлардан бирини содир этганлиги исботланиши керак. Мисол тариқасида 1994 йилда Руандада содир этилган геноцидни келтириш мумкин. Руандада икки асосий этник гуруҳ мавжуд: Хутулар ва Тутсилар. 1994 йилда бу икки этник гуруҳ ўртасида келиб чиққан низо натижасида, кўпчиликни ташкил қилган Хутулар озчиликдан иборат бўлган Тутсиларнинг тахминан 800 мингини ўлдирган. Бунда Хутулар Тутсиларни айнан Тутси этник гуруҳига мансуб бўлганлари учун қирганлар. 2010 йилнинг июн ойида Жанубий Қирғизистонда, хусусан Ўш ва Жалолободда, ўзбекларга қарши содир этилган кенг қўламдаги қатлиомда ҳам баъзи сиёсатчилар ва халқаро ташкилотлар геноцид аломатлари бор эканлиги айтдилар.
Геноцид жиноятини содир этишда аниқ ниятнинг мавжуд бўлганлигини исботлашда ёрдам берадиган жиҳатлардан бири бу аниқ режанинг мавжуд бўлганлигидир. Масалан, Фашистлар яҳудийларни қириб ташлаш режасини тузиш учун тарихда 1942 йилда Ванзе конференцияси деб ном олган йиғилиш ўтказганлар. Йиғилиш сўнгида қабул қилинган протоколда айтилишича, йиғилиш қатнашчилари Европада яҳудийлар сони нечта эканлигини, уларни қай турли меҳнатга жалб қилиниши лозимлиги, қийин меҳнат натижасида тахминан қанчаси қирилиб кетиши ва ниҳоят барча қийинчиликларга бардош бериб омон қолганлардан қандай қутулиш масаласи ҳам муҳокама қилинган. Агар 2010 йилнинг ёзида Жанубий Қирғизистонда ўзбекларга қарши уюштирилган қирғинни ҳам олдиндан режалаштирилганини кўрсатувчи далиллар топилса, ушбу қирғин ўзбекларни қириб ташлаш нияти билан амалга оширилганлиги ва шу сабабли унга геноцид таърифини бериш мумкин бўлади. Жиноий режа мавжуд бўлганлигини исботлашда бир гуруҳ кишилар ўзбекларнинг уйларини ва уларга тегишли бўлган бизнесларни аниқлашни, уларга белги қўйиб чиқишни, жиноят содир этишда ишлатиладиган қуролларни ким топиб келишини, қирғинни бевосита кимлар амалга оширишини, бошқаларга қирғин ҳақидаги хабарни қандай қилиб етказишни, қирғинни кимлар молиявий таъминлаши каби масалаларни олдиндан келишиб олганликларини кўрсатиш керак бўлади. Шу каби элементларнинг аксари аниқланса, маълум бир гуруҳга қарши уюштирилган қирғин аниқ мақсад билан амалга оширилганлигини ва шу сабабли қирғинни геноцид деб таърифлаш мумкин эканлигини айтиш мумкин.
Геноцид содир этишда аниқ ниятнинг мавжуд бўлганлигини исботлашда ёрдам берадиган жиҳатлардан яна бири бу жиноят содир этиш учун кенг ташвиқот олиб борилганлигидир. Масалан, Руандада содир этилган геноцид мобайнида Хутулар Тутсиларни ўлдиришга ташвиқ этишда радио ва телевидениядан кенг фойдаланганлар. Тутсилар Хутулардан бўйлари баландлиги билан ажралиб турганлари учун, Хутулар радио ва телевидения орқали давомли равишда “Баланд дарахтларни чопиб ташлайлик” деган чақириқлар қилганлар. Фашистлар ҳам яҳудийларга қарши қирғинни бошлашдан олдин кенг қамровли тарғиботдан фойдаланганлари айтилади.
Геноцид жиноятини исботлаш ўта мушкул эканлигини БМТ қошида фаолият юритувчи Халқаро суднинг Боснияда содир этилган жиноятлар юзасидан чиқарган қароридан ҳам кўриш мумкин. Собиқ Югославия ҳудудида содир этилган қатлиомларнинг аксариятида геноцид аломатлари мавжуд бўлса ҳам, Халқаро суд фақат бир ҳолатни геноцид деб топди. Халқаро суднинг 2007 йилда қабул қилган қарорига кўра, собиқ Югославия ҳудудида боснияликларга қарши содир этилган қатлиомлардан фақат 1995 йилда Сребреницада 8 минг боснияликнинг қатлиоми геноцид деб топилди. Қолган ҳолатларда боснияликларга ва бошқа миллат вакилларига қарши содир этилган жиноятлар қанчалик оғир бўлишидан қатъий назар, геноцид эканлиги исботланмади.
Арманлар қирғини ва геноцид
Туркия ҳукумати 1915 йилларда Усмонийлар салтанати ҳудудида истиқомат қилган арманлар кўп сонда қирилиб кетганини рад этмайди. Аммо бу қирғинлар геноцид деб таърифланишига кескин қаршилик билдиради. Масаланинг муҳим жиҳати шундаки, маълум бир жиноятни геноцид деб топишда неча киши ҳалок бўлгани умуман рол ўйнамайди. Ўлдирилган кишилар сони бештадан ошмаса ҳам, содир этилган жиноят геноцид деб топилиши мумкин. Ва аксинча, қатлиом қилинганлар сони 500 мингдан ортиқ бўлса ҳам, содир этилган жиноят геноцид деб топилмаслиги мумкин. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, жиноятни геноцид деб таърифлашда эътиборга олиниши керак бўлган энг муҳим масала бу жиноий ҳаракатлар қандай мақсад билан амалга оширилганидир. Агар қатлиомдан мақсад кишиларни маълум бир миллий, этник ёки диний гуруҳ эгаси бўлгани учун уларни ёппасига ёки қисман қириб ташлаш бўлса, бундай ҳаракатларни геноцид деб таърифлаш мумкин. Аксинча, жиноий хатти-ҳаракатлар маълум бир миллий, этник ёки диний гуруҳни қириб ташлаш нияти билан амалга оширилмаган бўлса, бундай ҳаракатлар геноцид деб таърифланмайди. Масалан, Иккинчи Жаҳон уруши ниҳоясига яқин Иттифоқчи кучлар, хусусан, Буюк Британия ва АҚШ ҳаво кучлари, Германиянинг Дрезден шаҳрини ёппасига бомбардимон қилганлар. 13 ва 15 феврал кунлари орасида амалга оширилаган 4та рэйд натижасида, тахминин 22 минг киши ўлдиридди, бутун бошли шаҳар вайронага айланди. Дрезден шаҳрининг бу усулда бомбардимон қилиниши халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид бўлганлиги кенг эътироф этилса-да, Иттифоқчи кучларнинг бу хатти-ҳаракати ҳеч қачон геноцид деб баҳоланмаган. Бунинг асосий сабаби шундаки, Иттифоқчи кучлар Дрезден бомбардимонини немисларни миллат сифатида қириб ташлаш ниятида қилмаганлар.
Бундан ташқари, қатлиомлар қайси ният билан амалга оширилганлигини белгилашда аниқ айбдор шахслар ҳақида маълумот ва далиллар бўлиши керак. Чунки жиноий ниятни бутун давлатга эмас, балки алоҳида шахслар билан боғлаш талаб этилади. Арманлар қатлиомини геноцид деб таърифлашга хайрихоҳлик билдираётганлар шу кунгача қатлиомларни аниқ ким амалга оширганлиги ва умуман қатлиом устида ким тургани ҳақида ҳеч нарса айтмаганлар. Улар умумий қилиб Усмонийлар сулоласи амалга оширган дейди. Аммо бунинг ўзи кифоя эмас. Аниқ шахс ёки шахслар гумон қилинмаслигининг асосий сабаби тарихий фактларнинг етарли бўлмаганлигида бўлиши мумкин. Бундай вазиятда эса қатлиомларни қайси ният билан амалга оширилганлигини белгилаш мумкин эмас ва натижада жиноятларни геноцид деб таърифлаш ҳам нотўғри бўлади.
Хулоса
Юқорида айтиб ўтилганлардан кўриниб турибдики, Усмонийлар салтанати даврида арманлар қирғинига нисбатан геноцид атамасини ишлатиш халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан деярли мумкин эмас. Шунинг учун алоҳида давлат парламентлари тарихий воқеаларга ҳуқуқий баҳо беришлари ҳуқуқий жиҳатдан нотўғри ва тарихий воқеаларнинг сиёсийлаштирилишига сабаб бўлади. Алоҳида давлат органларининг Франция геноцид қонун лойиҳаси каби ташаббуслари жиддий этник муаммоларни ҳам келтириб чиқаради: Нега арманлар қатлиоми геноцид бўла туриб, шу кунгача дунёнинг турли бурчакларида этник ёки диний гуруҳларга қарши содир этилган кенг қўламдаги қатлиомлар геноцид деб тан олиниши ёки олинмаслиги ҳақида қонунлар қабул қилинмаган?
Мақола илк бора Ватандош газетасида чоп этилган.